Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўн йилдан буён чакки ўтган томини суваб, эрини елкада кўтариб келаётган аёл: «Менинг кўрган дунёим шу!» (видео)

Ўн йилдан буён чакки ўтган томини суваб, эрини елкада кўтариб келаётган аёл: «Менинг кўрган дунёим шу!» (видео)

Фото: Xabar.uz

Жорий йилнинг 17 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташриф буюрган эди. Унда Президент топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳи Шофиркон туманидаги маҳаллаларда уйма-уй, хонадонма-хонадон юриб, одамлар дарди, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганишган. Халқ билан мулоқот тизимининг бундай янги босқичга олиб чиқилиши муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.

Маълум бўлишича, ишчи гуруҳ томонидан Шофиркон тумани аҳолисининг 4 минг 530 дан зиёд масаласи аниқланиб,  3,4 мингдан ортиғи жойида ҳал қилинган, муаммолар ўз ечимини топган. Ёрдамга муҳтожларга кўмаклашилиб, уларга меҳр-оқибат, мурувват ва саховат кўрсатилган. Аҳоли дастурхонининг тўкинлиги-ю рўзғори бутлигини таъминлаш, ишсизларга доимий иш ва барқарор даромад манбаи яратиб берилган. Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган ва оғир шароитга тушиб қолган  аёлларга имтиёзли кредитлар ажратилган. Йўллар таъмири, электр энергияси, ичимлик суви, суюлтирилган газ ва кўмир таъминоти каби аҳолининг энг бирламчи ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ қатор масалаларга жойида ечим топилган. Қолган муаммолар бўйича «йўл харитаси», туман, сектор ва маҳалла даражасидаги ҳар бир раҳбар, ҳар бир масъулнинг ҳар ҳафталик иш режаси ишлаб чиқилган ва қатъий назоратга олишини белгиланган.

«Ҳамма жойларга бориб, соҳаларга туртки бериб, муаммоларни ҳал этиб, халқни рози қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бугун Бухорога ҳам янги марраларни белгилаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун келдик. Ҳамма хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин»,— деган Президент Бухородаги ушбу ташрифида.

Шофиркон тумани, «Паттахон» МФЙда  Юқори Болоирўд қишлоғида яшовчи Лутфия Дониёрова ва унинг оғир хаста турмуш ўртоғи Ҳабибулло Дониёровга ёрдам кўрсатилиши муҳтожларга кўмаклашиш, уларга меҳр-оқибат, мурувват ва саховат кўрсатиш азалий қадриятларимиз эканини яна бир карра исботлади.

«Президент ишчи гуруҳи томонидан Дониёровлар оиласининг  ўргануви асосида тайёрланган ва ижтимоий тармоқларда тарқалган видео-лавҳа беихтиёр юрак-юрагимни эзиб юборди ва зудлик билан кўмакка шошдим. Кимгадир мурувват кўрсатиш учун ўша ҳудуд депутати бўлишинг ёки ўша ҳудудда яшаб, ишлашинг муҳиммас!»—дея кўмакка ошиққан Қоровулбозор туманидаги  «Aziya fruits garden» MCHJ tasischisi, вилоят Кенгаши депутати Фаррух Бекмирзаев.

Дониёровлар хонадонида бўлган «Xabar.uz» мухбирининг аниқлашича, 54 ёшли Ҳабибулла ака ҳамда 51 ёшли Лутфия опалар 1991 йилда турмуш қуришган. 5 нафар қиз фарзандлари бор. Уч нафари турмушга чиққан, икки нафари мактаб ўқувчиси.  Улар яшаб келишаётган 9 сотихли уй-жой ота мерос. Оилавий шароит ва иқтисодий қийинчилик туфайли 30 йилдан ортиқ вақтдан буён таъмирланмаган. Маҳалла ёки қишлоқ оқсоқоли томонидан ҳам ҳашар йўли билан кўмак бериш ташаббуси чиқмаган.

«Яхши одамларнинг борига шукур»

«Бировга хонадонимни таъмирлашга ҳашарга кел, дея олмасам. Нима деб ўйлашади, ахир. Ўз ҳолимизча, кучимиз етганча, ёз кунларда нари-берини суваб, оҳаклаб турардик. Ўн йилдан ортиқ вақтдан бери қиш-қировли, ёғингарчилик кунларда томларимиздан чакки ўтавериб, тешилиб ҳам кетган. Деворларимиз нураб, тўкилиб, катта-катта ёриқлар пайдо бўлган. Аммо, тўрт йил илгари турмуш ўртоғим хасталикка чалингани аниқ бўлгач, бирор иш қилдирмадим, ўзим бир нави қилиб, баҳолиқудрат тешик-туйнукларни лойсувоқлаб келаяпман», — деди биз билан суҳбатда Лутфия опа.

Беш нафар қизнинг онаси Лутфия опа уйнинг ҳам аёли, ҳам эркаги, ҳам ўғил фарзанди бўлиб, барча оғир юмушларни ўз зиммасига олиб келган. Томорқада кетмон билан ер чопиб, ағдариб, ҳосил йиққан. Лой-сомон қориб, томга челаклаб ташиган. Нарвондан йиқилиб тушган пайтлари, оғриқдан жони қийналса-да, яна туриб ишлаб кетаверган кезлари бўлган. Мол-қўй боқиб, рўзғор тебратган, етишмовчиликдан қийналганда, уларни сотиш учун ўзи бозорга судраб чиққан.  

«Кредитга олган қорамол ва бузоғимни турмуш ўртоғимни даволаш учун сотишга мажбур бўлдим. Ноилож қолдик-да. Ўзлари мустақил юра олмайдилар. Аммо, емай-ичмасак ҳам давлатдан қарз бўлиш яхшимаслигини билиб, кредитни ҳар ой ёпиб келдик. Тўрт миллиондан ошиқроқ қарзимиз қолган эди. Президентимиз вакилларининг келиб, бу қолган қарздорликни «ёпиб» беришни билдиришгани, бундан ташқари, икки бош қорамол ҳам ҳадя этишганидан, тўғриси, ҳаяжонланиб қолдим. Ҳукуматнинг бу яхшилигини мен шукроналик билангина қайтара оламан. Фарзандларим камолга етиб, ўқимишли бўлиб, жамиятга фойдаси тегадиган бўлиб етишишса, хизмат қилишса, бу яхшиликлар эвазини қайтаришади насиб бўлса. Яхши одамларнинг борига шукур!»-дейди Лутфия опа йиғлаб.

Ҳақиқий муҳаббат

Шифокорларнинг ташхисига кўра, Ҳабибулла Дониёровда 4 йил илгари бош мия саратони аниқланган. Ўша вақтгача тракторчилик билан шуғулланиб келган бу суҳбатдош хасталик таъсири билан 4 ойдан буён тўшакка михланиб қолган.

«Тўшаклаб қолганимдан сўнг фақат ўзим ва дераза ойнаси билан бўлиб қолдим. Қишнинг совуғида, ёмғиридаям тиним билмаган аёлимни мўлтираб кузатдим. Тараша ёриб, кўмир ташиши, қорамолнинг бузоғи қочганда, ип эшолмай, ортидан зир югуриб, лойларда йиқилиб, тиззалари шилинишини, тандирда нон ёпганда, ўчоққа ўт ёқиб, овқат қилганда, кўзига тутун кирганданмас, қийналгандан йиғлашларини кўриб тураман, ҳамма-ҳаммасини ҳис қилиб тураман. Биз севиб турмуш қурмаганмиз, аммо аёлимнинг вафо, садоқатида ҳақиқий, чин муҳаббатни кўрдим... оғирига елка тута ололмаётганимдан оғринаман. Шифойи комил эса Аллоҳдан, бир бандаси бўлсам. Фарзандларим ва аёлимнинг соғлиги учун дуо қилиб туришдан ўзга чорам йўқ»,— дейди Ҳабибулла ака.

Суҳбатга қўшилган Лутфия опа турмуш ўртоғига қараб, ҳазил аралаш сўзлайди: «Энди деразадан мўлтирамайсиз, дадаси, мана, аравача келтиришди. Ҳовли-томорқа ишларини қилганимда, ош-овқат пиширганимда, ёнимда бўласиз. Картошка, пиёз арчасиз. Ўчоққа ўт қалайсиз, кейин кўз ёшларимга тутун сабабчи эканини биласиз»,—дейди кўз ёшлари томиб.

Бухоро шаҳрини кўрмаган бухоролик

Сабрлари тош аёл қаршисида бир муддат жим қоламиз. Суҳбат давомида аёл тирикчилик учун арава судраб, юк ташиши, кимнингдир молхонаси, ҳожатхонасини тозалаши, кимнингдир кири, идиш-товоғини ювишини сўзлади.

«Лозим бўлса, ерларини ағдариб, ўт, маккажўхориларини ўриб бераман, беда боғлаб, елкалаб ташийман. Меҳнатнинг айби йўқ, ишлаб ким ўлибди, синглим. Меҳнатларим эвазига 50 минг, 100 минг беришади. 50 ёшдан ўтдим, аммо умримда бирор маротаба Бухоро шаҳрига бормаганман, шаҳарни кўрмаганман. Телевизордан томоша қилиб тураман. Шунгаям хурсанд бўламан, дунёнинг чиройга тўлиб бораётганидан. Менинг эса кўрган дунёим шу!»

Суҳбатдошнинг меҳнатдан ёрилиб, қадоқ бўлган қўлларига қараймиз. Эндигина 50 ёшдан ошган опанинг 70 ёшларни «уриб» қўйган ажинларига термуламиз. «Менинг эса кўрган дунёим шу!» деган аёлга яна сабрлар тилаймиз.

«Қизларимизни ўзидек ўқа-чўққа урдиришни истамайди, аяйди. Булар ҳам меҳнатда қотишмасин, ўқишсин, илмли бўлишсин» дейди-да. Аммо тушмагур қизларим ҳам онасининг этагига ёпишишган, меҳнат қилишади, рўзғор ишларидан бўшашмайди»,-сўзида давом этади Ҳабибулла ака.

Билдирилишча, турмуш ўртоғини, фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб парваришлаб келаётган Лутфия опа ҳаётида илк бор “8 март - Халқаро хотин-қизлар тантанаси”га таклиф этилган.

Уй-жой таъмири учун маблағ ажратилади

Маҳалла фуқаролар йиғини вакили Гулҳаё Зарипованинг айтишича, туман ҳокимлиги ҳамда маҳалла томонидан хонадонга доимий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори воситалари ёрдам қилинган. Бироқ, «тўкилиб» кетаётган уй-жойлар таъмирида кўмаклашилмаган ёки ҳамқишлоқларни ҳашарга жалб этиш орқали кўмаклашиш чора-тадбирлари ҳам кўрилмаган. Оқибатда аёл йиллар давомида уйлари томини селофанлар билан ёпиб, ёмғир, қор чаккисидан қисман асраб келган.

«Том босиб қолмаслиги учун қишнинг чилласида дадасини судраб-нетиб, елкамга кўтариб, озгина хавфсиз хонамизга кўчирдим. Кўчирганим ҳамоно нариги уйимизнинг деворлари «пўсирлаб» тўкилиб, уй ичини ёмғир сувлари босди. Худди кўнглимга келгандек, вақтида улгурибман. Ҳозир 4 киши битта хонада жон сақлаб юрибмиз. Аммо, нолийдиган жойим йўқ. Шунча йиллар чидадим, сабр қилдим. Буёғигаям худо қувват берсин. Ёнимда тирик ва бор юрсалар, шу менга кифоя,-дея суҳбатдош сандал чўғини ковлашга уннаб кетди,-яхшиям, шу сандал бор, одамнинг танига оро-да, оёқ оғриқ, бел оғриқларга шифо... »

Маълум бўлишича, ушбу оила банкдан имтиёзли кредит олгунга қадар «кам таъминланган»лар рўйхатида турган. Кейин эса бу рўйхатдан чиқарилган ва бир муддат кўмаклар берилмаган. Туман ҳокими ўринбосари Турсуной Йўлдошеванинг билдиришича, бир неча кун илгари Лутфия Дониёрова «Аёллар дафтари»га қайта киритилган. Ижтимоий, моддий кўмаклар берилмоқда. Бундан ташқари, жамғарма ҳисобидан Дониёроваларнинг уй-жойи таъмири учун 9 миллион сўм пул ҳамда туман ҳокимлиги қурилиш бўлими маблағлари ажратилади.

«...Бу мақтаниш эмас»

Биз билан суҳбатда бўлган туман ҳокимлиги вакили Комил Ҳамроев эса ушбу оилага берилган кўмакни қоғоздан ўқиб беришдан нарига ўтмади. Эътирозимизга «Бор ҳақиқат бу, миннат эмас-ку, қилинган ишлардан мақтаниш ҳам эмас. Аммо, барибир, нималар қилинганини айтиш ҳам керак»,— деган тарзда жавоб олдик.

«Молу бузоқни кредит эвазига олган бўлсам. Шунинг учун давлатга оғирлигим тушмасин, деб ҳеч ёққа ёрдам сўраб бормаганман-да. Тўғри, туман ҳокимлиги вакили боя айтганидек, рўзғорга ул-бул озиқ-овқат ёрдам бериб туришади. Раҳмат.  «Миннат эмас» дейишди-ку! Аммо, барибир, кўнглим оғриб кетди-да, синглим»,—рўмоли учини лабига қўйиб, секин пичирлайди аёл.

«Бундай аёлга таъзим қилсанг, арзийди...»

Турмуш ўртоғини баҳорнинг тоза ҳавосига олиб чиқиш ва сайр қилдириш учун бир неча кун илгари республика ишчи гуруҳи вакиллари томонидан беминнат кўмак сифатида қолдирилган аравачани судраганча ҳовлисига кириб кетган аёлнинг ортидан термулиб қоламиз.

«Худо хоҳласа, шу хонадон ҳовлисининг уйлари шифтини ёпишда ўзим кўмакдош, бош-қош бўламан. Аллоҳ беш қизни вояга етказиб, улар учун жонҳалак югураётган, бир тўшаклаб қолган эрига мадад бўлаётган аёл, она, садоқатли ёр учун бундан ортиғини қилсанг, таъзим қилсанг арзийди»,— дейди тадбиркор Фаррух Бекназаров.

Р/S: «Aziya fruits garden» MCHJ томонидан ушбу хонадонга музлаткич, телевизор, кўплаб электр ошхона-уй жиҳозлари, озиқ-овқатлар ҳамда 3 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Жамият таъсисчиси булар тўғрисида тўхталмасликни қатъий таъкидлади. Бироқ, биз бу гал таъкидга амал қилмадик. Зеро, хайру-саховатнинг шундай жиҳатлари борки, у миннат эмас, ўрнак бўлиб хизмат қилади.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг