Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев мубораклик ёшларнинг таклифини қаноатлантирди

Шавкат Мирзиёев мубораклик ёшларнинг таклифини қаноатлантирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида бўлиб, шароитларни кўздан кечирди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Шу ерда қашқадарёлик ёшлар билан учрашув ўтказилди.

– Мен сизларнинг кўзларингга қараб, очиқ мулоқот қилгани келдим. Ҳамма ёшлар билан кўришишни хоҳлардим, лекин, афсуски, бунинг иложи йўқ. Сиз уларнинг вакиллари ўрнида жойлардаги муаммоларни, ёшлар истакларини айтишингизни истардим. Шунинг учун қўрқмасдан, ўз ота-оналарингга нима дейишни хоҳласаларинг, ҳамма фикрларингни бемалол айтинглар, – деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, бандлигини таъминлаш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича очиқ мулоқот бўлди.

Қашқадарё вилоятида 26 мингдан зиёд ёшлар ишсиз, тадбиркорлик ривожи мамлакатдаги ўртача кўрсаткичдан анча пастда экани қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йигит-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, «Ёшлар – келажагимиз» давлат дастури доирасида йиллик режага қўшимча маблағ ажратиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари мубораклик ёшларнинг таклифини қаноатлантириб, туманда IT-парк ташкил этиш, электрон тижорат ва дастурлаш кўникмаларини бепул ўргатиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Китоб туманидаги 150 ўринли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 310 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Мазкур муассаса ўқувчилари учун етарли шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Вилоят ёшларининг спортга қизиқишини инобатга олиб, мактабларда спорт заллари қуриш, мажмуаларда тўгаракларни кўпайтириш зарурлиги айтилди. Инвентарлар ва анжомлар сотиб олиш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратишга кўрсатма берилди.

Яқинда Сербияда ўтган самбо бўйича жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти талабаси Мушарраф Ибодуллаева давлат гранти асосида ўқишга ўтказиладиган бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда турли соҳаларда ўқиётган ва ишлаётган ёшларнинг фикрлари эшитилди. Таклифлари маъқулланиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

– Мендан энг катта мақсад-муддаоинг, бахтинг нима, деб сўрасаларинг, шундай деган бўлардим: ёшларимизнинг дунёқарашини жаҳон даражасига кўтариш, ишли қилиш, ғурур-ифтихорини юксалтириш, оилавий бахтини кўриш, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг