Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мария Строеванинг «Муваффақият кимёси»

Мария Строеванинг «Муваффақият кимёси»

Афсонага кўра, Дмитрий Менделеев кимёвий элементлар жадвалини тушида кўрган экан. Бу омадми ёки тасодиф? Аксинча: бу муваффақият замирида буюк олимнинг узоқ давом этган машаққатли меҳнати туради. Мундоқ олиб қарасангиз, бизнинг ҳаёт йўлларимиз ҳам тасодифий эмас. Баъзида одам бошқа ишни орзу қилмайдиганга ўхшайди, лекин уни топганида, у ҳақиқий драйвни айнан шу жойда бошдан кечириши мумкинлигини англаб етади. Бу Beeline Uzbekistan брендини ривожлантириш ва маркетинг коммуникациялари хизматининг раҳбари Мария Строеванинг йўли. У компанияга ўзи учун кутилмаганда келган, дейиш мумкин. Лекин у мутлақо ўз ўрнини топгани аниқ. Компаниянинг 15 йиллиги муносабати билан у энг яхши ходимлардан бири сифатида олтин нишонга сазовор бўлди. Демак, воқеаларнинг барчаси шунчаки тасодиф бўлмаган.

Тақдир сайти
Кўп ҳолларда, масалан, дўконга бориш бутун ҳаётингизни ўзгартирадими? Ундай бўлмаса керак. Аммо Мария Строевада шунга ўхшаш нарса бўлган. Бутун воқеа у ўз уйидаги интернет-провайдерини ўзгартиришига қарор қилганидан бошланган. Мария маълумот олиш учун шунчаки beeline.uz сайтига кирган ва тасодифан бўш иш ўринлари эълонига эътибор қаратган. Ўша пайтда у бренд менежер бўлиб ишлаётган ва ишини ўзгартиришни режалаштирмаган ҳам эди, лекин шунчаки қизиқиш уйғонди: Beeline’да кимларни қидиришмоқда экан?

Биринчилардан бўлиб рўйхатда маркетинг коммуникациялари гуруҳининг раҳбари лавозимига ваканция турар эди. Қизиқувчанлик туфайли Мария шаблон анкетасини тўлдирди. Ўша куниёқ телефон жиринглаб, уни суҳбатга таклиф қилишгани эса роса ҳайратлантирган!

Мария ўша интервьюни ҳеч қачон унутмайди: у нафақат тўрт соат давом этди, балки маҳаллий раҳбарлардан ташқари халқаро компаниянинг топ-менежерлари ҳам видео ҳавола орқали қўшилди! Мария Beeline Uzbekistan офисидан кечки соат тўққизда чиқиб кетаркан, уни унчалик юқори бўлмасада, ҳар ҳолда раҳбарлик лавозимига таклиф қилишларига ишончи комил эмасди. Бироқ, унинг номзоди компанияга тўлиқ мос келди. Ишга қабул қилиш ҳақидаги қарор эртаси куни чиқди. «Ўшанда мен маош ҳақида, ҳар бир ходим компаниямизга ишга келганида оладиган баъзи имтиёзлар ҳақида ўйламаган ҳам эдим. Фикрларим фақат бир нарсада эди: улар мени чақиришди, демак мен кўп нарсага қодирман!» – дея Мария Строева ўша ондаги ҳис-туйғуларини эслайди.

Айтганча, Мариянинг биринчи иш куни ҳам ғайриоддий тарзда ўтди — тўғрироғи, бу биринчи иш оқшоми бўлган. Олдинги жамоадан ишларни қабул қилиш учун у офисга соат 18:00 дан кейин келар эди — кун давомида эса эски жойда «ишларни тугатиши» керак эди. 2011 йилнинг 22 сентябр куни Мария расман Beeline Uzbekistan ходимига айланди.

Вақт ўзича ўтганда

Мария Строева Beeline’да гуруҳ раҳбари лавозимида иш бошлади. Аммо жамоага эндигина келиб қўшилган ва ўша пайтда жиддий бошқарув тажрибасига эга бўлмаган одам учун бу нимани англатади? Авваломбор барча жараёнларга ўзи киришиши, ўз хатти-ҳаракатлари туфайли муҳим лойиҳаларни секинлаштирмаслиги учун қандай ишлашни ўрганиши керак эди. Бу «глобал тартибсиз» иш куни даври эди, чунки доим офисда кечгача қолиб кетишга тўғри келган. Аммо қатъият ва албатта, ҳамкасбларнинг ёрдами ўз ишини қилди.

Илк муваффақиятлардан бири — Мария бошчилигидаги бўлинма мақомини ошириш эди: гуруҳдан маркетинг коммуникациялари алоҳида йўналишга айланди, унинг ходимлари кўпайди. «Бу мен учун ҳам қийин бўлди. Одамлар билан шахсий мулоқотнинг муайян тамойилларини ишлаб чиқиш керак эди. Шу билан бирга, биз кампания ортидан кампания бошлардик, уларнинг сони йилига ўттиздан ортиқ эди, улардан тўрт-бештаси йириклари эди. Баъзан биз ҳатто вақт туйғусини ҳам йўқотиб қўяр эдик - биз тақвимга эмас, балки лойиҳа жорий этилишигача қолган кунлар сонига эътибор қаратар эдик. Беш кундан сўнг эфирга нима чиқишини аниқ билардик, лекин бугун ҳафтанинг қайси куни... Лекин бу юкнинг кўплигидан эмас, балки бизнинг иштиёқимиз туфайли, булар бутунлай бошқа нарсалар. Шунинг учун, чарчоқ эмас, балки иш завқи бор бўлган — ҳар куни!» — дейди Мария.

Ҳар бир лойиҳа орқали маркетинг коммуникацияларининг жамоаси профессионал ва албатта, мартаба чўққиларига кўтарилган қадам бўлди. Шундай қилиб, йўналишимиз компания ичида алоҳида Хизматга айланди. Бунинг сабаби шундаки, жамоанинг ривожланиш, янги ва ғайриоддий нарса қилиш истаги йиллар давомида заифлашмаган.

Севимли «болаларим»

Янги тарифлар, қўшимча хизматлар, абонентлар учун акциялар... «Beeline Uzbekistan» маркетинг жамоаси бозорга қанча маҳсулот чиқарганини ҳисоблаш қийин. Ва ҳар бир лойиҳа ўзига хос акция билан бирга бўлди. Энг яхши ёки энг ёрқин лойиҳани ажратиб кўрсатса бўладими? Мария буни принципиал жиҳатдан рад этади: «Бу болаларнинг қайси бири энг севимли эканлигини айтишга ўхшайди. Барчаси севимли! Ҳар сафар ишингизга 100% ўзингизни бағишлайсиз.»

Бундай фикр субъектив бўлиб туюлиши мумкин, аммо маркетинг иш фаолиятини баҳолашнинг аниқ тизимига эга. Ҳар бир лойиҳа аналитик тадқиқотлар билан бирга олиб борилади, ҳамма нарса ўлчанади: мижозларнинг маҳсулот ҳақидаги тасаввурлари, уларнинг ижодкорлик ҳақидаги тушунчаси, медиа-кампанияларнинг самарадорлиги, бошланган реклама акцияларининг даромадга таъсири. Шундай қилиб, Мария Строевага олтин мукофот жуда объектив мезонлар бўйича топширилди.


«Албатта, даромад ва янги абонентлар сони бўйича мақсадларга эришишга таъсир қилувчи «фойдали» тадбирлар бўлган, мавжуд ва бўлади. Шунингдек, бизнинг брендимизни мустаҳкамлаш ва ижобий ҳиссий муҳит яратиш учун мижозларга мўлжалланган имидж кампаниялари мавжуд. Барча лойиҳалар ўз вазифаларига эга. Beeline Uzbekistan вақти-вақти билан акциялар ўтказиб туради, уларда биз пул мукофотлари, автомобиллар, Smart-Home тизимига эга квартиралар ўйинларини ўтказганмиз. «Юлдузлар фабрикаси», рақс лойиҳалари бўлган, яқинда эса Beeline электромобил совринли лотереясини ўтказди. Нима қадрли эканлигини биласизми: бутун маркетинг жамоаси ғоя устида ишласа, ҳисоб-китоблар, ишга тушириш ва кейин абонентга совринни топшириш жараёнида биз ҳам ғолиб каби хурсанд бўламиз», — дейди Мария.

Фан ва санъат

Албатта, ҳаёт фақат ғалаба ва қувончлардан иборат эмас. Мария ҳам қийин босқични бошдан кечирган: унинг энг яқин инсонининг касаллиги олти йил давом этган, том маънода ҳар куни унинг саломатлиги учун курашда ўтган. Ҳар қандай вазиятда кўмакка шай жамоа қийинчиликларни енгиш учун ёрдам берган. «Мен ҳамкасбларим ва раҳбарларимдан чексиз миннатдорман. Мен уларнинг бирортасини ҳам номини алоҳида таъкидламайман, чунки бу қолганларга нисбатан нотўғри бўларди. Лекин ҳозир ким ҳақида гапираётганимни одамларнинг ўзлари тушунади. Сизларга ташаккур, азизларим! Умуман олганда, Beeline’нинг кучли томони шундаки, бизнинг компаниямиз кучли жамоаларни яратишга қодир, бу ерда бошлиқлар ва бўйсунувчилар йўқ – умумий мақсадларга эга ҳамкасблар бор. Ва уларнинг ўз ишларига бўлган умумий муҳаббатидир. Ва сиз ўзингиз ёқтирган нарсани бажарасиз, бу — «муваффақият кимёси», — дейди Мария Строева.


Агар биз кимё билан фаолиятимизни таққослашни давом эттирадиган бўлсак – унинг «таркибида» яна қандай ингредиентлар бор? Биз юқорида кучли, дўстона ва иқтидорли жамоа ҳақида гаплашдик; ҳар қандай лойиҳага кўнгил қўйиш керак; жуда «жонлантирувчи» таркибий қисм — бу йирик лойиҳаларнинг кўлами, чунки маркетингнинг ишини бутун мамлакат кўради ва баҳо беради. Бироқ Мариянинг ўзи бу жараённи баъзан илмий изланишлар билан эмас, балки санъат билан қиёслайди: «Бу худди расм чизиш, уни галереяга қўйиш ва унинг атрофида тўпланган одамларни кузатишга ўхшайди – улар ишингизни текширишади, муҳокама қилишади. Ва ҳар бирида бу расм ўз аксини топади. Шундай қилиб, мен бизнес ва ижодкорликнинг симбиозидан илҳомланаман!»

Қандай қилиб бахтли бўлиш мумкин

Маркетинг коммуникацияларида камдан-кам дам олиш кунлари иш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилмасдан, бизнес почтасига электрон хатлар ёки ZOOM учрашувларисиз ўтади. Аммо Мария учун бу таниш ритм. Унинг сўзларига кўра, фақат бошқа турдаги ишлар чалғишга ёрдам беради. Агар у барибир «миясини дам олдирмоқчи» бўлса, баъзи ҳийлаларни ишлатади — табиатдаги, тоғлардаги «куч-қувват масканлари»га ташриф буюради. Ёки қизалоғи Саша билан мулоқот қилиб, «ўсмирлик тўлқинига ўтиши» мумкин. «У менинг энг муҳим ёш дугонам. Унинг севимли машғулотлари, қизиқишлари, суҳбатлари баъзи нарсаларга муносабатимни ўзгартиради. Яна, мен ўзим учун энг яхши эркакнинг севимли аёлиман. Биз бирга бахтлимиз!» — дейди Мария.

...Ўн йил муқаддам компания ходимлари ўзга юртга кўчиб кетаётган бир ходимни кузатишганди. Ҳамкасбларига бирга ўтказган йиллар учун чин дилдан миннатдорчилик билдирганидан сўнг, у табассум билан шуни қўшиб қўйган: «Beeline’да ишгандан кейин бемалол йўлбарсларни дрессировка қилиш мумкин!»

Beeline Uzbekistan’га эндигина ишга келган Мария Строева бу сўзларни абадий эслаб қолган. Энди, шахсий тажрибасига асосланиб асл маъносини тушунтириши ҳам мумкин: «Биз бозорда биринчилардан бўлиб кўп нарсаларни амалга оширамиз. Бу катта жасорат, баъзан эса таваккал қилиш қобилиятини талаб қилади, гарчи бу хавф ортида ҳар доим аниқ ҳисоб-китоблар турса ҳам. Бир сўз билан айтганда, сиз шундай ишлайсизки, бундан кейин йўлбарснинг қафасига кириш ҳам сиз учун қўрқинчли бўлмайди. Бу кучни ўзимда ҳис қила олганимдан хурсандман. Албатта, бу сизни уйда ўраб турган сокин оилавий бахт эмас, лекин у ҳам – ҳақиқийдир. Ёш ҳамкасбларимга маслаҳатим: ҳаракат қилинг, жасорат қилинг, ўзгаришлардан ва инновацион ечимлардан қўрқманг - шунда сизнинг юмушингиз албатта севимли ишга айланади!»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг