Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонликлар томонидан йиғилган гуманитар-молиявий ёрдам Туркияга юборилди

Ўзбекистонликлар томонидан йиғилган гуманитар-молиявий ёрдам Туркияга юборилди

6 феврал куни Туркия ва Сурияда 7,8 магнитудали ҳалокатли зилзилалар содир бўлган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда силкинишлардан юзага келган вайроналар оқибатида 43 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, 80 мингдан ортиқ киши жароҳатланган ва энг ёмони 1.5 миллион киши уйсизликдан азият чекиб, чодирларда кун кечиришмоқда. Зилзиладан сўнг 70 та давлат ва 14 халқаро ташкилот Туркияга ёрдам таклифини билдирди, улар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Мустақил Саноатчилар ва Тадбиркорлар Уюшмаси томонидан Туркияга гуманитар-молиявий ёрдам сифатида махсус хайрия ҳисоби очилди. Жорий йилнинг 16 март ҳолатига кўра йиғилган хайрия миқдори миллий валютада 2 млрд 339 миллион 678 минг сўмга ва хорижий валютада 22.310 долларга етди.

Бунда нафақат юридик шахслар, балки фуқаролар ва кўнгиллилар ҳам ўз ёрдамларини аямай, хайрия ишларига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Умумий йиғилган хайрия маблағлари конвертация қилиниб, 203600 АҚШ доллари миқдорида 2023 йилнинг 9 ва 13 март кунлари Туркия Фавқулодда Вазиятлар Агентлигининг (AFAD) зилзила оқибатларини бартараф қилиш бўйича махсус очилган ҳисоб-рақамига ўтказилди.

Маълумот ўрнида: AFAD томонидан Туркиянинг Қаҳраманмараш ва Ҳатайдаги зилзилалардан зарар кўрган фуқароларнинг бошпана эҳтиёжларини қондириш учун ҳозиргача 332 та чодир шаҳарчалар яратилди, уларда 360 167 та чодир ўрнатилди. Ўрнатилган чодирларда эса 1 440 668 кишига бошпана хизмати кўрсатилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, зилзиладан жабрланган вилоятларда 189 та контейнер шаҳарлари яратилмоқда. Режалаштирилган 90 914 та контейнернинг инфратузилмаси ва тахта ишлари давом этмоқда. Ўрнатилган контейнерларда 34 минг 120 нафар жабрланганларга бошпана хизмати кўрсатилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг