Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Озаман» деб бир ўлимдан қолаётганлар: озиш марафонлари, дори воситалари ва... тармоқдаги лохотрон

«Озаман» деб бир ўлимдан қолаётганлар: озиш марафонлари, дори воситалари ва... тармоқдаги лохотрон

«Саккиз йилдан ошибди озаман деб курашаман. Ҳамма усулларни қўллаб кўрдим, десам ҳам бўлади. Қилмаганим ошқозонимни кестириш қолди фақат. Лекин энди бундай тажрибаларга қўл урмоқчи эмасман. Озаман деб бир ўлимдан қолган вақтим, тавба қилганман.

Хуллас, уй шароитида қилаётган парҳезлардан айтарли натижа кўрмадим. Ортиқча вазн нега йиғилиши, жисмоний меҳнат, тўғри сув ичиш... буларнинг ҳамммасини биламан, лекин амал қилишга иродам етмай, ташлаб қўярдим. Инстаграмда блогерларни кўриб, ичим ёнади – ҳаммаси озғин, чиройли. Бир куни кўнглимдаги иш бўлди: мен анчадан буён кузатадиган блогер қиз ўзининг озиш марафонини бошлади.

«Ҳафтасига 5-7 кило вазн ташлайсиз!» деган изоҳи шошириб қўйди. Тезгина тўловни қилдим (150 минг) ва телеграмдаги ёпиқ гуруҳга қўшилдим. Юзга яқин хотин-қизлар бор эди гуруҳда. Марафон бошланди. Энг зўр натижа кўрсатган қизга қимматгина совға қўйилди.

Биринчи кун очлик куни бўлди. Ҳеч нарса емай, фақат сув ичдик. Кейинги кунлар эса админимиз тузиб берган меню бўйича овқатландик. Ҳар куни машқлар бажариш... 4-куни натижа яхшироқ бўлиши учун парҳезда ёрдам берувчи капсула ичишимизни тавсия қилди. Бу капсула дорихонада сотилмас экан. Админнинг ўзидан олдик – 350 минг сўмга бир қути. Ичида 36 дона бор эди. Қутисига «100% natural» деб ёзилгани учун шубҳаланмадим.

Овқатланишим бирдан ўзгарганига ва машқлар оғирлик қилибми, ҳолсизликдан қийнала бошлагандим. Дори ича бошлагач, учинчи ёки тўртинчи кунлари юрак уришим тезлашиб кетаётганини сездим. Админ эса ўргангунча шунақа белгилар бўлишини айтди. Саккиз кун зўрға чидаб ичдим. Қон босимим бирдан ошади, юрагим уришини худди эшитиб тургандек бўламан. Тўққизинчи куни ўлиб қолай дедим, тез ёрдам билан шифохонага ётдим. Пульс тезлашган, бош оғриғи ва оғиз қуришига чидаб бўлмайди. Бир ҳафта даволаниб, зўрға ўзимга келдим.

Ундан олдин ҳам оздирувчи чойлар ва коктейллар ичгандим. Чойдан кейин шишлар пайдо бўлганини, ҳатто ўрганиб қолаётганимни сезиб, тўхтатгандим. Лекин бу галгиси яхшигина дарс бўлди. Менга ўхшаганлар кам эмас, лекин ҳаммаси ҳам тан олиб айтишга уялади алданганини...» — дея сўзлаб берди Тошкент шаҳридан Дилёра.

Ижтимоий тармоқлардаги сохта психолог, бизнес-тренер, мотиватор ва коучлар янгилик эмас. Бу ҳақда мақолалар ёзилди, кўрсатувлар қилинди. Хулоса қилган қилди. Қилмаганлар эса алдаб, алданиб юрибди. Бугун биз ижтимоий тармоқлар ва Youtube платформасидаги озиш марафонлари ҳақида гаплашмоқчимиз.

Инста-блогерлар ичида озиш марафонларини ташкил қилаётган, оздирувчи маҳсулотлар рекламасини фаол олиб бораётганлар жуда кўп. Улар орасида машҳур санъаткорлар ҳам салмоқли. Youtube қидирув тизимига «осон озиш» дея ёзсангиз, эртакдаги натижалар ваъда қилинган видеолар чиқиб келади: «Бир кунда озамиз», «Уч кунда 10 кило озиш»... Фантастикага ўхшайди, аммо афсуски, ишонадиган соддалар ҳам оз эмас. Йўқса, видеолар 500 минг ва ҳатто миллиондан ошиқ кўрилмаган бўларди.

Семизлик янги муаммо эмас. Бу дард билан давлат даражасида курашиб келаётган мамлакатлар кўп. Ўзбекистон учун ҳам ортиқча вазн актуал муаммо. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда таъкидлаганидек, аҳолининг 56 фоизида ортиқча вазн, 30 фоизида сурункали касалликлар бор.

Озиш марафонлари аслида яхшигина даромад манбаи. Марафон ташкил қилишдан кўзланган асосий мақсад ҳам шу. Суриштирганимизда, блогер ёки диетологнинг умумий рейтингидан келиб чиқиб, нарх белгиланар экан. Нархлар 70 минг сўмдан бошланиб, 600-700 минггача боради. Иштирокчилар сони ҳам ҳар хил – 15-20 нафардан 100 нафаргача. Текин марафонлар ҳам йўқ эмас. Масалан, биринчи уч кун мутлақо бепул, давом эттириш учун тўлайсиз. Ёки айрим марафончилар бир шарт қўяди: оздирувчи маҳсулот сотиб оласиз ва иштирок этаверасиз. Икки ўн беш – бир ўттиз.

Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети, Спорт тиббиёти ва биохимия кафедраси ўқитувчиси, биохимик Дилнавоз Бердиева билан шу мавзуда суҳбатлашдик. Дилнавознинг танадаги ортиқча ёғлар, соғлом вазн йўқотиш, метобализм ҳақидаги чиқишлари кўпчиликка фойдали бўлиб келмоқда.

– Ўзида ортиқча вазн борлиги ва озиши кераклигини одам қандай билиши мумкин?

– Бу асосан учта усул билан аниқланади:

  1. Антропометрик кўрсатгичларнинг бир-бирига тўғри келиши ва тана массаси индекси орқали ҳисобланади;
  2. Одам ўзида сезаётган белгиларга кўра, масалан, юракда аритмия (бир меъёрда урмаслик), тананинг айрим қисмларида увушиш, ҳансираш, терлаш, нафас етишмовчилиги, оғирлик каби;
  3. Лаборатор текширув орқали. Лабораторияда қон томирларда ёғ йиғилиш даражаси, қонда холестерин ва глюкоза миқдори, жигарда ёғ миқдори ва ҳоказо.

Одатда вазн ташламоқчи бўлган одамга диетолог ушбуларни ўргатади ва ҳисоблаб беради. Чунки озмоқчи бўлган одам ўзидаги ортиқча вазн миқдорини, ниманинг ҳисобига вазн ташламоқчилигини (ёғ ҳисобигами, мушак ҳисобигами), семириб кетишига сабаб деб билган омилларини яхши билиши керак.

– «Бир ҳафта ёки ўн кунда озамиз!» деган эълонларга ишонса бўладими? Умуман соғлом озиш учун қанча вақт керак?

Бундай ёрқин рекламага ишониб, соғликни хатарга қўймасликни тавсия қилардим. Aслида, ҳа, тез вазн ташласа бўлади. Aммо бу қанчалик тўғри ва қайси йўл билан, деган саволга жавоб бериш керак. Соғлом вазн ташлаш асосан икки режали циклда амалга ошади:

  1. Қисқа муддатли, мақсадли вазн ташлаш.
  2. Узоқ муддатли соғлом вазн ташлаш.

Қисқа муддатли вазн ташлашдан асосан спортчилар фойдаланади: 7-10 кунда 5-10 килограммгача вазн йўқотиш орқали. Бу интенсив жисмоний машғулотлар қилиш (4 соатдан 8 соатгача), сувни режали ичиш, кардиомашқлар, терлаш, сауна, баъзан пешоб ҳайдовчи воситалар орқали қилинади. Жуда кам миқдорда оқсилли маҳсулотлар истеъмол қилинади. Aммо бундай вазн ташлаш хавфли. Чунки пешоб ҳайдовчи воситалар допинг ҳисобланади. Танадан калций ва калийни ювиб чиқаради.

Спорт билан интенсив шуғулланмайдиган одам ҳафтасига ёки ўн кунда 5-10 килограмм соғлом вазн ташлай олмайди. Соғлом озиш ҳеч қандай синтетик воситаларсиз амалга оширилиши керак. Тўғри ҳаракатланиш ва рационал овқатланишни ташкил қилиш орқали ойига 2-4 килограмм озиш норма. Бунда моддалар алмашинуви бузилмай, бош оғриши ёки айланишиларсиз соғлом жараён кечади.

Дастлабки уч кун ичакдаги тиқинларнинг чиқарилиши ҳисобига 2-3 килограмм вазн йўқотилиши мумкин. Aммо қолган кунларда бир ойда 2-4 килограмм доимий вазн ташлаб борилади. Бу узоқ муддатли, режалаштирилган озиш ҳисобланиб, аввало қон томирларда йиғилган ёғлар, қондаги ортиқча глюкоза, ёғ ва холестериндан халос бўлинади.

Озишдан мақсад – соғлом танага эга бўлиш. Демак, бу жараён ҳеч қандай ноқулай ҳисларсиз кечиши керак. Тез озишда қон босими ошиб-тушиши, ҳолсизлик, бош айланиши, кўнгил айниши, томир ўтказувчанлиги ошиб кетиши сабабли танада кўкаришлар, анемия каби бир қанча хавфлар мавжуд.

Шунингдек, парҳез ва спорт ҳам ҳар бир киши учун индивидуалдир. Масалан, оёқларида варикози бор ёки юрак хасталиклари билан оғриган беморларга тавсия қилинмайдиган машқлар бор. Шунинг учун озишни мақсад қилган одам профессионал диетолог кўригидан ўтиши лозим. Шундан кейингина парҳез танлаши, қабул қилаётган калорияси миқдорини сарфлаётган калориясига нисбатан 15 фоизгача камайтириш орқали овқатланишни тўғри ташкил қилиши ва спорт машқларини танлаши керак.

– Озишни бошлашдан аввал тиббий ёки руҳий тайёргарлик қай даражада муҳим?

Бундай тайёргарлик албатта керак. Соғлом вазн ташлаш учун қон босими, юрак ритми, ошқозон-ичак тизими, қондаги холестерин ва глюкоза миқдори, гормонлар консентрацияси текширилиши шарт. Бу семиришга сабаб бўлаётган асл муаммони аниқлаб беради. Аниқ сабаб билан курашиш эса осон ва самарали.

Лекин, амалиётда, айниқса, ҳозир ўзини озиш программаларини таклиф қилаётганларда ҳаттоки ҳеч қандай суҳбатсиз, калорияларни ҳисобламасдан, организмда кечаётган физиологик ҳолатларни инобатга олмай, марафонлар ташкил қилинаётганини кузатмоқдаман.

Тез озиш организм учун стресс. Бу вақтда стресс гормони кортизол миқдори ошиб, қандли диабетнинг иккинчи тури, мия тўқималарининг парчаланиши, иммунитет тушиб кетишига сабаб бўлади. Бу моддалар алмашинувидаги биттагина жараён бузилиши оқибати. Бундай мисолларни юзлаб келтириш мумкин.

Руҳий тайёргарликка сабр билан, доимий ва секин вазн ташлашга ўзини тайёрлаш, озишга шошиб киришиб кетмаслик киради. Шунингдек, вазндан қутулиш эмас, соғломликка эришиш учун вазнни камайтириб бориш асосий мақсад экани тушуниб етилган бўлиши лозим.

– Озиш марафонларида 20 нафар ҳатто 100 га яқин қизлар қатнашади ва улар кўпинча бир хил тартибда озади. Aммо вазн камайиши ҳар хил бўлади. Озишда одамнинг организм индивидуаллиги аҳамиятли эмасми?

Инсоннинг ортиқча вазни турлича бўлгани каби, у сарфлаётган килокалория ҳам, қабул қилаётган калория ҳам турлича. Қанча килокалория сарфлаётганини ҳисобламасдан, озишни ташкил қилиш илмсизликдир. Чунки, озиш қабул қилинаётган килокалорияни сарфланаётган калорияга нисбатан секинлик билан камайтиришдан бошланиши лозим.

Ёки қон босими баланд ва қон босими паст одам учун бир хил шароитда озишни ташкил этиб бўлмайди. Ҳаттоки, вазн ташлашда бир хил спорт машқи бериш ҳам хавфли. Юз нафар, борингки йигирма нафар мижознинг физиологик ҳолатини билиш мушкул. Масалан, кардиомашқ мумкин бўлмаганлар бор. Ёки қорнида ёғ тўпланган одамга пресс машқларини буюрилади. Бу эса қорин мушакларини шакллантириб, зичлашиб қолиши ҳисобига ёғ эришини қийинлаштиради. Спортдан фойдаланиб, вазн ташлашда биринчи ёғларни эритувчи машқлар тўпламидан фойдаланиш керак.

– Марафонлар шу қадар кўпки, қайси бирини танлашни ҳам билмай қолади киши. Тиббий билими бор диетологни, сифатли марафонни қандай билиш мумкин?

– Ҳақиқий диетолог тез озишга эътибор қаратмайди, аввал семириш сабабини аниқлайди. Семизлик турини белгилайди. Лаборатор таҳлилларни текшириш орқали ва суҳбат жараёнида семизликка ташхис қўяди. Шундан кейин махсус индивидуал программа таклиф қилади.

Тўғри рационал овқатланишни ташкил қилиш (таомнома таркибида керакли миқдорда оқсил, ёғ, углевод бўлиши керак) ва спортни қўшиш билан вазн ташлаш таклиф қилинади. Бунда қабзият, диария каби ёндош ҳолатлар озиш жараёнида учраши мумкинлигидан огоҳлантиради.

Марафонга келсак, соғлигимиз таваккал ёки тажриба қилиб кўриладиган нарса эмас. Сифатли марафон, қанча кўп вазн ташлаш билан эмас, соғломлик даражасини ошириш билан, программани тўлиқ бажариш билан ташкил қилинмоғи керак. Озиш дастури даврий ташкил қилиниши, орада дам олиш ҳам мавжуд бўлиши керак. Масалан, доимий кетодиетада юриш натижасида организмда ёғ миқдори камайиб, тана эластиклиги бузилади. Жинсий гормонлар ҳосил бўлиши пасайиши, айрим витаминлар ўзлаштирилмай қолиши мумкин.

 – Оздирувчи воситалар, чой, кофе-коктейллар ҳақида фикрингиз қандай? Озиш учун бу маҳсулотларни тавсия қилувчи мутахассисларга ишониш ва уларга амал қилиш қанчалик хавфли?

– Aгар дорилар билан озиш самарали ва соғлик учун хавфсиз бўлганида, биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқаришда етакчи бўлган АҚШда оммалашган бўларди.

Зарарсиз ва тез оздирувчи дори мавжуд эмас. Оздирувчи синтетик воситалар қон босими ва юрак уриш тезлигининг ошишига, уйқусизлик, асабийлик, бош оғриғи, қон қуюқлашиши, жигар фаолиятининг бузилиши, аллергик касалликларга олиб келиши мумкин.

Масалан, баъзи оздирувчи воситаларни фақат қўлдан сотиб олиш мумкин. Улар мамлакатимиз дорихоналарида сотилмайди, расман рўйхатдан ўтмаган. Ўзбек тилида таркиби, йўриқномаси ҳам йўқ. Ишончли манбалардан хавфсизлиги ҳақида маълумот ҳам топиб бўлмайди. Рус ва ўзбек тилидаги маълумотлар эса фақат сотув учун мўлжалланган реклама матни экани кўриниб турибди. Четдан қандай усуллар билан кириб келаётгани ҳам бизга қоронғу.

Маълумотларда «Табиий маҳсулотлардан олинган», дейилган бўлса-да, исботловчи манба йўқ. Баъзи оздирувчи воситалар таркибида таурин аминокислотаси мавжуд. Таурин энергия жараёнларини рағбатлантиради, ёғлар алмашинувига таъсир қилади. Бироқ у сафрода тўпланиб, ошқозон ости бези ҳужайраларини зарарлайди. Ушбу модданинг катта миқдори ошқозон ости безида қон кетишига ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин.

Оздирувчи чойларни қўллашнинг асосий хавфи сувсизланиш ва ҳаётий микроэлементлар (калий, калций, магний), минерал ва витаминларни танадан ювиб чиқаришидадир. Aйниқса, калийни йўқотиш, қон ивиш жараёнларининг бузилишига олиб келади.

Йил бошида Тошкент шаҳар ИИББ таркибида кучли таъсир қилувчи сибутрамин моддаси бўлган «Фатзорб» номли дорини оздирувчи восита деб сотаётганлардан огоҳлантирган эди. Инстаграм ва Youtube тармоғида эса «Фатзорб»нинг рекламаси фаол айланган эди. Машҳур санъаткор ва блогерлар «Фатзорб – ишончли, хавфсиз ва табиий» дея тарғиб этганди.

Сибутрамин Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида»ги 818-сон қарори билан тасдиқланган Кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган.  Бу маҳсулот дори воситаси сифатида давлат рўйхатидан ҳам ўтказилмаган. Шунингдек, ССВнинг Хавфсизлик параметрлари бўйича экспертизадан ўтказилган биологик-актив озуқа қўшимчалари (БФҚ) рўйхатида ҳам мавжуд эмас. Айни дамда блогерлар тавсия қилаётган кўплаб оздирувчи воситалар ҳам ушбу рўйхатда йўқ.

Зарарсиз оздирадиган биологик фаол қўшимчалар мавжуд эмасми, деган савол туғилиши табиий. Бор, аммо, улардан ҳеч бирини озмоқчи бўлган одамнинг физиологик ҳолатини билмай, тавсия қилиб бўлмайди.

Марафончилар орасида секин ва соғлом йўлдан боришни тарғиб қилувчилар ва улар билан тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини одат қилаётганлар ҳам талайгина. Уларга эътирозимиз йўқ. Бизнинг мақсадимиз сохта диетолог ва марафончилар, улар тавсия қилаётган дори воситаларидан огоҳлантириш. 

Дилроз Абраева

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг