Самарқанд сирлари: Ялангтўш Баҳодир шаҳар архитектурасида янги давр бошладими?

Самарқанд Самарқанд бўлибдики, не-не воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлмади, не-не ҳокимлар бу қадим шаҳарни бошқармади? Бири тузди, бошқаси тузаман деб бузди...
Ўзбекистон архитектурашунослик фанида шу чоққача, 1626-1656 йилларда Самарқанд шаҳри ҳокими бўлган Ялангтўш Баҳодир шахсини ўша давр архитектураси билан боғлаб фикр юритилмаган. Сабаби оддий: Баҳодир Ялангтўш ҳақида замондош тарихчиларимиз тўлиқ маълумотга эга эмас эди. Шукур, Мустақиллигимиз шарофати билан Самарқанд шаҳри билан боғлиқ барча шахслар тарихи чуқур ўрганилмоқда.
Самарқанд шаҳри ободончилиги, унинг архитектураси ва шаҳарсозлик муҳитини ривожлантиришга энг катта меҳнати сингган ҳукмдорлар орасида Амир Темур ва Мирзо Улуғбек номи алоҳида тилга олиниб келган. Лекин уларнинг сафига Иброҳим ибн Наср Тамғачхон Қорахоний (1040-1070), Ялангтўш Баҳодир (1576-1656) ва Самарқанд беги Шоҳмурод ибн Дониёлни ҳам ҳеч иккиланмасдан киритиш мумкин.
Самарқандга ХІ аср боши (1040-1070 йиллар)да ҳокимлик қилган Тамғачхон Қорахоний шаҳарда бунёд эттирган иккита ажойиб иншооти: илк мадраса ва бемористони(шифохонаси) билан тарихда из қолдирган. Самарқанддаги биринчи мадраса ҳозирги Шоҳизинда меъморий мажмуаси жойлашган ҳудудда қурилган бўлса, бемористон бизгача сақланган вақф ҳужжатига кўра, ҳозирги Сўзангарон кўчаси бўйлаб жойлашган ва Регистон майдонига яқин бўлган.
Биз Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида ушбу бизгача сақланмаган ҳар иккала бинолар архитектурасини ўша вақф ҳужжатлари ва археолог Шваф Ю.З., архитектор К.С.Крюковларнинг маълумотларига асосланиб график тиклашга ҳаракат қилдик.
Ҳар иккала бинонинг ҳам меъморий-режавий ечими бўйлама ўқли, ички ҳовлили, тарҳи тўғри тўртбурчакли меъморий композицияга асосланган. Бу композиция ўша давр ва сўнги асрларда ҳам Ислом шарқи мамлакатларида қурилган жамоат бинолари, айниқса, масжид, мадраса, шифохона ва карвон-саройлар учун кенг қўлланилган.
Уларнинг архитектуравий образи бош тарзда бўрттирилган дарвоза пештоқи ва ўқи бўйлаб ҳар икки ёнда аксли симметрик жойлашган ҳажмлардан иборат. Биноларнинг кўриниши курси, кириш пештоқи, бино вужуди ва бадиий тугуллик қисмларидан тузилган. Ҳар иккала бино пишиқ ғиштдан бир қаватли қилиб қурилган. Бироқ, бу бинолар яхлит бир меъморий мажмуа кўринишида эмас, балки бир-биридан алоҳида жойларда қурилган иморатлар эди.
Энди Ялангтўш Баҳодир даври архитектураси (ХVІІ аср) га келадиган бўлсак, бу давр Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар давридан кейинги, Ўрта Осиёдаги хонликлар даврига тўғри келиб, ўшанда Самарқанд Бухоро хонлигига қарар эди. Бироқ, Ялангтўш Баҳодир Самарқандни мустақил тарзда бошқариш шарафига эга бўлган ва ҳоким сифатида эркин ҳаракат қилган.
Ялангтўш даврида Самарқанднинг аввалги жомеъ масжиди ва мадрасаси, яъни Амир Темурнинг жомеъ масжиди ва Бибихоним мадрасаси бузилган бўлиб, шаҳар аҳолиси шундай масжид ва мадрасаларга муҳтож эди. Бунинг устига ўша даврда Регистон майдонида Мирзо Улуғбек қурдирган мадраса таъмирталаб бўлиб қолган, Улуғбекнинг Мирзои карвон-саройи ҳароба ҳолида, Муқатта масжиди ва Улуғбек хонақоси эса буткул йўқ бўлиб кетиб, уларнинг ўрнида ва ҳозирги Регистон майдонида шаҳар бозори жойлашган эди.
Ялангтўш ушбу майдонни обод ҳолга келтириш ва шаҳар аҳолисининг эхтиёжларидан келиб чиқиб, Улуғбек карвонсаройининг сақланиб қолган қисми ва пойдеворларига ўзгартиришлар киритади. Битта бино таркибида иккита иморат: жомеъ масжиди ва мадраса бунёд этади (1641-1646 йил). Масжид иморати қибла тарафга, мадраса эса унинг шарқ тарафига қаратиб аввалги карвонсарой пойдеворлари устига қурилади. Масжид биносининг бош гумбази шифтига ишланган нақшларга тилла суви югуртирилиб зарҳалланади (1660 й) ва шу боисдан ушбу бино «Тиллакори масжид мадрасаси» деб ном олади. Масжид хонақосининг гумбази устивон билан баланд кўтарилиб, ўша давр Самарқанд гумбазлари сафидан муносиб ўрин олади, Регистон майдонида эса у ягоналиги билан ажралиб туради. Таъкидлаш жоизки, ўша даврлар Ислом дунёси масжидларида баланд кўтарилган гумбазлар масжидларнинг «жамоли» ҳисобланган.
Регистонда Мирзо Улуғбек даврида қурилган хонақоҳ ўрнига эса Ялангтўш томонидан «Шердор» мадрасаси (1619-1636 йй) бунёд эттирилади. Мадраса ўзининг бош тарзи билан Улуғбек мадрасаси тарзига муқобил, яъни унинг қарама қаршисида, ўртада майдон қолдирилиб, бир умумий бўйлама ўқда жойлаштирилади. Тиллакори масжид-мадрасаси тарзининг ўқи эса ушбу ўққа перпендикуляр қилиб ўтказилган. Ҳар иккала бинонинг баландлиги Улугбек мадрасасига қиёсланиб икки қаватли қилиб қурилади. Натижада, ушбу учта алоҳида қурилган иморатлар ўша майдон атрофида ўзаро муайян бир меъморий тартиб асосида жойлаштирилиб Регистон ансамблини вужудга келтиради.
Бу ансамбл ўша давр Ўрта Осиё шаҳарсозлиги ва меъморчилик санъатининг энг олий даражадаги кўринишида, ҳозирги тил билан айтсак, инновацион композицияси тарзида шаклланади. Бу ансамблга қадар Ўрта Осиёда ўрта асрлар давомида ансамблсозлик санъатида «жуфт» ва «қўш» ансамбллари деб номланган мажмуалар юзага келган. Ҳозирги адабиётларда Регистон сабабли меъморий тилда «майдонча ансамбли» деб атама қўлланилади.
Регистон ансамбли Ўрта Осиё шаҳарсозлигида ҳозирда ҳам анологи, яъни ўхшаши йўқ. У шу қадар жозибали, шу қадар гўзалки, Регистон ансамблини ташкил этган биноларнинг меъморий тузилишидаги маҳобати, гўзаллиги ва жозибадорлиги ҳар қандай маданиятли сайёҳни ҳам лол қолдиради. Нима учун? Айрим томошабинлар ансамбл биноларининг маҳобатию-салобатига қойил қолсалар, бошқалари уларнинг мунаққашлигига тан беради. Тўғри, ҳақиқатда ҳам, бу ерда бинолар маҳобатли ва мунаққашдир. Бироқ, Ўрта Осиёнинг бошқа тарихий шаҳарларида ҳам маҳобатли ва мунаққаш бинолар кам эмаску, нега Регистон бошқача? ! Бу ерда гап бошқа нарсада!
Мажмуанинг сири ушбу иморатлар архитектурасининг ўзаро мажмуавий уйғунлашиб, ягона майдон атрофида юксак меъморий ғоя ва услуб билан жойлаштирилганида! Бундай услубнинг Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даври шаҳарсозлик санъатининг узвий давоми десак тўғри бўлади. Бироқ, у юқорида айтганимиздек, Ўрта Осиё шаҳарсозлик санъатида Баҳодир Ялангтўш давридаги кўринишдагидек яратилмаган эди. Ялангтўш ўз даври меъморлари ва шаҳарсоз усталарининг юксак ғоявий имкониятларини тўғри тушуниб, уларнинг орзу-умидларини руёбга чиқаришга яхши шароит яратиб берди, муносиб рағбатлантирди. Бундай ўлкан шаҳарсозлик ансамблини Амур Темурнинг Шаҳрисабздаги «Оқсарой»и ансамблидан кейин Ўрта Осиё меъморчилиги тарихида учратмайсиз.
Регистон ансамблини ташкил қилган ҳар бир бинога майдон ичидан туриб қарар эканмиз, уларда яширинган синоатни илғаймиз. Бинолар пештоқи ва «қанот”ларидаги қисмлар, бурчлардаги адлқомат миноралар, ритм билан жойлашган равоқлар, тарзлардаги гўзал нақшу нигорлар, буларнинг барчаси ўзаро бир-бирига, айни пайтда, яхлит иморат тарзига шаклан мутаносиб (пропорционал) ҳажмий ва мазмунан симметрик, меъморий ҳамоҳанг ва уйғундир. Мазкур ансамблни ташкил қилувчи ҳар бир иморатнинг гўзаллик сири ҳам айнан ана шунда! Тиллакори масжид-мадрасасидаги масжид гумбази ва унинг ўлчамлари иморатнинг мадрасаси қисмига нисбатан ассиметрик жойлашган бўлса-да, ушбу меъморий муносабат ансамблнинг қолган иморатлари билан контраст муносабатга кириб, гўзал яхлитликни шакллантириш имконини берган. Ушбу ансамл кейинчалик нафақат Мовароуннаҳрда, балки бутун Марказий Осиё мамлакатлари шаҳарсозлигида ҳам намуна тарзида хизмат қилди. Регистон ансамблига ўхшаш меъморий ансамбллар кейинчалик Ўрта Шарқнинг бошқа шаҳарлари ( Ҳирот, Агра, Деҳлида) ҳам шаклланади.
Хулоса қилиб айтишимиз мумкинки, Ялангтўш Баҳодир даврида Самарқанд архитектураси ва шаҳарсозлигидаги ўзгаришлар бу ердаги Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар давридаги ривожланишлардан ўзининг сифат даражаси ва ғоявий яхлитлиги билан ҳеч ҳам кам бўлмади, аксинча айнан ансамблсозлик санъати жиҳатидан улардан ўзиб кетди ва янги ғоявий ечимлар юзага келди.
Адҳам Уралов,
меъморчилик фанлари доктори, Самарқанд Давлат Архитектура ва Қурилиш институти профессори
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter