Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Она-бола мулоқоти: бир савол ва саккиз хато...

Она-бола мулоқоти: бир савол ва саккиз хато...

foto: chatgpt

Яқинда бир ҳаётий вазиятнинг гувоҳи бўлиб қолдим. Она ва тўрт ёшли бола ўртасидаги қисқагина суҳбат мени мушоҳадага тортди.

— Ойижон, нега бугун ҳаво иссиқ, ёзмаску? — деб сўради болакай.

— Ундай дема! Бу Худони куни, — деб жавоб берди онаси ва юмушини давом эттирди.

Бола индамади. Столда турган телефонни олди-да, “shorts” видеолари оламига шўнғиб, ўз хаёллари билан ёлғиз қолди. Бу манзара менга таниш инсонлар ҳаётидан олинган бўлса-да, унда жамиятимиздаги кўплаб катта муаммоларнинг илдизи кўриниб турарди.

Ишонч ва қизиқувчанликнинг рад этилиши

Бу суҳбатда, энг аввало, боланинг фикрини инкор қилиш ҳолати юз берди. Бола норозилик ёки ношукурлик қилмаётганди, у шунчаки ўзига қизиқ бўлган саволга жавоб излаётганди. “Ундай дема” деган кескин тақиқ эса боланинг эндигина уйғонаётган қизиқувчанлигини бўғиб қўйди. Ваҳоланки, боланинг айнан шу ёшдаги қизиқувчанлиги қондирилмаса, у вақт ўтиб атроф-муҳитга бефарқ бўлиб қолади.

Масъулиятсизлик ва ҳиссиётларни тушунмаслик

Онанинг ҳаво иссиқлигини умумлаштириб изоҳлаши боланинг мантиқий фикрлашини чеклаб қўяди. Албатта, бу Худонинг куни, лекин иссиқликни табиат ҳодисалари нуқтаи назаридан ҳам тушунтирса бўларди-ку? Бундай ёндашув болада вазиятларга масъулиятсизлик билан қараш кўникмасини шакллантиради. Эртага у бирор нарсани синдириб қўйса ҳам, буни ўз хатоси эмас, шунчаки “тақдир иши” деб қабул қилишга ўрганиб қолади. Бундан ташқари, бу ерда боланинг ҳиссиётлари ҳам инкор этилди. Болага ҳақиқатдан ҳам иссиқ! Унинг кийимлари қалин, танаси ноқулайликни ҳис қиляпти. Унга ўз ҳиссиётлари “нотўғри” эканлиги уқтирилмоқда, бу эса келажакда ўз туйғуларини англай олмайдиган, эмоционал интеллекти паст инсон бўлиб етишишига сабаб бўлади.

Телефонга ишонилган тарбия

Онанинг вақти йўқлиги сабабли бола ўз онаси билан суҳбат қура олмади. Унинг гапи, фикри ва ҳиссиёти рад этилган жойда, у ўзига таскинни телефондан қидирди. Шу тариқа, биз болани ўз бефарқлигимиз билан телефонга йўналтирамиз. Ваҳоланки, бу оддий савол камида ўн беш дақиқалик мазмунли, меҳрли ва ривожлантирувчи суҳбатга айланиши мумкин эди.

Ечим китобда...

Кўп ота-оналар фарзанди билан гаплашишга қийналади, содда тилда тушунтиришга сўз топа олмайди. Бундай вазиятда китоб энг зўр инструмент бўла олади. Китоб ота-онага бола билан мулоқот қилиш учун мавзу, билим ва энг муҳими, тўғри сўзларни топиб беради. Фарзандимизнинг ақлий ва руҳий ривожланиши учун кундалик юмушлардан кўра, улар билан қуриладиган мана шундай кичик суҳбатлар муҳимроқ эканлигини унутмаслигимиз керак.

 Динара Мўминова, болалар ёзувчиси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг