Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қизамиқдан кома ҳолатигача... Касалликка чалинган болаларнинг ота-оналари мурожаатига ССВ муносабат билдирди

Қизамиқдан кома ҳолатигача... Касалликка чалинган болаларнинг ота-оналари мурожаатига ССВ муносабат билдирди

Фото: «Xabar.uz»

Ижтимоий тармоқларда юртимизда склерозлашган панэнцефалит касаллиги билан оғриган болалар ота-оналарининг Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаатлари акс этган видеотасвирлар тарқалмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.

Склерозлашган панэнцефалит хавфли бош мия касаллиги бўлиб, асосан болалар ва ўсмирларда кузатилади. Бу патология аксарият ҳолларда қизамиқ асорати сифатида юзага келишига қарамай, унинг этиологияси бошқача ҳам бўлиши мумкин.

Хасталик аломатлари динамикада кучайиб, умумий ривожланишдан орқада қолиш, талваса хуружларининг кўплиги, мушак тонуслари ортиши, кескин вазн йўқотиш билан намоён бўлади ва хасталикнинг сўнгги босқичида бемор кома ҳолатига тушади.

Бугунги кунда юртимизда склерозлашган панэнцефалитга чалинган 130 нафардан зиёд болалар рўйхатга олинган. ЖССТ таҳлилларига кўра, склерозлашган панэнцефалит қизамиқ билан касалланган ҳар 100 минг бемордан 4-11 нафарида учрайди.

Мазкур хасталик қизамиқни бошдан ўтказганларда 2,5 йилдан 34 йилгача бўлган даврда аломатсиз кечиши мумкин. Унинг дастлабки босқичларида ҳеч қандай патологик ўзгаришлар кузатилмаслиги туфайли касалликка аниқ ташхис қўйиш маълум қийинчиликлар туғдиради.

Халқаро экспертлар хулосасига кўра, дунё бўйича болаларда учраётган склерозлашган панэнцефалит аҳоли орасида қизамиққа қарши эмланишдан бош тортиш ҳолатлари кўпайганлиги туфайли юзага келмоқда. Юртимизда ҳам ушбу касалликка чалинган болаларнинг аксарияти қизамиққа қарши эмланмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу беморларни даволаш, уларни тегишли дори воситалари ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилган.

Хусусан, шу касалликка чалинганлар рўйхати шакллантирилиб, улар тўлиқ назоратга олинган. Ҳозир бемор ўғил-қизлар пойтахт ва ҳудудлардаги болалар тиббиёт муассасаларининг неврология ва реанимация бўлимларида симптоматик даволаниб келмоқда.

Шунингдек, ЖССТ стандартларидан келиб чиқиб ҳамда бу касалликни даволаш бўйича дунёда ягона самарали даволаш усуллари белгиланмаганини ҳисобга олган ҳолда вазирлик томонидан склерозлашган панэнцефалитни симптоматик муолажа қилиш юзасидан клиник протокол қисқа муддатларда, етук мутахассислар иштирокида ишлаб чиқилди.

Қолаверса, ушбу касалликда кузатиладиган талваса ҳуружларини камайтиришга ёрдам берувчи «Клоназепам» дори воситасини (наркотик ва психотроп дори воситалари гуруҳига кирувчи препарат) рўйхатдан ўтказиш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ўрнатилган тартибда юртимизга олиб келинди ва ҳудудларга етказилди.

Бундан ташқари, склерозлашган панэнцефалит касаллигини ташхислаш ва даволаш учун халқаро ва миллий экспертлар иштирокида «йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, ижроси назоратга олинган.

Шунингдек, куни кеча юртимизда склерозлашган панэнцефалит билан касалланган болаларга тиббий ёрдамни ташкил этишни янада ривожлантириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи қабул қилинди.

Унга кўра, жойларда ҳудудлар бўйича қизамиқ билан боғлиқ бўлган склерозлашган панэнцефалит касаллигига чалинган болалар тўғрисида янгиланган мукаммал маълумот шакллантирилиб, ҳар бир ўғил-қизни диспансер назоратига олиш тизими янада такомиллаштирилди.

Барча диспансер назоратига олинган болаларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган миллий клиник протокол асосида тиббий ёрдам кўрсатилади.

Муҳими, беморларга ҳолати бўйича стационар ёрдам кўрсатиш учун эҳтиёт чораси сифатида ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида ўрин-жойлар ташкил этиш ҳам кўзда тутилди.

Ушбу касаллик билан янгидан назоратга олинган ёки бунга шубҳа бўлган болаларга якуний ташхис қўйиш ва даво чораларни кўриш учун улар имтиёзли йўлланма асосида Болалар миллий тиббиёт марказига йўналтирилади.

Шунингдек, ушбу муассаса ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида қизамиқ билан боғлиқ бўлган склерозлашган панэнцефалит билан даволанаётган болаларга телемедицина ёки масофавий алоқа орқали ва зарур ҳолатларда жойларга чиққан ҳолда амалий ҳамда консультатив ёрдам кўрсатилишини ташкиллаштиради.

Бундан ташқари, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказига бирламчи тиббиёт муассасаларида фаолият олиб борувчи болалар неврологлари, оилавий шифокорлар учун қизамиқ билан боғлиқ бўлган склерозлашган панэнцефалит хасталигини эрта аниқлаш бўйича малака ошириш курсларини ташкил этиш вазифаси юклатилди.

Тадбирда иштирок этган беморларнинг ота-оналарига касалликни даволашда жаҳон тиббиётида қўлланиладиган асосий муолажа усуллари хусусида маълумот берилиб, шифокор ва тегишли мутахассислар томонидан уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди, дейилади расмий муносабатда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг