Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ППХ ходимлари дарахтларнинг кесилишини назоратга олади

ППХ ходимлари дарахтларнинг кесилишини назоратга олади

Фото: «Darakchi.uz»

«Тошкент шаҳри ҳудудидаги мавжуд манзарали дарахт ва буталар муҳофазасини кучайтириш, дарахтларнинг ноқонуний кесилиши ҳолатларининг олдини олиш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун ер участкаларини ажратишда дарахтлар ва кўп йиллик буталарни сақлаб қолиш тизимини ташкиллаштириш тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўртасида қўшма қарор имзоланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қарорга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича мажмуаси, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Ободонлаштириш бош бошқармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Тошкент шаҳрида мавжуд манзарали дарахтларни муҳофаза қилиш чора-тадбирлари режаси тасдиқланди. Тошкент шаҳар архитектура бош бошқармаси томонидан Тошкент шаҳрида қурилиш учун ер ажратиш бўйича тайёрланадиган ҳужжатлар хулосаларида белгиланаётган ҳудудларда мавжуд кўп йиллик ўсимликлар ва дарахтларнинг тури, сони, уларнинг ҳажми ҳақидаги маълумотларнинг кўрсатилиши қатъий йўлга қўйилади.

Тошкент шаҳридаги мавжуд дарахтларга шакл бериш (буташ) ишларини ягона тартибга келтириш ва бу ишларни бажаришда агротехника қоидаларига риоя этилиши юзасидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Ўсимликларни ҳимоя қилиш институти, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бошқа алоқадор ташкилотлар билан ҳамкорликда «Тошкент шаҳар ҳудудидаги дарахт ва буталарни кесиш, қирқиш (шакл бериш) ва кўп йиллик ўсимликларга агротехник ишлов бериш қоидалари»ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш бўйича таклифлар киритилиши маълум қилинди.

2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Тошкент шаҳрида дарахтларга шакл бериш, уларни кесиш ишларини бажариш Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосасига кўра туман ҳокимликларининг рухсатномаси асосида фақат Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимидаги ихтисослаштирилган ташкилотлар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилиши қатъий белгиланди. Кесишдан ҳосил бўлган ёғочлар маҳсулотларининг ҳисобини юритиб, белгиланган тартибда кирим қилинади.

Юқоридаги жараёнларни амалга оширишда дарахтларга шакл берилаётган ёки кесилаётган ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғини ва маҳалла профилактика инспекторларини хабардор қилиш керак бўлади. Туман ҳокимликлари томонидан дарахт ва буталарни кесишга берилган рухсатномаларни Тошкент шаҳар ҳокимлигининг расмий сайтига жойлаштириш ва кесилиш (шакл бериш) белгиланган дарахтлар ҳақида олдиндан хабар бериб бориш жорий этилади.

Қурилиш ва бошқа ишларни амалга ошириш учун ажратилган ер майдонларида рухсатнома асосида кесилгани учун ҳудуднинг ҳолатидан келиб чиқиб, ҳар бир кесилган дарахт тупи учун 10 тупгача манзарали дарахтларнинг экилиш амалиёти йўлга қўйилади. Ободонлаштириш бошқармаси, маҳалла фуқаролар йиғини, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда корхона ва ташкилотлар ҳудудидаги мавжуд дарахт ва буталарни хатловдан ўтказиб, уларни муҳофаза қилиш, ноқонуний тарзда кесилишининг олдини олиш юзасидан шахсан жавобгарлиги белгиланди.

Жамоат тартибини сақлаш пост патруль хизмати ходимлари ўзига бириктирилган ҳудудда ноқонуний дарахт ва буталарни кесиш ҳолатларини профилактика қилиш ва олдини олиш тадбирларини амалга оширади. Автотранспорт воситаларида ташилаётган дарахтларнинг таналарининг келиб чиқиш қонунийлиги юзасидан текширувлар ўтказиб, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг