Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сен бизга кераксан, болажон! Артистлар, депутатлар ва оддий инсонлар қон топширди

Сен бизга кераксан, болажон! Артистлар, депутатлар ва оддий инсонлар қон топширди

Фото: Адолат СДП

Қон – тириклик манбаи. Кундалик ҳаётимизда унинг аҳамияти ҳар доим ҳам сезилмайди. Аммо исталган касалхонага киринг, буткул бошқа оламга тушасиз. Мана шу томирларингизда беминнатгина оқиб турган қоннинг бир қатрасига муҳтожларни кўрасиз. Улар орасида ҳаётимиз мазмуни бўлган қоракўзлар – болажонлар борлиги эса борлиғингизни ағдар-тўнтар қилиб юборади.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ижтимоий-тиббий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватламоқда. Партия фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақиради. Шу орқали бемор болалар ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган анъанавий хайрия акциясини ўтказилмоқда.

Хусусан, 2018 йилнинг 1 июнь куни Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда 3-4 декабр кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган акцияда Республика бўйлаб 1500 га яқин хайрихоҳлар иштирок этди. Улардан 398  000 грамм қон тўпланди. Ушбу акция анъанавий тарзда ўтказилмоқда.

Навбатдаги беғараз донорлик акцияси Тошкент шаҳридаги қон қуйиш марказида ўтказилди. Акцияда турли касалликлар ёки бахтсиз ходисалар туфайли қон алмаштиришга муҳтож бемор болаларга жон бағишлаш, уларнинг ҳаётга қайтишларига ёрдам бериш, оғир бемор болаларнинг умидвор кўнгилларига малҳам бўлиш, бу ёруғ дунё гўзалликларига интиқ кўзларга нур ато этиш ҳамда уларнинг соғайиб кетишига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган уч юздан ортиқ юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг «Ҳар бир болага меҳр-мурувват» шиори остида ойлиги доирасида бўлиб ўтган акцияда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари фаоллари, «Аёллар қаноти» ва «Ёш адолатчилар» қаноти аъзолари, хайрихоҳлар ҳамда бошқа кўнгилли фуқаролар фаол иштирок этишди.

Болажонларга қон бериш учун кўплаб таниқли шахслар ташриф буюрди. Хусусан, қонунчилик палатаси депутатлари Людмила Кошелапова, Жамшид Пирматов, Улуғбек Саматов, Умид Сулайманов, Даврон Тангиров, «Шуҳрат» медали соҳиби, хонанда Умид Шаҳобов, таниқли журналистлар – «Адолат» газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамро, Ўзбекистон телеканали «Ассалом Ўзбекистон» кўрсатуви бошловчиси ва муаллифи Фаҳриддин Самадов, партия сиёсий кенгаши раиси ўринбосарлари Абдукамол Рахманов ва Фарҳод Ишанкуловлар шулар жумласидандир.

Партиянинг ушбу дастурий мақсадлари доирасида ташкил этилган донорлик акцияси давомида 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, 55 килограмдан ошиқ вазнга эга Ўзбекистон фуқаролари донор сифатида иштирок этишди. Тадбирда аёлларда гемоглабин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши каби талабларга жавоб берадиган соғлом аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкинлиги ва бир неча маротаба тиббий ҳамда қон текширувидан ўтишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Қон бу – ҳаёт, инсон тириклигининг асосидир. Унинг қийматини дунёда ҳеч бир нарса билан таққослаб бўлмайди. Тиббиётда турли хил касалликлар, шунингдек, фавқулодда жароҳат олган инсонлар, айниқса, жажжи болажонлар кўп қон йўқотиши натижасида ҳаёти қил устида бўлиб қолади. Бундай беморларни даволаш баробарида донорларнинг беминнат ёрдами жуда муҳим.

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан «Ҳар бир болага меҳр-мурувват!» шиори остида ўтказилган беғараз донорлик акцияси Тошкент шаҳридан ташқари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳам уюшқоқлик билан ташкил этилиб, мингдан ортиқ кўнгилли юртдошларимиз қон топширишди. Натижада юзлаб бемор болажонлар саломатлиги учун зарур бўлган 360  297 грам тириклик манбаи тўпланди.

Акция давомида беғараз қон топширган донорларга «Адолат» партияси миннатдорчилик билдиради!

«Ҳар бир болага меҳр-мурувват!» ойлиги доирасида ташкил этилаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон» беғараз донорлик акцияси 11 июлга қадар республикамиздаги Олий таълим муассасалари ҳамда жамоат ташкилотларида давом эттирилади. Барча ҳамюртларимиздан имкон қадар унда иштирок этишни сўраб қоламиз.

Ўзбекистон «Адолат» СДП
матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг