Олис чўл ҳудудидаги мактаб ўқитувчиси BYD билан мукофотланди

Бухоронинг олис ҳудудида дарс берувчи ўқитувчи BYD автомобили билан тақдирланди.
Жорий йилнинг 15 сентябр куни «Устоз ва мураббийлар куни» арафасида Тошкент вилоятида бўлиб ўтган йиғилишда Президент Шавкат Мирзиёев таълим ва тарбия соҳаси вакиллари билан учрашар экан, ёш илм соҳибларининг саъй-ҳаракатларини, инновацион ғоялари, жамият учун фойда келтиришга қаратилган меҳнатларини эътироф этди.
Буюк Британиянинг Рединг университетини имтиёзли диплом билан тугатган, «Эл-юрт умиди» стипендианти Биллура Икромова президент билан юзма-юз мулоқотда таълим йўлидаги изланишларидан ташқари, Ўзбекистонга инвестициялар олиб киришга ҳисса қўшиши учун шай экани, бунинг учун қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режасини тузганини дадил ифодалади.
Мамлакат раҳбари ўз илм салоҳияти орқали Ўзбекистон ва унинг келажаги учун қайғураётган Биллура каби ёш ўқитувчиларни ҳамиша қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлаган.
Ромитан туманида туғилган Биллура Икромова ўз яшаш манзилидан 250 километр узоқ чўл ҳудуди - Қизилравот қишлоғида жойлашган 38-умумий ўрта таълим мактабида инглиз тилидан сабоқ бериб келган. Бир неча йилдан буён инглиз тили ўқитувчиси бўлмаган мактабда ишлаб келаётган Биллура юзлаб ўқувчиларини фан олимпиадаларигача етаклаган. Ўқувчиларга сабоқ бериш йўлида самарали натижаларга эришган ёш педагог юртга инвестициялар жалб қилиш лойиҳаларини ҳам яратган.
Ёш ўқитувчи - Биллуранинг ҳаракатлари қўллаб-қувватланди. Илм йўлидаги фидоийлиги мукофотсиз қолмади: у Президент совғаси - BYD электромобили билан тақдирланди.
Худди шунингдек, Бухоро давлат техника университети докторанти Aбубакир Aтоев ҳам Президент совғаси – BYD автомобили билан тақдирланди. У «Энг яхши ғоя» республика танловида «Сув тақсимлаш иншоотлари учун вертикал ўқли микроГЭС ишлаб чиқиш” ғояси билан иштирок этиб, биринчи ўринни эгаллаган.
«Тадқиқотимнинг асосий мақсади – мавжуд сув тақсимлаш иншоотларидан самарали фойдаланиб, энергия ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдир. Мамлакатимиздаги кўплаб каналлар ва сув иншоотларида сув оқимининг потенциал энергияси етарли даражада мавжуд. Aммо, бу имкониятлардан электр энергияси ишлаб чиқаришда тўлиқ фойдаланилмаяпти. Шунинг учун ҳам «Вертикал ўқли микроГЭС» технологиясини ишлаб чиқиш ушбу муаммони ҳал этишга хизмат қилади», –дейди ёш олим.
Унинг томонидан таклиф этилган «Сув тақсимлаш иншоотлари учун вертикал ўқли микроГЭС» технологияси, нафақат, инновацион, балки, иқтисодий ва экологик жиҳатдан ҳам самарали ечим, деб топилган.
Ушбу ташаббус мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш салоҳиятини ошириш, энергия мустақиллигини таъминлаш ва экологияни муҳофаза қилиш соҳаларида муҳим қадам ҳисобланиши айтиб ўтилган.
«Илм ва яратувчанлик йўлида эътироф этилган бухоролик ёшларнинг эътироф этилгани - давлат раҳбариятининг билимли, ташаббускор, ватанига хизмат қилишга тайёр ёшларга бўлган ишончи, уларни фақат кузатувчи эмас, балки, тараққиётга етакловчи куч сифатида кўраётганининг амалдаги исботидир. Демак, давлатнинг эътибор марказида бўлиш учун ёшлардан фақатгина илм, меҳнат ва юртга муҳаббатни талаб қилади. Бунда ҳеч қандай тўсиқ, ҳеч қандай чеклов йўқ»,-дейди Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Бахтиёр Адилов.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter