Психотроп моддаларни олиб кириш ва олиб чиқиш қоидалари ўзгарди
Ҳукуматнинг 2026 йил 2 июлдаги 359-сон қарори билан «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни олиб кириш, олиб чиқиш учун сертификат бериш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.
Янги низом гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар устидан давлат назоратини кучайтириш, уларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш жараёнини янада тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатга мувофиқ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни импорт ёки экспорт қилиш учун бериладиган сертификатдан фақат бир марта фойдаланиш мумкин бўлиб, унинг амал қилиш муддати бир йил этиб белгиланди.
Сертификат олиш учун ариза берувчида гиёҳвандлик воситалари муомаласи билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия мавжуд бўлиши, қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиниши ҳамда тақдим этиладиган маълумотларнинг ишончлилиги таъминланиши шарт.
Аризани кўриб чиқиш ва сертификатни расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази аризани қабул қилинган кундан эътиборан 30 иш кунидан кечиктирмаган ҳолда кўриб чиқади ва сертификат бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Шунингдек, берилган сертификатлар «Лицензия» ахборот тизимида электрон шаклда юритилади. Реестрдаги маълумотлар очиқ ҳисобланиб, ҳар бир сертификат бўйича алоҳида шакллантирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter