Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Уламолар Президентга мактуб йўллашди

Уламолар Президентга мактуб йўллашди

Муборак Рамазон ойи арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Уламолар кенгаши аъзолари ҳамда таниқли уламолар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий табрик ва миннатдорлик мактуби йўлланди.

Мактубда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, диний-маърифий соҳадаги янгиланишлар, миллий ва маънавий қадриятларни тиклаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланган.

Хусусан, Рамазон ойи арафасида эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган қарорлар алоҳида эътироф этилган. Жумладан, «Вақф» хайрия жамоат фондига 750 миллиард сўм, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали эса 300 миллиард сўм маблағ ажратилиши минглаб эҳтиёжманд оилалар учун катта кўмак бўлиши таъкидланган.

Уламолар қайд этишича, мазкур ташаббуслар ногиронлиги ва оғир касаллиги бор фуқароларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга манзилли ёрдам кўрсатиш, жамиятда меҳр-мурувват ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Мактубда таъкидланишича, дунё тажрибасида Рамазон ойини муносиб ўтказиш бўйича давлат раҳбари даражасида алоҳида қарорлар қабул қилиниши камдан-кам учрайди. Бу эса юртимизда диний қадриятларга бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодаси экани алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, мамлакатимизда 2000 дан зиёд масжидларда Хатми Қуръонларнинг тизимли ташкил этилиши, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази каби йирик маърифий лойиҳаларнинг изчил амалга оширилаётгани ислом маърифати ва илм-фанини ривожлантиришга қўшилаётган муносиб ҳисса сифатида эътироф этилган.

Мактуб сўнгида Президентга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Рамазон ойининг баракоти учун дуолар қилинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг