Ўзбекистоннинг умумий овқатланиш соҳасидаги яширин айланмаси 120 трлн сўмдан ортади – таҳлил
Ўзбекистоннинг умумий овқатланиш соҳасидаги яширин иқтисодий фаолияти ҳажми 120 трлн сўмдан ортиқни ташкил этади. Унинг энг катта улуши эса хизматлар соҳаси, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш тармоқларига тўғри келади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) ҳамда Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан ўтказилган қўшма тадқиқот натижаларига кўра, бу соҳасида яширин айланмани 1 фоиз бандга қисқартириш давлат бюджетига йилига қўшимча 119 млрд сўм тушум келтириши мумкин.
Тошкент шаҳрида Марказ ҳамда бошқа давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирокида ўтган «Умумий овқатланиш соҳасида норасмий иқтисодиёт ривожига таъсир этувчи омиллар» мавзусидаги давра суҳбатида қайд этилишича, сўнгги 7 йилда Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳаси юқори ўсиш суръатларини намоён этган. 2018–2024 йилларда тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 87 фоизга ошиб, ЯИМдаги улуши 4,4 фоиздан 5,6 фоизгача кўтарилган.
Шу билан бирга, жадал ўсишга қарамасдан, 2024 йилда меҳмонхона хизматлари ва умумий овқатланиш соҳасида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 87 фоизни ташкил этди. Шундан 83 фоизи яширин иқтисодиёт, 4 фоизи эса норасмий иқтисодиёт ҳиссасига тўғри келади.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакатда солиқ маъмурчилигини рақамлаштириш, онлайн-кассаларни жорий этиш, электрон меҳнат шартномалари, ҚҚСни қайтариш механизмлари ҳамда вақтинчалик солиқ имтиёзлари каби қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Бироқ бизнес кенгайган сари солиқ ва тартибга солиш юкининг ортиши натижасида иқтисодий фаолиятнинг маълум қисми расмий ҳисобдан ташқари қолишини рағбатлантирувчи омиллар сақланиб қолмоқда.
Соддалаштирилган режимлар ва ижтимоий солиқ бўйича пасайтирилган ставкалар мавжуд бўлишига қарамасдан, айланма бўйича белгиланган чегаралардан ошиш ҚҚС, фойда солиғи ва ижтимоий ажратмалар бўйича мажбуриятларнинг сезиларли ортишига олиб келади.
Қўшимча босим кредит ставкалари юқорилиги (22–32 фоиз), харидларнинг асосан анъанавий бозорлар орқали амалга оширилиши (64 фоиз) ҳамда ҳисоб-фактуралар орқали расмийлаштирилган етказиб бериш улушининг чеклангани (54 фоиз) билан изоҳланади.
Ишлаб чиқариш ресурслари тузилмаси ҳам муҳим аҳамиятга эга: уларнинг 52 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғри келади. Шу билан бирга, мазкур маҳсулотларнинг 64 фоизи кузатилмайдиган секторда шаклланади, бу эса қиймат яратиш занжири бўйлаб расмий ҳисобдан ташқари амалиётларнинг тарқалишига хизмат қилади.
Сўров натижалари соҳада бандлик ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг тўлиқ расмийлаштирилмаган амалиётлари сақланиб қолаётганини кўрсатади. Баҳолашларга кўра, умумий овқатланиш корхоналарида ходимларнинг 17–23 фоизи меҳнат муносабатлари тўлиқ расмийлаштирилмасдан банд этилган. Шунингдек, соҳадаги ҳар бешинчи корхона иш ҳақи тўловларини тўлиқ расмийлаштирмайди.
Шу билан бирга, тадбиркорларнинг 40 фоизи амалга оширилаётган давлат қўллаб-қувватлаш чораларидан хабардор эмас. Жумладан, корпоратив даромад солиғи бўйича имтиёзлар, ҚҚСни қайтариш механизмлари ҳамда қисқа муддатли электрон меҳнат шартномаларидан фойдаланиш имкониятлари тўғрисида етарли маълумотга эга эмас.
Ижтимоий ва хулқий омиллар ҳам муҳим аҳамият касб этади. Сўров натижаларига кўра, ходимларнинг 46 фоизи иш ҳақини тўлиқ нақд пулда олади, истеъмолчиларнинг 37 фоизи эса фискал чек талаб қилмайди. Нақд ҳисоб-китоблар ва онлайн ўтказмалар ҳануз кенг тарқалган тўлов усуллари бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, ходимларнинг 73 фоизи расмий бандликни афзал кўришини билдирган, тадбиркорларнинг 77 фоизи эса фаолиятни расмий майдонда юритиш муҳимлигини тан олган. Бу ҳолат эса кўп жиҳатдан мавжуд институционал чекловлар билан изоҳланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter