Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мулоқот одоби қаерда қолди?

Мулоқот одоби қаерда қолди?

Фото: «Xabar.uz»

Инсон ҳаётини мулоқотсиз тасаввур этиш қийин. Ўзаро ришталар, қариндошларнинг самимиятга тўла мулоқотлари ўз йўлига. Аммо кўпчилик давлат ташкилотларида расмий шахслар билан қандай муомала қилиш, мулоқот одоби тўғрисида етарлича тасаввурга эга эмас.

Аслида, расмий мулоқот аксарият одамларнинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Чунки исталган фуқаронинг расмий идораларга иши тушади. Хўш, расмий мулоқот кўникмасини эгаллаш учун нималарга эътибор қаратиш лозим?

Расмий мулоқот ҳамиша ҳамкорлик, бир-бирини тушуниш, суҳбатдошлари манфаатини ҳисобга олишни талаб этади. Расмий мулоқотнинг энг асосий хусусияти мунтазам равишда регламентга амал қилиш билан боғлиқ.

Расмий мулоқотнинг ёзилган ва ёзилмаган қоидалари мавжуд. Бу қоидалар мажмуи расмий этика дейилади. Расмий этика таркибига саломлашиш, ўзини ва ҳамроҳини таништириш, тақдимот жараёнида ўзини қандай тутиш, белгиланган вақтда маърузани тамомлаш, ташриф қоғозидан фойдаланиш, расмий ёзишмалар, иш юзасидан эсдалик совғаларини қандай бериш ва қабул қилиш қоидалари кабилар киради.

Расмий этикада инсоннинг ташқи кўриниши, кийиниши, суҳбатлашиш услуби, ҳиссиётларини бошқариш қобилиятига алоҳида эътибор берилади. Масалан, расмий учрашувга спорт кийимида келиш мулоқотга юзаки ёндашганликни билдирса, ўзидан ёш ва мақоми жиҳатидан катта одам олдида баралла кулиш, баланд ёки эшитилмайдиган даражада паст овозда гапириш беписандлик сифатида баҳоланади.

Расмий этика қоидаларини яхши билувчи киши ноқулай вазиятга тушмайди, гап-сўзга қолмайди.

Расмий мулоқотда ўйланмаган ёки баҳсталаб фикрлар ишлатилиши, жаргон, арго, шевага оид сўзлар, профессионализмлар қўлланишига йўл қўйилмайди. Мулоқот доирасида қўлланаётган тилга оид билимларга эгалик ҳам расмий этика талабларидандир.

Расмий этика, шунингдек, муайян мулоқот жараёнида белгиланган нутқий қолиплардан фойдаланишни талаб этади. Танишув жараёнида қуйидагича ифодаларни ишлатиш мақсадга мувофиқдир:

- Рухсатингиз билан ўзимни таништирсам...

- Марҳамат, танишинг, бу киши...

- Жуда яхши/маъқул.

- Танишганимдан хурсандман/бахтиёрман.

- Юзингиз жуда таниш, менимча, аввал ҳам учрашганмиз.

Бу каби жумлаларни яна давом эттириш мумкин, аммо доим сўзингиз орқали ифодалаётган маъно мўътадил бўлишини назорат қилинг. Шунингдек, мазкур ифодаларни қўллашда юз ифодаси, овоз оҳанги, суҳбатдошнинг ижтимоий мақомини ҳисобга олиш шарт.

Саломлашишнинг тактил тури миллий анъаналарга кўра фарқланади. Расмий мулоқот қоидаларига биноан AҚШда суҳбатдошлар ўзини таништириши ва қўлни қаттиқ сиқишлари лозим. Буюк Британияда эса қўлни енгил сиқиш керак; шундан сўнг бироз узоқлашиш зарур. Бразилияда қаттиқ ва давомли қўл сиқиш кўз қараши билан бирга кечади. Хитойда кўп нарса суҳбатдошларнинг ёшига боғлиқ. Ёши катта инсон билан биринчи саломлашиш керак: енгил қўл сиқиш ва енгил таъзим, кўзга қарамаслик шарт. Туркияда қўлни қаттиқ сиқиш қўполлик сифатида қабул қилинади, шунинг учун у енгил ва давомий бўлиши лозим. Тайландда эса қўл бериб кўришилмайди. Сизга қўлларини кўксига қўйиб, таъзим билан салом беришади.

Расмий этикада айрим миллатларга хос нутқий талаблар ҳам мавжуд. Ўзбекона нутқ одобига кўра, ўлим ёки касаллик билан боғлиқ сўзларни тўғридан-тўғри ишлатиш мумкин эмас. Шу каби мисоллар бошқа миллатларда ҳам учрайди. Всеволод Овчинниковнинг «Сакура новдаси» китобида япон маданияти ҳақида қуйидаги сатрларни ўқиймиз:

«Суҳбат жараёнида одамлар «йўқ», «қилолмайман», «билмайман» каби сўзларни ишлатишдан қочади, чунки бу ифодалар ҳақоратга қиёсланади. Уларнинг мазмунини бериш учун ишора, шаъмали сўзлардан фойдаланишади. Ҳатто иккинчи пиёладаги чойни рад этиш учун ишлатиладиган «йўқ, раҳмат» жумласи ўрнига «шуниси ҳам жуда ёқимли бўлди» маъносидаги ифодани қўллашади.

Aгар токиолик танишингиз сизга «Таклифингизга жавоб беришдан аввал рафиқам билан маслаҳатлашишим лозим» деган жавобни берса, уни аёллар тенгҳуқуқлилиги тарафдори деб ўйламанг. Бу бор-йўғи «йўқ» деган кескин жавобдан қочиш усули холос.

Мисол учун, сиз япониялик ҳамкорингизга қўнғироқ қилдингиз ва у билан соат олтида, пресс-клубда учрашмоқчилигингизни айтдингиз. У «Aаа, олтида? Aаа, пресс-клубда?» дея тушуниксиз товушда жавоб қайтаришга ўтдими, «Aгар сизга ноқулай бўлса, бошқа вақт ва жойда суҳбатлашишимиз мумкин...» дея уни ноқулай вазиятдан қутқаринг».

Расмий мулоқот шаклларининг муайян вақтда тугалланиши регламентга амал қилиш ҳисобланади ва у расмий этиканинг яна бир муҳим талабларидандир. Чунки ишбилармон ва тарбияли кишилар ўзининг ҳам, бировнинг ҳам вақтини беҳуда сарфлаш нотўғри иш эканлигини яхши билишади, куннинг ҳар соати, дақиқасини аввалдан режалаштиришади.

Дилдора Раҳмонова,
Тошкент давлат юридик университети
Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг