Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қишлоқ аёли қачон бахтли бўлади, қачонки...

Қишлоқ аёли қачон бахтли бўлади, қачонки...

Фото: «Xabar.uz»

Бундан уч кун олдин Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси матбуот хизмати ташаббуси билан Тошкент вилояти, Янгийўл туманига Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан пресс-тур ташкил этилди.

Матбуот хизмати раҳбари, ҳамкасбим Нилуфар Жумаева тадбирга таклиф қилганида «бииир пахта тераётган аёлларнинг суҳбатини оларканман», деб ўйлагандим. Нилуфар эса «опа пахтакор аёллар бугун дам олади, туманда сиз қишлоқ аёлларига ташкил қилинган байрам ва шу баҳона қишлоқ аёлларининг ўз қўллари билан ясаган ижодларини томоша қиласиз, қолаверса, уч кундан сўнг яна бир байрам — «Халқаро бахтли аёл» кунини нишонлаймиз, деди.

Бу ундан ҳам яхшироқ таклиф эди. Боиси байрам учун ташкил қилинган Янгийўл туманидаги оналар ва ёшлар сайилгоҳида қанчадан-қанча ҳунарманд аёлларни кашф қилдим. Ростдан ҳам қишлоқ аёллари йўқдан бор қилади, ҳунарманд бўлади.

Ўша жойда поликлиникага ҳам мўраладим. Ҳар шанба «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтар»идаги аёллар учун алоҳида тиббий кўрик ўтказиларкан. Аёллар жуда кўп.

— Қишлоқ аёлларининг тиббий маданиятга муносабатлари қай даражада деб сўрайман, менга ҳамроҳ бўлган фелдшер Азизжон Абдужабборовдан.

— Аёлларни биз ўз ҳолига қўймаймиз, маълум вақтда чиқиши кераклигини, текширишимиз шартлигини эслатиб турамиз, — дейди фелдшер ўрнига ҳозиржавоблик билан патронаж ҳамшираси Фарида Назирова. — Ва айтиш жоизки, аёллар ҳозир ўзлари онкологик касалликларнинг олдини олиш учун аввалгидан кўра эътиборлироқ бўлиб қолган. Хавфли саратон касаллигининг нима эканлигини, олдини олиш учун тез-тез тиббий кўрикдан ўтиб туриш кераклигини тушунтириб борганимиз боис аёллар соғлигига эътиборли.

Кўрикка келган аёллардан бирини саволга тутдим:

— Соғлиғингизга қанчалар эътиборлисиз?

— Мен ҳар уч ойда ҳеч нарса безовта қилмаса ҳам келаман, ўзим ҳамшираман. Бой берилган вақт, яъни вақтида назорат қилинмаган соғлиқ инсонни қанчалар бахтсиз қилишини яхши биламан, — дейди Иқболой Рахматова. — Аёлнинг соғломлиги фарзандининг бахти, ўзининг бахти.

Поликлиникадан чиқишимиз билан миллий кийимлардаги аёлларга кўзим тушди. Ахир қишлоқ аёли учун тақдим этилган бир кунлик қувонч бир неча кунга татиши тайин.

— Биз тумандаги 5-боғчада ишлаймиз, ўз ижод намунларимиз билан қатнашаяпмиз, — дейди, боғча опалардан бири.

Дарҳақиқат, бу ерда кўргазмага болалар билан биргаликда ясалган қўл ижодларини олиб чиққан боғча опалар кўп экан.

Сал нарироқда гулчининг уйи бор, дейди бизга ҳамроҳлик қилаётган аёллардан бири.

Гулчи деганларининг ҳовлиси ташқарию ичкариси гул экан.

— Яхши ва бахтли яшаш учун ҳаракат қилиш керак, — дейди Машҳура Масланова. — Бошида ҳовли гуллари экардик, кейин тувакдаги гулларга ўтдик. Бошида пулимизга куйган пайтларимиз бўлган, аммо турмуш ўртоғим ортга чекинмади. Ҳозир гуллар навининг саноғи йўқ. 3 сотих жойдан оладиган кунлик даромадимиз бир миллион. Буни ичида албатта гулларга ўғит олинади, техникага сафрлаймиз. Тошкент шаҳридаги барча бозорларга тарқатамиз. Уч ўғлим бор. Мана шунинг ортидан уй қурдик, тўй қилдик, машина олдик.

Ҳовлида бугумвеллия гуллари шохлаб очилиб ётибди.

— Буларни қирқиб ковлаб оламиз, ташқарида қолса совуқ уради, — дейди Машҳурахон.

Маҳалланинг бошиданоқ нима учун ҳамманинг ҳовлиси гулзор эканлигининг сабабини тушундик. Демак, гулчининг гулга бўлган меҳри бошқаларга ҳам юққан.

— Гул ўзидан ўзига ўсмайди. Унга ҳам меҳр керак. Нафақат ер, балки улар сув ҳам танлайди, — гапга қўшилади онахон.

Мен гулларни томоша қилиб ўтирган онахонни гапга тутаман.

— Хола, ҳозирги қишлоқларда аёлларнинг иши енгиллашганми?

— Ҳозирам қиламан десангиз қишлоқда иш кўп. Аммо бизнинг пайтимизда ишга кетгунча тандирга ҳар куни нон ёпиб, сигир-бузоқларга қараб кетардим. Уйга келиб кир-чирни қўлда ювиб, ўчоққа овқат қилардим. Ўша пайтлари озгина дам олиш ҳам катта бахт эди. Саккиз қизимни ана шундай меҳнат билан катта қилдим. Мана бу гулчи менинг энг бош қизим....

—Қизларнинг тарбияси, уларга масъулият жуда кучли бўлиши керак, тўғрими?

—Ҳа, қизларни ўқитолмаган тақдирингизда ҳам уларга албатта ҳунар ўргатишингиз керак. Қизларимнинг бариси ҳунарли — тикувчи, тўқувчи, гулчи. Ҳаммаси оилали — бола-чақали. Ўғиллардан зиёд очиғи. Биласизми қизим, қишлоқда меҳнаткаш бўлмасангиз кун кўролмайсиз. Ҳамма шаҳарга интилса қишлоқда ким қолади...

Хола билан хайрлашиб яна кўргазмаларни томоша қилишда давом этаман.

— Ростдан ҳам қишлоқда ҳамма ҳунарли, ҳамма бир-бирига устоз, — дейди Нафиса Маҳкамова. — Мен ўзим хотин-қизлар фаолиман. Бизнинг орзуларимиз, бизнинг ўйларимиз, ташвишларимиз мана шу тўқиган, тиккан нарсаларимизга сингиб кетган. Бизнинг қўл меҳнатимизни ўзимиздан кўра чет элликлар қадрлайдилар. Қишлоқларда тикув цехи очишади, тўқув цехи очишади... Агар маҳсулотлар машиналарда бажарилса хўп-хўп, аммо кўз нури тўкилиб яратилган ижод намуналарини жуда арзон баҳога сўрашса одам бироз ранжийди. Бизда ҳунарманд кўп, аммо маҳсулотни сотиш бироз муаммо. Яна бир муаммо — мен шогирд тайёрлайман, ўқитаман, ўргатаман, аммо қачондан бери менга тўланиши керак бўлган ойликни тўлашмаяпти. Дарвоқе Президентимизнинг 300-сонли қарорида Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси хотин-қизларни касбга ўқитишни молиялаштиришни назорат қилиш белгиланган.

Нафиса яна аниқлик киритади:

—Устоз-шогирд анъанаси бўйича «Ҳунарманд» жамғармаси маблағ ажратиши учун ҳокимият томонидан тавсия берилиши керак.

Қизим биринчи гуруҳ ногирони. Унинг дориларига пул керак, ўғлим хорижда аспирантурада ўқийди — контрактига тўлашим керак. Мен ўргатаётганимдан мингдан минг розиман. Аммо бу дегани бизга ажратилиши керак бўлган пул ажратилмаса ёки берилмаса ҳам бўларверади деганимас. Беш нафар қиз билан мана шу нарсаларни тўқиймиз, шу кўрпаларни тикамиз. Икки нафар аёлнинг турмуш ўртоқлари қамалган. Мана шу ҳунар ортидан уларнинг оиласига даромад кираётганига хурсандман...

Туман ҳокимияти, Оила ва маҳаллани қўллаб қувватлаш ташаббуси билан бошланган байрам тадбирлари бугун «Халқаро бахтли аёл» кунига уланиб кетгани шубҳасиз. Боиси қишлоқ аёлини умуман аёлни нима бахтли қилади? Оиласидаги тинчлик-хотиржамлик, яқинларининг саломатлиги ва касби, ҳунари орқасидан олаётган завқу шавқ. Қишлоқ аёлининг бахти учун озгина эътибор, шароит, ташаббусини қўллаб-қувватлов даркор.

Аслида қишлоқ аёлларига, умуман аёлларга имкон қадар шароит яратиш ҳақида давлат кеча кундуз изланишда. Аммо бугун ўша кўрсатилаётган ғамхўрликнинг қанчаси етиб бораяпти, яратилаётган шароитлардан қанчаси унумли фойдаланилаяпти бу энди бошқа мавзу. Ахир байрамдан бошқа кунлар ҳам бор...

Барно Султонова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг