Sea Breeze Uzbekistan бизга қанчалик керак? Уни қуриш учун учта шарт

Ўтган ойлар, балки йилнинг энг кўп муҳокама қилинган экологик мавзуси - Sea Breeze Charvak мажмуасининг қурилиши бўлди. Экофаоллар бунда кўпроқ хавф кўраётган бўлсалар, иқтисодчи мутахассислар унинг фойдаси ҳақида гапирмоқда. Вазият қандай?
Ҳафта ўртасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистондаги кўплаб ОАВ вакиллари учун Озарбайжонга сафар ташкил қилинди ва журналистлар лойиҳа асосчиси Эмин Агаларовга тегишли бўлган Sea Breeze Resort мажмуаси билан танишиб қайтдилар. Сафар давомида шахсан Агаларовнинг ўзи журналистлар билан учрашди ва лойиҳа атрофидаги саволларга жавоб берди.
Xabar.uz мана шу масалаларга тўхталиб ўтади.
Sea Breeze Uzbekistan каби йирик мажмуанинг қурилиши, дарҳақиқат, сайёҳларни жалб қилиш ва юртимиз ривожига қаратилган улкан лойиҳадир. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Бироқ, ҳар қандай кенг кўламли қурилишда бўлгани каби, бу ерда ҳам ҳисобга олиниши шарт бўлган жиҳатлар мавжуд.
Лойиҳанинг ижобий томонлари ҳақида кўп гапириш шарт эмас. Қурилиш жараёнидаёқ қанча одам иш билан таъминланади, у битгач яна қанчаси барқарор даромад манбаига эга бўлади, Агаларов айтмаса ҳам тушуниб турибмиз. Sea Breeze Uzbekistan туфайли кўпчилик ишлик бўлиб қолади - хизмат кўрсатиш ходимлари, маъмурият, сотувчилар, гидлар ва ҳкз. Сайёҳлар оқими ошади, инфратузилма яхшиланади, маҳаллий бюджет даромадлари ошади. Муҳими, Агаларов таъкидлаб ўтганидек: "Буларнинг барчасини ўзи билан ҳеч қаерга олиб кета олмайди, ҳаммаси Ўзбекистонда қолади".
Куни кеча Туризм қўмитаси томонидан ажойиб статистика эълон қилинди, унга кўра 2025 йилнинг апрел-июн ойларида Ўзбекистонга уч миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрган.
Эътиборли томони, 2024 йилнинг шу даврига нисбатан хорижий сайёҳлар сони қарийб 20 фоизга кўпайган ва бу жараён давомли бўлмоқда. Пандемия тугагач ҳар йили сайёҳлар сони барқарор равишда ошиб боряпти. Аммо соҳада янгилик қилиб турилмас экан, қачондир бу тенденция тўхтаб қолиши мумкин. Шу томонлама Sea Breeze Uzbekistan – дарҳақиқат катта топилма. Боз устига, бир деганда 10 миллиард доллар сармоя кирита оладиган тадбиркорни топиш ҳам осон иш эмас. Агаларов эса бунга тайёр.
Аммо энди экофаоллар кўтараётган масалага ўтсак. Бундай катта мажмуа қурилиши Чорвоқ кўли экотизимига таъсир кўрсатиши аниқ. Гарчи лойиҳа муаллифлари таъкидлаётганидек Чорвоқ қурилиш ва маиший чиқиндилардан максимал муҳофаза этилса-да, табиий ландшафтнинг бузилиши, дарахтларнинг кесилиши - барчаси рўй бериши муқарар. Ҳатто Агаларовнинг ўзи ҳам тан олди, қурилиш давомида қанчадир миқдорда дарахт кесилади, аммо ўрни ўн баробар кўпроқ қилиб тўлдирилади.
- Сиз кўриб турган мана шу Sea Breeze Resort мажмуасидаги дарахт, бута ва гулларнинг 90 фоизи илгари бу ерларда ўсмас эди. Экологларимизнинг катта меҳнати эвазига илгари бўлмаган флорани ўстиришга муваффақ бўлдик. Чорвоқда ҳам шунақа қилмоқчимиз, у ерга турли дарахт, гул ва буталарни олиб борамиз, – деди тадбиркор.
Эмин Агаларовнинг айтишича, Sea Breeze Resort'ни кўкаламзорлаштириш учун ўтган йилнинг ўзида 35 миллион доллар маблағ сарфланган. Чорвоқда ҳам яшилликка киритиладиган сармоя бундан кам бўлмайди.
Албатта ҳаммани қизиқтирган яна бир масала – канализация тизими бўлиб турибди. Боиси Чорвоқда марказлашган канализация тизими йўқ ва бу қадар катта мажмуанинг ишга тушиши сув захирасига хавф солади.
Агаларовнинг таъкидлашича, лойиҳа қурилиши бошланган тақдирда ҳукумат Чорвоқ ҳудудида канализация тизимини қуриб, ишга туширишга тайёр. "Ҳозир у ерда фаолият олиб бораётган дам олиш объектларининг бирортаси марказий канализация тизими билан таъминланмаган. Барчаси локал канализацияга эга ва бу экологияга салбий таъсир ўтказади. Биз қурилишни бошласак, канализация тизими ҳам бўлади, натижада Чорвоқ ҳозиргидан анча тоза бўлади", – деди Агаларов.
Тадбиркор шу ўринда Sea Breeze Resort жойлашган Каспий денгизини мисол қилиб келтирди. Унинг айтишича, мажмуа қурилганга қадар ён-атрофдаги аҳоли яшаш масканларининг канализация тизими Каспийга қаратилган эди. Натижада ёз ойларига келиб, қирғоқ бўйларидан бадбўй ҳид чиққан. Sea Breeze Resort ишга тушиши натижасида Озарбайжон ҳукумати канализация тизимини қуришга қарор қилган. Натижада Каспий суви ҳам тозаланди. "Ҳозир Sea Breeze Resort жойлашган қирғоқ атрофи Каспийнинг энг тоза қисми ҳисобланади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳар йили вазиятни мониторинг қилиб боради", - деди Агаларов. Унинг айтишича, Ўзбекистонда ҳам худди шундай тизимда иш олиб борилади.
Албатта буларнинг барчаси яхши, аммо баъзи саволлар борки, яна ўйлаб кўришга тўғри келади. Мисол учун, қурилиш давомида юзага келадиган чиқиндилар қаерга ташланади? Чорвоқ атрофида умуман чиқинди полигони йўқ, узоққа элтиш учун эса биттагина йўл мавжуд ва у ҳам торлик қилади. Ўзи шундоқ ҳам тоғ йўли мудом тирбандликда.
Тўғри, Чорвоқ томон яна бир йўл қурилиши олиб борилмоқда, аммо бу ўринда гап минглаб тонна чиқиндини юзлаб километр масофага ташиш ҳақида кетмоқда. Боз устига оғир юк машиналари қишнинг қаҳратони ва ёзнинг жазирамасида янгию эски йўлларни дабдаласини чиқариб ташламайдими?
- Мен 10 миллиард доллар пул сарфлаб объект қурадиган бўлсам, аввало фойда олиш ҳақида ўйлайман. Агар Sea Breeze атрофида чиқиндилар ёйилиб ётадиган бўлса, мен қурган уйни ҳеч ким сотиб олмайди ва у ерга дам олиш учун ҳеч ким келмайди. Шунинг учун Чорвоқ тоза ва сўлим бўлиб қолишидан энг кўп манфаатдор одам мен бўламан. Биз бу масалани албатта ҳал қиламиз, – деди Агаларов.
Тадбиркор журналистлар билан мулоқотда инкор этиш қийин бўлган бир фактни келтириб ўтди. Унинг таъкидлашича, Чорвоқда у қурмайдиган бўлса, бошқалар албатта уй-жой, дам олиш объектлари қуришади. Фақат уларда бундай марказлашган, аниқ-тиниқ ўйланган лойиҳа бўлмайди, балки пала-партиш, ҳамма ўзи истагандек қуриб ташлайди. "Чорвоқда барибир қурилиш бўлади, бу замон талаби. Фақат бу қурилиш қай таҳлит ўтказилади, шуни ўйлаш керак", деди тадбиркор.
Унинг иддаосини рад этиш учун асосли сабаб топа олмадик.
Бир сўз билан айтганда, ҳақиқатан ҳам Sea Breeze Uzbekistan каби лойиҳа бизга жуда керак. Фақат уни қуришдан аввал бир неча шартларни албатта амалга ошириш лозим.
Биринчидан, энг аввало, қурилиш лойиҳасини халқаро экспертлар мустақил тарзда кўриб чиқишлари керак. Якуний хулоса ҳам улар томонидан берилиши шарт. Бунга на ҳукумат аралашсин ва на тадбиркор. Халқаро экспертлар нима деса, шу бўлсин.
Иккинчидан, борингки мақсад марказлашган лойиҳани амалга ошириш орқали Чорвоқни турли пала-партиш қурилишлардан асраш бўларкан, ҳудудда бошқа қурилишларга нисбатан мораторий эълон қилинсин. Бизда яхшими ёки ёмон бир одат бор, қайсидир бизнес муваффақиятли бўлса, бошқалар ҳам ўша ишни албатта қилиб кўргиси келади. Аммо Чорвоқ резинадан эмас ва у чўзила олмайди. Табиатни асраш шарт ва бу қуруқ гап эмас.
Учинчидан эса, шу энг муҳими ҳам бўлса керак, тадбиркор қурилишни охиригача, лойиҳада кўрсатилгандек қилиб қура олишини кафолатласин. Билмадим бу қандай бўлади, балки қурилиш босқичма босқич амалга оширилар (бир қисми тугамагунча бошқасини бошламай туриш), ёки етарли сармоя аввал депозитга қўйилиб, кейин иш бошланар (жуда қийиндир), нима бўлган тақдирда ҳам лойиҳа бошландими, охирига етказилиши шарт. Чунки аро йўлда қолиб кетадиган бўлса, масалан Сенегалда бўлгани сингари, табиатга энг катта хавф ўша бўлади. Қурилиш майдонидан чанг ва бошқа зарралар кўтарилиб, сувга тушади. Бу сувни эса биз ичамиз.
Умид қиламанки, айнан шу масалада аввал етти ўлчаб, кейин бир кесамиз...
Зафар ҚОСИМОВ
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter