Ўзбекистонликларнинг Мисрга кириши бўйича янги қоидалар кечиктирилди
Ўзбекистон фуқароларининг Мисрга киришига оид янги қоидаларни жорий этиш муддати 2027 йил 1 мартга қадар кечиктирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бу муддатгача сайёҳлар Шарм-ал-Шайх ва Синай яриморолига виза олмасдан, амалдаги тартибда саёҳат қилишда давом эта олади.
Қайд этилишича, ТИВ ва Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси томонидан Миср томони билан тўғридан тўғри музокаралар олиб борилиши натижасида Ўзбекистон фуқароларининг ушбу ҳудудга кириш тартибини қатъийлаштириш бўйича аввал қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқиш юзасидан келишувга эришилган.
Шу тариқа, янги қоидалар кучга киргунига қадар фуқаролар Мисрга амалдаги тартиб асосида саёҳат қилишлари мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ТИВ хорижий ҳамкорлар билан фуқароларнинг чет элга сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, визасиз режимларни жорий этиш ҳамда бошқа хорижий давлатлар билан мавжуд сафар тартиб-таомилларини соддалаштириш борасида изчил ишларни давом эттирмоқда, дейилади хабарда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter