Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўгай болаларини қийноққа солган аёлнинг пушаймони

Ўгай болаларини қийноққа солган аёлнинг пушаймони

Бухорода ўгай болаларини уриб, уларни қийноққа солган ва  уларнинг танасини қайнаган сув билан куйдиргани учун  5 йил муддатга озодлиги чекланган аёл: «Қилмишимдан пушаймонман. Эримнинг амакимнинг қизи билан ишқий муносабатда бўлиб юрганини эшитганимдан сўнг алам, изтироб мени шу кўйга солиб қўйганди...»

2022 йилнинг июнь ойида Жиноят ишлари бўйича Пешкў туман суди ҳукми билан ўгай болаларини уриб, қийноққа солган ва уларнинг танасини қайнаган сув билан куйдирган, вояга етмаган болаларнинг оғзига пешоб қилган, рўмолларни бир-бирига боғлаб, уларнинг қўлини эшик ва деразага тортиб, эрталабгача ушлаб турган аёлга нисбатан  5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилган.

«Xabar.uz» мухбири орадан вақт ўтиб, ўгай болаларга шафқатсизларча муносабатда бўлиб, жазо муддатини ўтаётган аёлнинг бугунги яшаш тарзи ва муддатни қандай ўтаётгани билан қизиқди.

Мухбир билан суҳбатда аёл қилмишидан пушаймонлигини, аммо, унинг бундай жиноятга  қўл уришга мажбур қилган омиллар борлигини келтиришга уринган.

«Менга нисбатан қўлланилган жазонинг 2,5 йилини ўтадим. Ўзим 1989 йилда Пешкў тумани, «Дўстлик» маҳалласида туғилганман. 2020 йилда биринчи турмуш ўртоғим билан ажрашиб, ота-онамнинг уйига қайтдим.  Турмуш ўртоғим Ш.С. ўртамизда туғилган қиз фарзандимизни менга бермади.  Уринишларим зое кетди. Июль ойида эса қўшни маҳалла – «Хуррам» маҳалласи Калласанг қишлоғи фуқароси - уч хотинидан ажралиб, уч нафар вояга етмаган фарзанди билан ёлғиз яшаб келаётган 44 ёшли Р.Я.га қонуний никоҳда турмушга чиқдим. Орадан бир неча ой ўтар-ўтмас, орамизда келишмовчиликлар, ўзаро жанжаллар юзага кела бошлади. Мен иккинчи турмушимдан ҳам ажралиб қолишдан қўрқиб, чидашга мажбур эдим. Кейин бу ташвишимни ўз амакимнинг қизи Л.Р.га билдирдим. Л.Р. эса менинг эрим билан «гаплашиб» қўйишини айтиб, унинг телефон рақамини олди. Л.Р. ҳам турмушидан ажралган эди. Кейинчалик  билсам, улар ишқий муносабатда бўлиб келишаётган экан... Шундан сўнг эрим Р.Я.нинг болаларига муносабатим ўзгарди. Алам, изтироб, хиёнатга чидай олмасликми бу билмадим, хато йўлда турганимни билиб турсам-да, болаларга ўта қаттиққўллик қила бошладим. Зардали бўлиб қолдим...»,- деди З.Р.

Ўгай болаларни қийноққа солиб келган она

Суд ҳужжатларига кўра, З.Р. турмуш ўртоғи Р.Я.дан ҳомиладор бўлгач, унинг вояга етмаган уч нафар фарзанди - тумандаги 13-умумий ўрта таълим мактабининг 5-синф ўқувчиси В.Р., 4-синф ўқувчиси Ж.Р. ҳамда 1-синф ўқувчиси Ш.Р.ларга нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиб келган. Қиз фарзанди Ш.Р.ни мунтазам равишда уриб келган. Танасининг турли қисмларига қайнаган сув қуйиб, куйдириш орқали қийнаган. Унинг оёқ, қўл ва баданларига қайноқ сув тўкиб, пайпоқ кийиб юришга мажбурлаган ва бу ҳақда бирор кишига билдирса, уни ўлдириш билан таҳдид қилган.

Вояга етмаган қиз қўрққанидан жисмоний ва руҳий руҳий азоб чекаётгани ҳақида ҳеч кимга айтмаган.

Кунларнинг бирида Ш.Р. укасининг кийимларини ердан олиб турган вақтда аёл унинг сочидан судраб урган ва итариб юборган. Қизалоқнинг кўзи шилиниб, кўкариб кетган. Бундан ташқари, кенжа укасига уйдаги ширинликлардан олиб бергани учун қаттиқ дўппослаган. Кенжа фарзанд ошхонадаги хамирни олиб, ғижимлагани учун уни ҳам ерда ётган резина шланг билан урган. Акаси «Укамни урманг» деб зорланиб йиғлаганда, унга қўшиб акасини ҳам урган. Шу куни кечқурун уч нафар вояга етмаган болаларнинг қўлини эшик ва деразага боғлаб, эрталабгача шу ҳолда қолдирган.

«Тўғри, эримнинг болаларини урганман, сўкканман, тартибга чақирганман. Аммо, бу қадар шафқатсизликка бормаганман. Р.Я.нинг яқин қариндошларининг судда менга қўйган айбловларини рад этганман ва судда ҳам шундай кўрсатув берганман. Ўшанда икки ўғил ўзаро шўхлик қилиб, ҳовли юзида ўйнаб юришганда, термосни суви тўкилиб, қўл-оёқларини куйдирганди. Мен эса малҳам сураётган пайтимда, унинг яқинлари келиб қолиб, мени шафқатсизликда айблашганди»,-деди З.Р.

Маълум бўлишича, З.Р.нинг турмуш ўртоғи Р.Я. бу пайтда Россия Федерациясига ишлаш учун кетган бўлган. Эрининг яқин қариндошлари эса ҳолат ҳақида Р.Я.га билдиришган. Шундан сўнг болалари тақдиридан хавотирга тушган Р.Я. муҳожирликдан қайтган. Ва хотинининг бу ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.

Қийноқларга чидаб келган болалар

«Ўгай онамнинг яна жазолашидан қўрқиб, дарсларга пайпоқ кийиб борардим. Куйган оёқларим териси пайпоғимга ёпишиб кетса-да, чидардим. Идиш-товоқларни юваётган пайтимда ошхона ёнидаги уйга олиб кириб, оғзимга пешоб қиларди. Шалваримни ечиб, орқамни ҳам ошхона асбоблари билан куйдирар, таёқ билан урарди. Ҳеч кимга  «чурқ» эта олмасдим. Чунки, ўлдириб қўйишидан қўрқардим»,-деган суд-тергов жараёнида Р.Я.нинг қизи Ш.Р. йиғлаб.

Судда сўроқ қилинган ва гувоҳ сифатида иштирок этган мактаб психологи вояга етмаган Ш.Р. билан суҳбатлашганида, ўгай онаси унинг қўл-оёғига қайноқ сув тўкиб куйдирганлигини  бировга билдирса, уни ўлдиришини айтиб қўрқитиб келганлигини, уйга киравериш эшиги олдидаги бетон зинага сочидан ушлаб урганлигини, ошхонадаги хамирни олиб, ғижимлагани учун ерда ётган резина сув шланги билан орқа томон бел қисмидан урганлигини, бундан ташқари, рўмолларни бир-бирига боғлаб, уларнинг қўлини эшик ва деразага тортиб, эрталабгача ушлаб турганини билдирганини айтган.

«Xabar.uz» мухбири жабрланган болаларнинг отаси Р.Я. билан суҳбатлашган.

«Мен фарзандларимнинг ўгай она томонидан шафқатсизларча эзилишганини ва қайси куч билан бундай жабрларга чидаб келишганини тасаввур қила олмайман. Тўғри, тақдир тақозоси экан, З.Р.гача уч нафар хотинга уйлангандим. Биринчи аёлимдан фарзандсизлик учун ажрашганман. Кўргуликни қарангки, иккинчи ва учинчи аёлим ёш вафот этишди. Улардан уч нафар фарзанд қолди. Вояга етмаган болаларим она меҳрига зор бўлмасин, уларни ювиб-тарасин, дея тўртинчи жувонга ҳам уйлангандим. Афсуски, мана шундай кўргуликларни фарзандларимнинг бошига солгани учун ажрашдик. Мен учун биринчи навбатда болаларим ва уларнинг келажаги. Хотин – кейинги ўринда»,-деди Р.Я.

Олтинчи хотин боласини қариндошига пуллаганми?

Маълум бўлишича, Р.Я. тўртинчи аёли З.Р. билан ажралгач, яна бир бошқа аёлга уйланган ва у аёл икки нафар фарзандини ўзи билан етаклаб келган бўлган. Р.Я. бу бешинчи аёли билан 4-5 ой яшагач, у билан ҳам ажрашган.

«Шундан сўнг Р.Я. аввалдан ишқий муносабати бўлган менинг амакимнинг қизи Л. Р.га ноқонуний уйланди. Л.Р. ҳам бир нафар ўғил фарзандини ўзи билан етаклаб келган. Иккинчи фарзандини эса Янгибозор туғруқхонасига дунёга келтирган ва чақалоқни узоқ йилдан буён фарзандсиз яшаб келаётган қариндошларидан бирига пуллаб юборган. Ҳозирча турмуш ўртоғим билан ноқонуний никоҳда бирга яшаб келишаяпти»,-деди З.Р.

 Р.Я. эса қонуний никоҳида бўлмаган ва айни пайтда бирга яшаб келаётган аёли Л.Р.нинг иккинчи фарзандини ҳақиқатан ҳам яқин қариндошларидан бирига расмий ҳужжатлар билан бериб юборгани ҳақида сўзлади.

Р/С: Фуқаро Л.Р. томонидан чақалоқнинг яқин қариндошга расмий ҳужжатлар орқали розилик билан берилгани ёхуд унинг сотиб юборилгани тўғрисидаги масалага ойдинлик киритишни ҳуқуқ-тартибот органларига ҳавола қиламиз.

Алимент тўлашни истамаётган ота

«Етим болаларимга ўгайлик қилган З.Р. мендан бир нафар ўғил фарзанд кўрди. Ўғлимни ўзи билан олиб кетди. Мен фарзандим учун алимент тўлаяпман. Ўз ўрнида З.Р. ҳам биринчи турмуш ўртоғига ташлаб келган қиз фарзанди учун алимент тўлаяпти. Унинг менинг етим болаларимга шафқатсиз муносабатда бўлиб келгани учун алимент тўлашни истамайман»,-дейди Р.Я.

Оила кодексида ҳар қандай ҳолатда ҳам ажрашган ота ёки она фарзанди вояга етгунга қадар алимент тўлашга мажбурлиги кўрсатилган.

5 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини олган З.Р. ота-онасининг уйига қайтгач, оилавий ўзаро келишмовчиликлар сабаб орадан кўп ўтмай, у ҳовлидан ҳам чиққан. Айни пайтда туман маркази - Янгибозор массида бир нафар ўғли билан ижарада туриб яшаб келмоқда.

«З.Р.нинг ўгай болаларига муносабатию, унга суд томонидан тўғри квалификацияланиб қўйилган айбловдан хабардорман. Бироқ, унинг юриш-туриши, ахлоқида салбий жиҳат кузатмадик. Аёл адашган ва турмуш йўлидаги чигалликлар, қарама-қаршиликлар ва бошқа турли ҳолатлар сабаблар билан ўз ақлига бўйсинмаган ҳолатда вояга етмаган болаларга нисбатан «ўгай»лигини кўрсатган. Чалкаш тақдирларнинг аччиқ зарбасини болалар тортишган. Қилмишлари жабрини тортаётган бўлса ҳам, ажабмас. Ҳолидан хабар олиб турибмиз. Панду маслаҳатлар бериляпти. Ички ишлар ходимларининг ҳам доимий назоратида»,-дейди Янгибозор МФЙ йиғини раиси.

Суд-тергов ҳаракатлари давомида З.Р. ўзининг шафқатсиз хатти-ҳаракатларини тўла тан олмаган ва қисман иқрорлик билдирган. Суд тиббий экспертиза илмий амалий маркази Ромитан филиали хулосасига кўра эса, З.Р.нинг шафқатсиз хатти-ҳаракатлари тўла тасдиқлаган.

«Суд томонидан судланувчининг айбига тўла иқрор бўлмаганини жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида келтирилган важлар, деб ҳисобланди. Судланувчи З.Р.нинг вояга етмаган болаларни муттасил равишда уриб, қийнаганликда ифодаланган  ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми ‘а’ (қийнаш) банди билан тўғри квалификация қилинди. Бироқ, Жиноят кодексининг 55-моддасига (жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар) асосан, унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Аммо, у бундан ортиқ жазога муносиб эди. Афсуски, қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги боис, унга қамоқ жазосини қўллай олмадик», - дейди Жиноят ишлари бўйича Пешкў тумани суди раиси Фаррух Икромов.

З.Р. суҳбатга якун ясар экан, бировнинг боласига нисбатан қилган хатти-ҳаракатларидан пушаймонда эканини билдиради.

Тавбада яшаётган «ўгай она»

«Тақдир зарбалари олдида чидамсизлик қилдимми, билмадим, қилмишимни, бировнинг боласига етказган озорларимни эслаб, пушаймон бўламан. Кўз олдимда биринчи турмуш ўртоғимнинг менга бермаган қизимни келтираман. Уларнинг ўрнида ўзимнинг қизим бўлганида-чи, деган ҳадик билан  чўчиб тушаман. Пушаймонлик ва товбадаман»,-дейди З.Р.

— Нимани истайсиз?,—савол берамиз.

«Мени шунчаликка олиб борган ўша пайтдаги ҳолатимни менга етти ёт бўлган одамлар ўқишса, тўғри тушунишларини, мени қаҳрларида эсламасликларини, ғазабларида лаънатламасликларини, кечиришларини истайман»,-деди З.Р.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг