Қашқадарёда йилнинг тўрт мавсумида туристларни жалб қилиш учун салоҳият бор, аммо...
Давлат раҳбари Қашқадарё иқтисодиёти фақатгина йирик корхоналарга қараб қолмаслиги кераклигини кўрсатиб ўтди.
Масалан, вилоятда истеъмол товари ишлаб чиқаришда ўсиш суръатлари республика кўрсаткичидан 3 баробар кам. Айниқса, кичик бизнеснинг саноатдаги улуши энг охирги ўринларда.
Ваҳоланки, Қамашида цемент, гипс ва мармар, Шаҳрисабзда графит, Яккабоғда кварц қуми, Чироқчида марганец, Китобда доломит ва чинни конларини ўзлаштириб, ишлаб чиқаришни каррасига ошириш мумкин.
Бундан ташқари, Қашқадарёда йилига 150 минг тонна полиэтилен грануласи ишлаб чиқарилса-да, уни атиги 4 фоизи вилоятнинг ўзида қайта ишланади. «Шўртангаз кимё мажмуаси» атрофидаги 200 гектар бўш ерда 100 турдаги импорт маҳсулотини ишлаб чиқаришни йўлга қўйса бўлади.
Мутасаддиларга тадбиркорлар билан учрашиб, йирик саноат корхоналари билан кооперация асосида 10 мингта иш ўрни яратиш топширилди.
Умуман, Қашқадарёда саноат ҳажмини келгуси йилда 40 триллион сўмга, экспортни 500 миллион долларга етказиш белгилаб олинди.
Вилоятда йилнинг тўрт мавсумида туристларни жалб қилиш учун салоҳият бор.
Лекин, бу ҳозир Шаҳрисабз тумани, Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб билан чекланган. Йил бошидан вилоятга 180 минг хорижий сайёҳ келган, холос.
Янги тажриба қилиниб, германиялик ҳамкорлар билан Шаҳрисабз туманидаги 3 та туризм маҳалласининг мастер-режаси тайёрланди.
Бунда, 450 миллион доллар қўшимча инвестиция ва йилига 1 миллион сайёҳ жалб этадиган инфратузилма яратилмоқда. Натижада тадбиркорларда иштиёқ кучайиб, бу лойиҳаларнинг 367 миллион доллари ёки 81 фоизини уларнинг ўзи тикаяпти.
Буни ҳисобидан Шаҳрисабзни ўзида йилига қўшимча 500 миллиард сўм тушум кутилаяпти, 5 мингта янги доимий иш ўрни пайдо бўлаяпти.
Мутасаддиларга шу тажриба асосида йил якунигача Қамаши тумани ва Қарши шаҳрида ҳам лойиҳаларни ишга тушириш топширилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter