Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Комил Арипов: «Аслида Самарқандда «саммитлар саммити» бўлиб ўтади»

Комил Арипов: «Аслида Самарқандда «саммитлар саммити» бўлиб ўтади»

Бугунги кунда дунё мамлакатларининг эътибори Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитига қаратилган. Ҳатто, бу учрашув Украина мавзусини бирмунча вақт чеккага суриб қўйди. Ўзи бу саммитдан нима кутса бўлади? Унда муҳокама қилиниши мумкин бўлган мавзулар нима? Xabar.uz мухбири шу саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим мудири Комил Арипов билан суҳбатлашди.

Айрим хориж матбуоти бу ташкилотни Ғарбга қарши яратилган, деб талқин қилмоқда. Бу ҳақиқатан ҳам ростми?

– Бундай эмас, ШҲТ ўзаро ҳамкорликка очиқ ташкилот бўлган ва шундай бўлиб қолади. Ташкилотга 8 та давлат аъзо, 4 та давлат кузатувчи мақомига эга, 9 таси мулоқот бўйича ҳамкор, унинг фаолиятида иштирок этиш учун бир қатор янги аризалар кўриб чиқилмоқда.

ШҲТ «Шанхай руҳи»га мувофиқ кенг кўламли мулоқот олиб боради, шунингдек, турли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади. ШҲТ 2004 йилда БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомини олган.

ШҲТнинг низомга кўра, унинг асосий мақсади аъзо давлатларнинг ҳар томонлама ривожланиши ва конструктив ҳамкорлигига кўмаклашиш, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни биргаликда таъминлаш ва қўллаб-қувватлашдан иборат.

Худди шу ҳужжатларга кўра, ШҲТга аъзо давлатлар ушбу фаолиятни амалга оширишда тенг ҳуқуқлилик, аъзо давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатлар ва минтақаларга қарши йўналтирмаслик тамойилларига амал қилади.

ШҲТ энг муҳим халқаро ва минтақавий муаммоларни блок сиёсати, мафкуралаштириш ва қарама-қарши фикрлаш орқали ҳал қилишга қарши.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Минг яқинда берган интервьюсида бу ҳақда гапирди:

«Биз ҳар доим «Шанхай руҳи» ва ШҲТ Низомининг асосий мақсадларига қатъий амал қилишимиз, блокларга қўшилмаслик, ҳеч қандай учинчи томонларга қарши ҳаракат қилмаслик каби асосий тамойилларга қатъий амал қилишимиз керак. Ташкилотнинг ҳамжиҳатлигини мустаҳкам сақлаш ва ҳамкорликни ривожлантиришга интилиш зарур».

Ўзбекистон расмийлари бу ташкилотни қўллаб-қувватлаб, уни универсал деб айтишди. Ушбу ташкилотнинг универсаллиги нимада?

– ШҲТнинг асосий вазифалари сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий соҳаларда, шунингдек, таълим, энергетика, транспорт, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа соҳаларда кўп тармоқли ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат ва минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш. Бу ҳал қилиниши керак бўлган вазифаларнинг кўп тармоқли хусусияти, бу ташкилотнинг универсаллигини кўрсатади.

Аммо ШҲТнинг асосий жозибадорлиги иқтисодий, ҳарбий ривожланиш даражасидан ёки эришилган халқаро обрў-эътиборидан қатъи назар, унинг аъзоларининг тенг ҳуқуқлилигидир. Юқорида айтганимдек, ШҲТ Низомида ташкилот қарорлари консенсус асосида қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Саммит давомида музокаралар столида қандай масалалар келтирилиши мумкин?

– 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТнинг Самарқанд саммитида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари сўнгги 3 йилда илк бор юзма-юз форматда йиғилишади. Олий даражадаги учрашувда икки томонлама, глобал ва минтақавий характердаги тўпланиб қолган муаммолар ҳар томонлама муҳокама қилинади. Бунинг учун кенгайтирилган ва тор доирадаги саммит, ШҲТга аъзо давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарларининг икки ва уч томонлама, жумладан, Россия, Хитой, Туркия, Беларус, Ҳиндистон президентлари иштирокида учрашувлари ўтказилиши режалаштирилган. Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Қатар, Миср давлатларининг юқори мартабали вакиллари ҳамда МДҲ ва қатор минтақавий ташкилотлар Бош котиблари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари. Кўлами ва формати шу қадар мисли кўрилмаганки, аслида Самарқандда «саммитлар саммити» бўлиб ўтади.

Саммитда Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги якунлари сарҳисоб қилинади. Коронавирус пандемияси билан боғлиқ алоҳида шароитлар ва дунёнинг яқин минтақаларидаги мураккаб вазиятга қарамай, Ўзбекистон раислиги даврида барча муҳим йўналишлар – сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда.

Ўзбекистон анъанавий тарзда ШҲТнинг иқтисодий таркибий қисмига эътиборни кучайтириб, ички савдо, транспорт ва инфратузилма соҳасидаги ҳамкорлик, саноат инновациялари ва кооперацияни ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди. 

80 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди. Улар нафақат Тошкентда, балки республикамиз вилоятларида ҳам ) бўлиб ўтди.. Шу тариқа, Нукус, Бухоро ва Фарғонада ШҲТ Миллий координаторлари кенгашининг йиғилишлари ташкил этилди. Хивада транспорт вазирлари йиғилиши (2022 йил, 12 май), Бухорода камбағалликка бағишланган конференция (2022 йил 26-27 май) бўлиб ўтди.

Ўзбекистон томонидан ташкил этилаётган кўплаб учрашув ва музокаралар нафақат ШҲТ доирасида шаклланган ҳамкорлик йўналишларини, балки унинг фаолияти доирасида янги талаб йўналишларини ҳам қамраб олади. 2021 йил ноябрь ойида ташкилот доирасида Ўзбекистон раислигида илк бор ахборот-коммуникация технологиялари, шунингдек, қашшоқликни қисқартириш масалаларига бағишланган вазирлар даражасидаги йиғилишлар ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ Давлат дипломатияси форуми (11-12 май), Туризм форуми (20 май), Анъанавий тиббиёт форуми (7 июнь), ёш истеъдодлар ўртасида стартап лойиҳалар танлови каби тадбирлар ўтказилди.

Ўзбекистон бир йил ичида ШҲТнинг 37 та ҳужжатини уйғунлаштириш жараёнини бошлаш, мувофиқлаштириш ва якунлашга муваффақ бўлди. Бу ҳам ушбу ташкилот тарихидаги ўзига хос кўрсаткичдир. Қолаверса, ушбу ҳужжатларнинг 30 таси Ўзбекистон ташаббуси билан, аксарият ҳолларда шахсан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, улар консептуал, стратегик муҳим ва амалий характерга эга.

Шавкат Мирзиёев Самарқанд саммитида иқтисодий йўналишда, шунингдек, ташкилот салоҳиятини оширишга қаратилган қатор янги ташаббус ва таклифлар билан чиқиши кутилмоқда.

Шундай қилиб, Самарқанд саммитида Эрон томонидан ШҲТга аъзолик мақомини олиш имкониятини берувчи мажбуриятлар тўғрисидаги меморандум имзоланиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Миср, Қатар ва Саудия Арабистони билан мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш бўйича меморандумлар имзоланади.

Баҳрайн ва Малдив оролларининг ҳамкор мақомини олиш учун аризалари маъқулланиши кутилмоқда.

Саммит доирасида бир қатор муҳим қарорлар имзоланиши режалаштирилган. ШҲТнинг ҳамкорликни янги босқичга кўтариш билан кўп қиррали ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган 30 та мувофиқлаштирилган ҳужжат аллақачон тайёрланди.

Саммитнинг асосий якуний ҳужжати Самарқанд декларацияси бўлиб, унда ШҲТ давлатларининг минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал қилишда ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб олиш бўйича умумий ёндашувлари акс эттирилади.

Саммитда Толибон ҳам иштирок этадими?

– Саммитда Толибон ҳаракати вакилларининг иштироки таъминланмаган. Афғонистон ШҲТда кузатувчи давлат бўлсада, Афғонистон Ислом Амирлиги ҳукумати ва давлатнинг ўзи халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган. Шу сабабли, ташкилотнинг айрим аъзолари Толибон ҳукуматининг ШҲТ йиғилишида иштирок этишини кулаб кувватламади.

Сардор Али суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг