Ўзбекистонда пайдо бўлаётган тотализатор фожиаси
Ҳозирги пайтда интернетсиз кунимизни тасаввур қилиш қийин. Бу табиий, бир кун интернет ишлатманг, ўзингизни замондан орқада қолгандай ҳис этасиз. Айниқса, ёшлар интернетда соатлаб ўйин ўйнамоқда. Аҳоли орасида айнан интернетдаги тотализатор ўйинига қизиқиш ортаётганини гап-сўзлардан ҳам англаш осон.
Тотализатор ўзи нима? У французча «totalisateur» сўзидан олинган бўлиб, ҳисоблаш, якунлаш маъноларни бирдиради. Оддий айтганда, тотализатор бу – мўмайгина пул ютиб олиш мақсадида букмейкерлик компаниясига пул тикиш деганидир. Яъни бирор-бир букмейкерлик компаниясида рўйхатдан ўтасиз. Ўйин ставкаларини ташкил қилувчи платформа ҳисоб рақамига пул ташлайсиз.
Унда истаган одам бирор-бир спорт ўйини воқеалари, натижаларини олдиндан тахмин қилади ва шу тахмин учун пул тикади. Ютуқ миқдори тахмин билан натижанинг қанчалик тўғри келишига боғлиқ. Сизнинг тахминингиз тўғри чиқса, сизга ютуқ чиқади. Устама пул ҳам берилиши мумкин. Агар тахминингиз ўзини оқламаса, сиз тиккан пул куяди.
Масалан, футбол ўйинини оладиган бўлсак. Биламизки, икки машҳур жамоа тўқнашуви олдидан ўйин ҳақидаги баҳс-мунозаралар, фикр-мулоҳазалар, тахминий ҳисобни айтиш каби жараёнлар кечади. Учрашув майдони, жамоалар қандай таркибда майдонга тушиши ва ҳаттоки, учрашув ҳакамини ҳам тахмин қилувчилар кўпаяди. Лекин тахмин қанчалик ўзини оқлайди? Ўйинда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Яқинда бир воқеани эшитиб қолдим. Тотализатор ўйинига муккасидан кетган хорижлик бир йигит Англия чемпионатидаги икки номдор жамоанинг ўйинини қайси ҳакам бошқаришини тахмин қилиб, тахминга бор пулларини тикади. Ҳаттоки ҳовлисини ҳам сотиб, пулларини шунга тикади. Ўйин бошлангач, майдонга ўйинчиларни у тахмин қилган ҳакам эмас, бошқа ҳакам олиб чиқади. Энди йигитнинг аҳволини тасаввур қилаверинг.
Тарихга назар ташласак, Европада дастлаб отлар пойгасига пул тикиш бошланган. Лекин бугунги кунга келиб, деярли барча спорт турларида тотализатор ўйналади. Ўз-ўзидан маълумки, тотализатор ўйини қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар таркибига киради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги «Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказишни тартибга солиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, мамлакатимизда бундай ўйинларни ўйнаш тақиқланган.
Бизда бу томондан тақиқ бор, лекин интернетдан фойдаланиш учун чеклов ёки тақиқ йўқ. Демак, истаган одам интернет орқали бу ўйинни ўйнаши мумкин. Ачинарлиси, ҳозирги кунда бундайлар сони кўпайиб бормоқда. Осон пул топишнинг нимаси ёмон дерсиз. Бор-будингиздан осонгина айрилсангиз нима қиласиз? Тотализаторга пулларимни қайтариб беринг, деб айтасизми? Бунинг орқасидан қанча одам манфаатдор эканидан хабарингиз йўқ. Тўғри, икки-уч марта тахминингиз тўғри чиқар, аммо кўза кунда эмас, кунида синади.
Авваллари эътибор бермас эдим, аммо кўпчилик замонавий телефон ишлатадиган танишларим кўпдан бери рус каналлари томонидан реклама қилинадиган тотализатор компаниялари орқали замонавий қиморга аралашиб қолишган. Улар ўйиннинг ҳар бир детали учун пул тикишмоқда. Олдин кичик миқдордаги пул тикилади. Бора-бора сумма кўпаяди, қизиқиш ортади. Шундай бўладики, бир кун келиб боридан айрилади.
Мисол учун, бир танишимнинг сўзларига кўра, унинг хоразмлик курсдоши тотализатор ўйинига муккасидан кетган. Уйидан жўнатилган шартнома пулини ўқишига тўламасдан, (тахминан 7,5 миллион) электрон пулга алмаштирган ва ҳаммасини битта ўйинга тиккан. Тахмини нотўғри чиққан ва ҳамма пули куйган. Табиийки, шартнома пулини вақтида тўламаган. Натижада бир йилга ўқишдан академик таътил олишга мажбур бўлган. Бунақа ҳодисалар кўп учрамоқда. Баъзилар бировдан 10 кун ичида 20 фоиз ортиғи билан қайтариш шарти билан қарз олиб, ҳамма пулини тотализаторда ютқазмоқда.
Замонавий қимор ўйини тобора ёшларимиз онгини заҳарламоқда. Ўзингиз хулоса чиқаринг. Сиз катта таваккалчиликка асосланган қимор ўйинини маъқул кўрасизми?!
Нурилло Насриев, ЎзА
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter