Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шахсий чегаралар ва хавфли ёлғизлик...

Шахсий чегаралар ва хавфли ёлғизлик...

Фото: Psyhosoma.com

Манбалар ва глобал трендларни кузатиш асносида бир қизиқ маълумотга дуч келдим. Буюк Британия дунёда биринчи бўлиб 2018 йилда Бош вазир Тереза Мэй ташаббуси билан Ёлғизлик масалалари бўйича вазир лавозимини жорий этган. Ўшанда мамлакатда 9 миллиондан ортиқ одам доимий ёлғизликдан азият чекаётгани маълум бўлган ва Японияда, 2021 йил пандемия даврида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кескин ортгани сабабли «Ёлғизлик ва ижтимоий яккаланиш масалалари бўйича» вазир тайинланган. Кейинчалик, 2024 йилда Япония ҳукумати бу борада алоҳида қонун ҳам қабул қилди, яъни расман «Ёлғизлик вазирлик»лари ташкил қилинган. Бошқа ғарб мамлакатларида, хусусан АҚШ, Швеция, Германия, Норвегия ва Нидерландия каби давлатларда ҳам алоҳида вазирлик очилмаган бўлса-да, ёлғизликка қарши курашиш бўйича миллий дастурлар ишлаб чиқилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларида ҳам ёлғизлик «миллий эпидемия» деб эълон қилиб, унинг соғлиққа зарари кунига 15 та сигарет чекиш билан тенг эканини айтган. У юрак-қон томир касалликлари, депрессия ва эрта ўлим хавфини оширади.

Бир ўйлаб кўринг-а дунёнинг энг бой, технологияси ривожланиб кетган жамиятлари энди одамларга шунчаки бир-бири билан гаплашишни, ҳол-аҳвол сўрашни эслатиш учун давлат бюджетидан миллиардлаб доллар сарфламоқда. Парклар қуриб, сунъий мулоқот клублари очяптики, нима бўлса ҳам ёлғиз қолманглар, мулоқот қилиб туринглар деб.

Хўш, бизда-чи? Кузатувларимга қараганда охирги пайтларда «америкача» индивидуализм шабадаси гуркираб ривожланиб кетаяпти. Ижтимоий тармоқларда кўпчилик шахсий чегараларини ўрнатган, «мен ҳеч кимга ҳеч нарса қарз эмасман», «ўзимга ўзим етиб ортаяпман» деган фикрлар урчиб кетган.

Амалиётчи психолог сифатида айтадиган бўлсам, албатта, бунинг яхши томони ҳам кўп. Тан олиш керакки, биздаги анъанавий жамоавийликнинг (маҳалла, уруғ-аймоқчилик) вақти-вақти билан одамни бўғиб қўядиган томонлари бор эди. «Эл-юрт нима дейди», «Тўйимга келмасанг юз кўрмас бўламиз», соатлаб мажбурий меҳмондорчиликлар ва бировнинг шахсий ҳаётига сўроқсиз аралашишлар инсонни ҳиссий толиқтирарди.

​Индивидуализм бизга шахсий фазо, ўз қарори учун масъулият ва эркинлик берди. Бу  соғлом психологик ўсиш. Лекин масаланинг бошқа, бироз хавфли томони ҳам бор. Биз кўпинча Ғарбнинг нормал маданиятини эмас, унинг модага айланган хатоларини кўр-кўрона кўчириб оляпмиз. Ҳозир кўпчилик соғлом психологик чегараларни совуқлик ва эгоизм билан адаштириб юборди. Дўстга оғир кунда қўнғироқ қилишни «уни безовта қилмаслик, ресурсни тежаш» дейишадиган бўлишди, қўшнининг ҳолидан хабар олишни эса «шахсий ҳудудга бостириб кириш» деб баҳолашаяпди. Оқибатда нима бўляпти? Инстаграмда тренддаги рилсларни кўриб ўтирган, «мен ўзимга ўзим етаман» деган ниқоб остида ичи дир-дир титраб яшаётган, дардини айтадиган битта ҳам яқин одами қолмаган «эркин» авлод вояга етмоқда.

Қизиғи шундаки, ғарбликлар ўша гипер-индивидуализмнинг оқибатида қилган хатосини англаб, уни тузатиш учун одамларни атайлаб кўчага чиқариш учун вазирлик очиб бошлади. Биз эса улар йигирма-ўттиз йиллар олдин йўқотиб эндиликда ўша ҳолатни яна қайтариш учун миллиардлар сарфлаб тикламоқчи бўлаётган ўзаро боғлиқ бўлган илиқликни — меҳр ва оқибатни «эскилик сарқити» деб унутишга зўр бераяпмиз.

Ташқаридан қарасанг, кулгили-а?! Ишқилиб эртага ўзимиз ҳам шу кетишда «Ёлғизлик вазирлиги»ни очмасак гўрга эди. Тўғри бунақа ижтимоий масалаларни одатда эволюцион йўл ўзи ҳал қилади, шундай бўлсаям ёзаверсак, айтаверсак фойдадан ҳоли бўлмайди.

Психологияда мустақиллик ва шахсий чегаралар яхши нарса, лекин энг соғлом муносабатлар бу — ўзаро боғлиқлик. Кимгадир мутлақо қарам бўлиб яшаш ҳам, «менга ҳеч ким керак эмас» деб атрофга бетон девор ўраб олиш ҳам тўғри эмас.

Чегараларингизни ҳимоя қилинг, аммо қалбингизни бутунлай беркитиб қўйманг. Дўстга дардингизни айтишни сақлаб қолинг — унга юк эмас, бу унга бўлган ишонч белгиси. Қўшнидан хабар олиш эса оддий инсоний оқибат. Чунки кун келиб бошимизга иш тушганда «шахсий чегараларимиз» эмас, айнан ўз одамларимиз билан боғланган кўприклар қутқариб қолади.

Мадина Мийтан,
психолог

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг