Президент Жиззахда йиғилиш ўтказмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган йиғилишда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари фурсатдан фойдаланиб, яқинлашиб келаётган тинчлик, шукроналик, меҳр-оқибат ва саховат рамзи бўлган улуғ айём – Рамазон ҳайити билан юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни табриклади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
«Бугун яна бир муҳим сана – буюк саркарда бобомиз, Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун», — деди президент.
Сўнгги етти йилда Жиззахда ҳам катта ўзгаришлар бўлди.
Бу даврда вилоятга 5 миллиард доллар инвестиция, шу жумладан 3 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиниб, 2,5 мингта янги корхона ишга тушди.
Бу орқали 45 мингта янги доимий иш ўринлари яратилди. Тадбиркорлар 10,5 мингдан 20 минггача кўпайди. Бу – республика кўрсаткичидан 50 фоиз кўп.
Ҳеч муболағасиз, Жиззахда қишлоқ хўжалигидан саноатга жуда катта сакраш бўлди, деб айтишга барча асос бор, — қайд этилади хабарда.
Шу билан бирга, Жиззах вилоятида иқтисодиётни янги босқичга кўтариш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш учун мавжуд салоҳият тўлиқ ишга солинмаяпти. Вилоят ва туманлар раҳбариятининг бу борадаги фаолияти жуда сустлиги кўрсатиб ўтилди.
Сўнгги уч йилда Жиззахда йиллик айланмаси 1, 10 ва 100 миллиард сўмдан юқори корхоналар кўпайгани билан ўрта корхоналар сонининг ўсиш суръати кутилганидек бўлмаяпти.
Вилоят экин ерида етиштирилаётган маҳсулот бошқа вилоятларга нисбатан 2 баробар кам.
Ҳудуд саноатининг 80 фоизи 3 та тармоқ – автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш материаллари ҳиссасига тўғри келади. Фармацевтика, чарм-саноат, металлургия, мебелчилик, электротехника каби тармоқларнинг улуши жуда кам.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter