Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Омадсизлик ортидаги... улкан омад

Омадсизлик ортидаги... улкан омад

«Мен омадсизман, ишим ҳеч ўнгидан келмайди. Пул топишни билмайман, уддабурон эмасман. Қани эди бойиб кетсам...» Орамизда шундай дейдиган одамлар оз эмас. Хўш, улар чиндан ҳам чорасизми? Балки тақдир бу одамларни сийлашни унутиб қўйгандир? Раҳмингиз келмай, ачинмай иложи йўқ. Лекин аслида буларнинг барчаси оддийгина баҳона десак ишонасизми?!

Улар кимлар?

Ҳаёти мобайнида ҳар бир ҳодисадан ижобий томонни кўрадиган инсоннинг доимо омади чопади! Зеро, биз, ҳаммамиз омадлимиз, фақат омадни танлай билиш, кўра олиш керак. Омад ҳеч кимга берилмай қолмайди, шуни унутманг. Кимдир сизни хафа қилди, ишдан бўшаб кетдингиз, бир сўз билан айтганда, қалтис вазиятлар юзага келди, аммо ёдда тутинг, мазкур ҳодиса ортида омад яширинган бўлади. Буни тўғри қабул қилиш ниҳоятда муҳим.

Агар инсон мураккаб воқеалардан тўғри хулоса чиқармаса, нотўғри таҳлил қилса, кимнидир айбласа, маънавияти қашшоқлигидан дарак беради. Бундайлар ўзлари учун бошқаларнинг нимадир тайёрлаб беришларини истайди, айбни ўзгага ағдариб, мавжуд ҳолатдан айбсиз бўлиб чиқиб кетишга ҳаракат қилади. Айнан шу каби инсонларнинг омади чопмайди, қолаверса, улар ютуқларга ҳам эриша олмайди.

Хатолардан нега қўрқамиз?

Ҳар бир одам ҳаётида турли-туман тўсиқлар учрайди. Мақсадга эришаман деган инсон уларни енгиши зарур. Бунинг учун эса ижобий тафаккурга эга бўлмоқ керак. Кетма-кет хато қилса ҳам, «ҳали вақтим бор, интилишдан тўхтамаслигим керак», – дейиши лозим. Ҳар бир хато туфайли «мен омадсизман, муваффақиятсизман» деяверса, иши орқага кетиши тайин. Хатолардан ижобий жиҳатларни топиб, «бундай хатоларга бошқа йўл қўймаслигим керак» деб, кейингисига тўғри хулоса чиқариб ўтадиган одамлар муваффақиятга эришадилар.

Бир мисол келтираман, лампочка ихтирочиси Томас Эдисон 10.000 марта тажриба ўтказган, хатолар қилаверган, чироқ барибир ёнмаган. Тажрибалардан бирини ўтказаётганда унинг бутун бошли лабораторияси ёниб кетади. Эдисон шу қадар ижобий фикрловчи инсон бўлганки, ёнғинни кўрсатиб аёлига шундай деган: «Қара, лабораториямиз ёняпти. Мен эски тажриба, эски фикрларда қолиб кетганман. Янги ғоялар топсамгина ўйлаган натижамга эришаман. Ҳозир ёнаётгани эса – хатоларимдир». Эдисон фавқулодда ёнғинни яхшиликка йўйган.

Хатосиз ютуққа эришиб бўлмайди. Муваффақият поғоналарига чиқаман десангиз, омадсизлик юз бериши ҳақида ҳам ўйлаб қўйинг. Муваффақиятсизликка учрашим мумкин, деб хаёл қилмас экансиз, омад билан ҳам юзлаша олмайсиз.

Бахтинисо Азимбоева,
шифокор-руҳшунос

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг