Навоий шаҳрида Давлат хизматлари маркази очилди

Анъанага кўра, ҳар бир янги очиладиган Давлат хизматлари марказида аввалгилардан фарқлаши керак бўлган янгилик жорий этилади. Фаолиятини бошлаган Навоий шаҳар Давлат хизматлари маркази ҳам мазкур анъанани давом эттирди.
Бу ерда вақтинчалик рўйхатдан ўтиш, тадбиркорларга бож тўловларини амалга ошириш, фуқаролик биометрик паспортини бериш, эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш ва бошқа давлат хизматлари кўрсатилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Агар кутилмаганда мобил телефон ёки планшетингиз заряди тугаб қолса, уни тўлдириш имкони ҳам яратилди. Янги Давлат хизматлари маркази гаджетларни зарядлаш учун махсус станциялар билан жиҳозланган.

Давлат хизматлари агентлигининг ташкил этилиши биланоқ унинг таркибига кирувчи Марказларда фуқароларга хизмат кўрсатиш стандартларига юқори талаблар белгиланган. Шу боис, мазкур Марказлар қисқа фурсатда ўзларини бир том остида энг керакли давлат хизматларини қулай ва ортиқча вақт ва пул сарфламасдан олиш мумкин бўлган уникал майдонча сифатида танитди. Навоий шаҳар ДХМ мазкур тамойилнинг яққол мисолидир.
Марказ ўзининг ноанъанавий архитектура ечими билан ҳайратда қолдирадиган 15 минг метр квадрат майдонли 4 қаватли янги бинода жойлашган. Ягона оқ-феруза услубидаги дизайн барча янги Марказларнинг ўзига хос белгисига айланяпти. Бундан ташқари, қурувчи ва архитекторлар халқ кирадиган жой кўркам, барча қулайликларга эга бўлиши лозимлигини инобатга олишган. Шу боис интерьер ечими ҳам хизмат олувчиларга яхши кайфият бағишлайди.

Зал бўйлаб ўрнатилган белгилар давлат хизматини олишингиз учун қадамма-қадам йўналтиради. Электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Талонни олиб кутиш залидаги шинам ўриндиқларга жойлашишингиз мумкин. Мониторлар орқали эса навбатингиз келгани ҳақида хабардор қилиб, қайси қабул ойнасига ўтиш кераклиги кўрсатилади.
Янада қулайлик яратиш мақсадида бу ерда болалар ўйингоҳи, давлат божини тўлаш учун махсус касса ва бошқалар ишлаб турипти. Ташриф буюрувчилар бепул WiFi дан фойдаланиш имконига эга.
Имкониятлари чекланган шахслар учун тегишли аравача ва пандус ўрнатилган. Умуман олганда, ҳар бир фуқарога — алоҳида эътибор, жамиятнинг барча қатламлари манфаатлари ҳисобга олинган.
Бу ерда 60 қабул ойналари орқали юздан ортиқ энг оммабоп давлат хизматларини олиш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter