Эски буюмлар асирлигидан қандай қутулиш мумкин?
Уйда эски нарсаларни йиғиш одати фақат бир миллатга хос эмас, бутун дунёда глобал муаммога айланган ҳодиса. Ҳозирги кунда ушбу мавзуга бағишланган кўплаб илмий-оммабоп мақолалар ва блогларни учратиш мумкин. Ушбу мақолада нима учун эски буюмлардан воз кеча олмаслигимизнинг психологик сабаблари батафсил очиб берилган.
Барчамизнинг хонадонимизда шундай бир кичик жой бор, масалан, шкаф бурчаги, стол тортмаси, балкон ёки кичик омборхона. Биз у ерни камдан-кам ҳолларда очамиз ва асосан «кун келиб керак бўлиб қолиши мумкин» бўлган нарсаларни яшириш учун фойдаланамиз. Аслида эса, булар воз кечиб, ташлаб юборишга кўзимиз қиймаётган кераксиз буюмлардир.
Бу нарсалар бугунги ҳаётимизда ўз қиймати ва мақсадини аллақачон йўқотган, аммо биз улардан воз кечолмаймиз. Ярми синган гарнитурлар ёки идиш-товоқлар фойдали бўлиши мумкин! Симлари узилган қулоқчинлар ёки дарз кетган ликопча балки асқотиб қолар? Эски, бузилган миксерми, уни тузатиш мумкин! Ўн йиллик журналлар... уларда фойдали маълумотлар бўлса-чи?! Иссиқ ёз кунида сотиб олинган ёқимли кичкина стаканчалар ёки болалигимизда томоша қилган CD-дисклар қутиси, ахир булар хотира!
Миямизнинг рационал қисми бу буюмларнинг ортиқча эканини аллақачон тушуниб етган ва уларни шунчаки бир жойга қамаб қўйган, лекин барибир ташлаб юборишга қўлимиз бормайди.
Нима учун биз уйимизни тўлдириб, тартибсизлик содир этамиз?
Тартибсизлик психологияси шунчаки дангасалик ёки уқувсизлик масаласи эмас. Бу хотира механизмларимиз, хавфсизликка бўлган эҳтиёжимиз ва ҳатто келажак олдидаги қўрқувларимиз билан боғлиқ мураккаб, кўп қатламли ҳодисадир. Нарсаларни ташлаб юбориш бизга оғирлик қилади, чунки ўша лаҳзада гўё ўзимизнинг бир қисмимиздан воз кечаётгандек бўламиз.
«Қандай қилиб бу стаканларни ахлатга отаман? Ахир ўша куни ҳаво жуда гўзал эди, кайфиятим аъло эди, ҳаёт гўёки бахтлироқ туюлганди... Ўшанда ҳис қилган қувончимнинг ягона исботини ўз қўлларим билан қандай йўқ қиламан? Тўғри, уларда сув ичмайман, улар қоғоздан ясалган, уриниб кетган, лекин барибир ташлай олмайман!»
Агар хонадонингиздаги баъзи «хазиналар»ни титкилаб кўрсангиз, албатта, мана шундай «ёқимли, аммо мутлақо фойдасиз» буюмларга дуч келасиз.
Эски нарсаларга боғланиб қолишимизнинг энг аниқ сабаби хотирадир. Ёш ўтгани сари хотирамиз панд бера бошлайди. Аммо кун келиб, масалан, болаликдаги айтайлик оддий тўғноғични топиб олсак, хотирамизда кутилмаган тафсилотлар жонланади: уни ким совға қилган, ўша куни нима бўлган, орқа фонда қайси қўшиқ янграган... Биз буюмнинг ўзини эмас, балки унинг вақт машинаси каби ўтмишга қайтариш қобилиятини қадрлаймиз. Уни жисмонан улоқтириш орқали ўша бахтли кунни ҳам абадий йўқотадигандек туюлаверади.
Бироқ, бу ерда бир парадокс бор: биз хотираларни асраяпмиз деб ўйлаб, аслида шунчаки чанг босган буюмларни тўплаймиз. Ҳақиқий хотира эса жавонларда эмас, қалбимизда яшайди.
Шундай қилиб, агар ўтмиш бизни эски нарсалар орқали ортга қайтарса, келажак бизни «ҳар эҳтимолга қарши» уларни ушлаб туришга мажбур қилади. Бу омон қолиш инстинктининг акс-садоси. Бизнинг миямиз, ҳатто ўзимиз мўл-кўлчиликда яшаган бўлсак ҳам, ҳали ҳануз танқислик даврларини эслайди.
«Агар асосий қулоқчинларим бузилиб қолса, синган қулоқчинлар менинг жонимга оро кирса-чи?», «Агар янги миксер бузилиб қолса-чи? Яхшиямки, менинг захирадаги эски миксерим бор, уни бир кун келиб тузатаман...» Бу мантиқ атрофимизда ўзига хос ҳимоя қобиғини ҳосил қилади.
Онгсиз равишда, биз тартибсиз уйни бўм-бўш ва стерил уйдан кўра хавфсизроқ деб ҳисоблаймиз. Бугун кераксиз туюлган нарсани тасодифан ташлаб юбориб, эртага унга эҳтиёж сезиш фикрининг ўзиёқ ички хавотирга сабаб бўлади. Кейинчалик ўйламасдан қилинган исрофгарчилик учун ўзимизни айблашдан кўра, ўша буюмни шундайлигича қолдириш осонроқ туюлади. Аммо бу стратегия яшаш жойимизни ноаниқликлар омборига айлантиради. Оқибатда биз ўзимизни бугун ёки олти ойдан кейин ҳам амалий фойдаси тегмайдиган нарсалар билан ўраб оламиз.
Психологияда бу «қарор қабул қилишни кечиктириш» деб аталади. Биз балконимиз ва шкафимизни тартибсизлантиришни афзал кўрамиз, чунки бир жойга ўтириб: «Буни ҳақиқатан ҳам тузатаманми?», «Ҳозирги ҳаётимда бу эсдалик тўғноғичнинг менга бирор фойдаси борми?», «Бу кийимни барибир кияманми?» каби саволларга ҳалол жавоб беришдан қочамиз. Чунки рост жавоб кўпинча оғриқли бўлади. У мана бундай аччиқ ҳақиқатни тан олишни талаб қилади: «Мен буни ҳеч қачон тузатмайман, чунки шунчаки вақтим ёки хоҳишим йўқ, бу кўйлакни эса эскириб, урфдан қолгани учун барибир киймайман».
Нима учун ўзгаришлар бизни қўрқитади?
Бизнинг буюмларимиз мавқеимиз ва тарихимизнинг белгиларидир. Йиллар давомида омборда чанг босиб ётган китоб жавони, ундаги китоблар аслида нима ҳақида эканлигини эслай олмасак ҳам, бизнинг билимли ва зиёли эканлигимиздан далолат бериб туради. Қариндошлардан мерос бўлиб ўтган эски, кераксиз идишлар уюми бизга улар билан бўлган ришталаримизни эслатади. Бирор жойга боришдан олдин сотиб олган жиҳозларимиз эса саёҳатга бўлган муҳаббатимизни тасдиқлайди.
Бирор нарсани ташлаб юбориш ўзимизга ва бутун дунёга аллақачон ўзгарганимизни тан олиш демакдир. Бизда энди китоб ўқишга вақт йўқ, фақат ишлаймиз. Биз энди пиёда саёҳатларга бормаймиз, кучимиз ва соғлиғимиз аввалгидек эмас. Буни тан олиш оғриқли ва ёқимсиздир. Шу сабабли ҳам эски нарсалардан ажралиш, аввалги «мен»имиз учун кичик бир йўқотишдек туюлади. Биз буларнинг барчасидан халос бўлиш фақатгина бўшлиқ қолдиришидан ва ҳозир аслида ким эканлигимизни тушуна олмай қолишдан қўрқамиз.
Бундан ташқари, буюмлар руҳиятимизда ҳимоя функциясини ҳам бажаради. Агар кимдир хиёнатга учраган ёки яқинларини йўқотган бўлса, улар ички ҳиссий бўшлиқни тўлдиришга уриниб, назоратсиз тарзда нарсаларни тўплашни ва уйга ташишни бошлайдилар. Чунки объектлар бизни ташлаб кета олмайди ёки бизга хиёнат қилмайди, ўзимиз уларни йўқ қилмагунимизча биз билан қолади. Ҳамма нарса шиддат билан ўзгариб турадиган бу дунёда улар биз учун хавфсизлик ва доимийлик иллюзиясини яратади.
Тозалик бўшлиқдан бошланади
Кўпчилик ҳаётида лоақал бир марта тартибсиз макондаги ноқулайликни бошдан кечирган, айримлар эса бундай муҳитда шунчалик узоқ яшаганки, ортиқ бу занжирни пайқамай қўйган. Бироқ кераксиз нарсалар тоғи томонидан яратилган «визуал шовқин» ички тарангликни келтириб чиқаради. Бизнинг миямиз онгсиз равишда атрофни доимий сканерлайди ва «Буни йиғиштириш вақти келдими?» ёки «Балки уни ташлаб юборишим керакдир?» деб ўйлайверади. Бу жараён бизни сездирмасдан тинчлик ва энергиядан маҳрум қилади.
Бу ерда қизиқ бир парадокс бор: ортиқча нарсалардан халос бўлиш орқали янги энергия тўлқинини ҳис этамиз, бўшаган макон эса руҳий хотиржамлик беради. Натижада ўтмишимиз ёки келажагимиз домидан чиқиб айнан ҳозирги замон билан яшай бошлаймиз.
Ахлат қутисига йўл
Хўш, агар тартибсизликнинг асосий сабаблари аниқ бўлса, ўтмишни йўқотишдан қўрқиш, келажакдан хавотирланиш ва ҳозирги кун учун масъулиятни ўз зиммамизга олишни истамаслик, унда қандай қилиб руҳиятимизни «алдаб», эски ва кераксиз нарсаларни ахлат қутисига олиб боришимиз мумкин?
Бу руҳий тўсиқни қандай енгамиз?
Жавоб — онглилик орқали. Ишни катта нарсалардан эмас, кичик қадамдан, масалан, биттагина жавондан бошлаш мумкин. Жавондаги бирор буюмни қўлга олиб, ўзингиздан сўранг: «Бу нарса менга ҳозир, орадан шунча йил ўтиб, айнан бугунги кунда қувонч келтиряптими?», «Агар мен уни бугун дўконда кўриб қолсам, сотиб олармидим?»
Энг муҳим қоидани ёдда тутинг: эски ва қадрли буюмингиз билан хайрлашишдан олдин уни шунчаки суратга олинг. Агар жуда керак бўлса, телефонингиз ёки компьютерингизда бундай эсдалик фотосуратлар учун алоҳида папка очиб қўйишингиз ҳам мумкин.
Биз ўтмиш нарсаларда эмас, балки айнан ўзимизда яшашини тушунишимиз керак. Ҳозирги замонда яшаш ва келажакни қуриш учун бизга шкафларимизни тўлдириб турган ўша «эслатмалар»нинг бари керак эмас. Бизга фақат ҳозирги кунимиз учун мосроқ бўлган янгиликлар, тиниқ фикр ва бўш макон керак, холос.
Ўтмиш билан хайрлашиш ва эски нарсаларни ташлаб юбориш қийин, чунки бу жараён ҳаётнинг ўткинчилигини, ҳамма нарсанинг чекланганини ва энг муҳими, ўзини севишни тан олишни талаб қилади. Ахир, биз ўтмишнинг соясида эмас, айнан ҳозирги замонда бахтли яшашга лойиқмиз.
Агар бирор нарсани ташлашга кўзингиз қиймаётган бўлса, кичик бир ақлий ўйин ўйнаб кўринг: ўша буюмни ахлатга ташлаб юборганингизни ёки кимгадир совға қилганингизни ва орадан бир ой ўтиб, у сизга тўсатдан керак бўлиб қолганини батафсил тасаввур қилинг. Хўш, ўшанда нима бўлади? Нима қилган бўлардингиз? Бундан омон қола оласизми? Кўпинча, ҳеч қандай фалокат юз бермаслиги, ҳаёт тўхтаб қолмаслиги маълум бўлади. Агар у чиндан ҳам жуда зарур буюм бўлганида, ундан қутулишдан олдин ҳам унга эҳтиёж сезган бўлардингиз. Демак, биз бошдан кечираётган хавотирнинг реал танқислик таҳдиди билан ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Уйни тартибга солиш бўйича дунёга машҳур эксперт ва китоблар муаллифи Мари Кондо кераксиз матоҳларга қарши курашиш учун яна бир ажойиб усулни таклиф қилади. Бу усул бироз ғалати туюлиши мумкин, аммо қалбга хотиржамлик олиб келади: сиз воз кечишга қарор қилган, аммо ўтмишда сиз учун қадрли бўлган ҳар бир буюмга миннатдорчилик билдиринг. Масалан, бир неча йилдан бери киймай юрган эски шарфингизга онгингизда шундай денг: «Ўтмишда мени иситганинг ва менга қувонч улашганинг учун раҳмат. Сенга ўз вазифангга содиқ қолганинг учун раҳмат айтаман, лекин энди уйимда қолмаслигинг керак».
Бу дастлаб эриш туюлса-да, айнан шу миннатдорчиликдан кейин руҳан енгиллашасиз. Мана шундай хайрлашув маросимини бажариш орқали сиз хотирани қалбда сақлаб қоласиз, шкафингиз, омборингиз эса ниҳоят ортиқча юклардан халос бўлади.
Барно Султонова тайёрлади


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter