Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди

Президент Миллий китобхонлик ҳаракатига старт берди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бериш маросимида иштирок этди.

Давлат раҳбари нутқида бугунги кунда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект ҳаётга чуқур кириб бораётганини, бундай шароитда мустақил фикрлай оладиган инсонлар жамият тараққиёти учун ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади.

– Китоб ўқийдиган одам теран ва соғлом фикрлайди. Бундай тафаккурга эга инсон эса жамиятни ўзгартира олади, – деди Президент.

Таъкидланишича, Янги Ўзбекистонда китобхонлик ва мутолаа маданияти давлат сиёсати даражасига кўтарилмоқда. Президент улуғ аждодлар – Имом Бухорий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий ва Мирзо Улуғбек каби мутафаккирларнинг юксак салоҳияти илм ва китобга муҳаббат билан боғлиқ бўлганини қайд этди.

Давлат раҳбари 2017 йилдан буён ўтказиб келинаётган «Ёш китобхон» танлови миллионлаб ёшларни китобга яқинлаштирганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, жорий йил бошида қабул қилинган қарор асосида энг фаол китобхонларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими йўлга қўйилган. Яқинда «Ёш китобхон» танловининг республика босқичи якунланиб, унда 42 нафар ёш иштирок этган. Танловнинг уч нафар ғолиби Президент совғаси — замонавий автомобиллар билан тақдирланган.

Маросимда Бирлашган Араб Амирликларида амалга оширилаётган «Араб китобхонлик танлови» тажрибаси ҳам мисол сифатида келтирилди. Қайд этилишича, мазкур дастур 200 миллиондан ортиқ ўқувчини қамраб олган.

Президент маълум қилишича, Ўзбекистонда «Миллий китобхонлик ҳаракати» дастури бошланмоқда ва уни давлат даражасида қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида фармойиш имзоланган.

Эндиликда ҳар йили танловнинг финал босқичи Президент даражасида ўтказилади. Дастурнинг умумий мукофот жамғармаси 240 минг долларни ташкил этади.

Бош соврин соҳиби 50 минг доллар билан тақдирланади. Бу мамлакат тарихида китобхонлик соҳасидаги энг йирик мукофот сифатида қайд этилмоқда.

Дастурда 1-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчилар иштирок этиши мумкин. Президент ушбу ташаббусни мамлакат келажаги учун стратегик инвестиция деб атади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг