Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оила бузилмаслиги учун оддий ва аҳамиятли таклиф…

Оила бузилмаслиги учун оддий ва аҳамиятли таклиф…

Фото: «Depositphotos.com»

Оила бузилмаслиги учун эмас, носоғлом оила вужудга келмаслиги учун тажрибали психологларни кўпайтириш керак. Зотан касал бўлгандан кейинмас, олдин аниқ чора кўриш доноликдир…

Оила қурган ёшлар ўртасида ажрашишлар сабаблари турли хил. Уларни ёзиб эслатиб, ўқитиб, қиммат вақтингизни сарфлатмай асосий масалага диққатингизни қаратмоқчиман.

Иссиқ ёки совуқ сувга тегмасангиз унинг ҳароратини билмайсиз. Оилани қурмасдан хомхаёл қилиш ҳам ярамайди. Деярли ҳар кун Европа киноларини кўрасиз ва кузатасиз. Очиғи, уларнинг маданияти ва қилиқлари кўпам ёқавермайди. Аммо «Ҳар ёмоннинг бир яхшиси, яхшининг эса бир ёмони бўлади» деган гаплар бор. Уларда ҳам биз олсак бўладиган, ижтимоий ва маданий ҳаётимизга татбиқ этса маъқул характерлар (қарашлар) бор.

Яъни:

Оила қураётган маънан етук ёшлари даставвал ПСИХОЛОГГА (психологларга) боради. Сабаби оддий, оила ҳақида ҳаёт фалсафасидан дарс олган, мутахассис бўлган ва амалиётда синалган психологик таҳлилларни одамига қараб қўллай олишини англаган, ишонган ёшлар психологлардан бошланғич ва ўрта оилада кечадиган сир-асрорларни тинглайди, ўзини тасаввур қилиб кўради. Баъзан ўзини қайта кашф этади. Ўзгариши керакми ёки ҳозирги ҳолатини янада ривожлантиришми, хуллас, ўзини чуқур таҳлил қилиб кўриши учун етарлича хулоса чиқаради, келажаги учун аниқ ижобий нимадир олади.

Психолог ёшларга «ширин-аччиқ-ширин» саволлар беради. Жавобларининг кўрсаткичларига қараб уларга вазифа, қўшимча ҳаракатлар юклайди ва турли маслаҳатлар беради. Унинг оиласи, керак бўлса ота-бобосининг «делоси» билан танишиб чиқиб, улардаги бўлган нуқсон ёки ютуқларини йўли билан муҳокама қилади.

Ёшлар бундай психологларнинг ҳузурига ўзлари истаб боради. Бориш кераклигини, ўзларини (оилапарварми-йўқми) аниқлаш, ҳаётда яхши ота ва она бўлишга тайёрми — билиш, хулосада ҳар томонлама соғлом одам оила қура олиши мумкинлигини ҳис қилади. Демак, соғлом авлод муҳитини яратиш ҳақиқий инсонийлик мезони эканини англашида психолог суҳбатини олиш ҳаёт бўсағаси учун аҳамиятли деб билади.

Таклифнинг қисқача тушунчаси:

Оила қуришни истаётган ёшлар ФҲДЁга ҳужжат топширишдан олдин ўзининг тумани (шаҳри)даги ФҲДЁ қошида ташкил этилган(ташкил этилса, албатта) ПСИХОЛОГ тестидан ўтганлик ва хулоса варақасини (тест ва суҳбатлардан кейин етарлича балл тўпласа) топшириши лозим. Агар ушбу психологик хулосани топширмаса ФҲДЁга қабул қилинмаслиги қатъий тушунтирилади. Бу оддий ва аниқ таклиф (ечим), шундай эмасми?..
Шунинг баробарида, ёшларимиз керакли кўникмаларга ҳам эришади. Йигитлар ўзининг тўлиқ эркак ёки қизларимиз фазилатли аёл бўлиш фалсафасидан баҳраманд бўлади. Албатта, бу психологик босқичдан ўтиши нафақат оилада, қолаверса ишда, юмушда ўз самарасини кўрсатади.

Оила психологларини етиштириш учун нима қилиш керак?

Жавоби оддий — психолог мутахассисларни етиштириб чиқарадиган, тажрибали устозлардан амалий билим ва кўникма оладиган олийгоҳларда қабул квоталарини кўпайтириб (маълум йилларда), бундаги назоратни жиддий тус олдириш зарур. Оила масаласи — келажак масаласи деб қаралиб, чуқур масъулият ва виждон билан ёндашган ҳолда кенг кўламли ишлар амалга оширилиши керак бўлади.  
Оила бузилиб, фарзандлар тирик етим бўлиб, хоҳлаб-хоҳламай алимент тўловчилар кўпаймасин, аёл-эркак йўлдан чиқмасин десак бу таклифни жиддий ўйлаб кўриш вақти келди.

Ҳамма миллат ва элатларда ОИЛА МУҚАДДАС саналади!!!

Абдуқодир Мўминов,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг