Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Собиқ маҳкума: «Хатоларим жазосини ўтадим»

Собиқ маҳкума: «Хатоларим жазосини ўтадим»

Бухорода Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ва бошқа қатор масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида  тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

«Исломий жиҳод иттиҳоди» диний экстремистик оқими раҳбари ҳамда «Каменск-Уральский жиҳодий жамоати» аъзоси Ҳ.Э. сепаратистик, фундаменталистик ва ақидапарастлик ғоялари билан бойитилган маъруза, эслатма ва қўшиқлар  тарғиботчисига айланганди. Фуқаро А.Ҳ. ҳам унинг тузоғига илиниб, халқаро террористик ташкилотлар бирлашувидан ташкил топган «Ироқ Шом Ислом Давлати» халқаро террористик ташкилоти сафига қўшилди.

А.Ҳ. одамларнинг туйғуларидан фойдаланишни жуда яхши биларди. У, нафақат, бегоналарни, балки, яқин қавм-қариндошлариниям ўз тузоғига хамирдан қил суғургандек осон илинтирди. «Бундайларни бир марта моддий қўллаб-қувватлаб «сигнал» берса, тамом-вассалом, дини ва Ватани тайинсиз бундай бетайин йигитлар ота-она ва оила тугул, ўзлари туғилиб ўсган юртни ҳам алғов-далғов қилишга тайёр туришади...» — дейишарди террористик ташкилот етакчилари Н.И. ҳамда А.Ҳ.лар ҳақида сўз кетганда.

Ромитанлик А.Ҳ. ўз «хизмат»лари эвазига ака-ука, синглисию куёвлари ва синфдошларини алдаб, хорижга даромадли ишга чақирди. Яқин қавмларни бегона юртдаги қатъий тартибда ўрнатилган диний муҳитда қийин-қистов билан яшашга мажбурлади. Уларнинг тақдири билан қизиқмади.

Бузғунчи мафкуравий гуруҳлар таъсирига тушиб, ўз инсоний фазилатларини йўқотган бу кимсанинг кирдикорлари қийноқларда қолган ўз қариндошларининг мурожаатлари билан фош этилди. Ҳар бири ўз ҳатти-ҳаракатига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси турли моддалари бўйича жазоланган.

«Ақл бўй билан эмас, ўй билан ўлчанганидек, ҳар бир инсон ақл билан идрок этиб, ҳаётда ҳушёр бўлган тақдирдагина тинчликнинг, мустақил давлатнинг қадрига етади. Биз, бир яқин қариндошларимизнинг найрангларига учиб, ҳам ўзимизни, ҳам жонимизни хавфга қўйибмиз. Билиб-билмай қилган хатоларимнинг жазосини ўтадим. Кўзларим очилди. Давлатимизга миннатдорлик билдиришдан чарчамаймиз, зеро, бизнинг хатоларимизни кечирди, йўлбошида бизни тўхтатиб, тўғри йўл кўрсатди. «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остидаги тарғибот тадбирида иштирок этар эканман, бундай учрашувлар ёшларимизни йўлдан оздиришга ва улар онгига ўзларининг пуч ғояларини сингдиришга уринаётганларга қарши зарба бўла олади, деб ўйлайман»,— деди муддатини ўтаб қайтган собиқ маҳкума.

Бухоро вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида Бухорода ўтказилаётган маънавий-маърифий тарғибот тадбири пушаймонликда умрини темир панжара ортида ўтказган кўплаб тақдирлар учун яна бир карра сабоқ бўлди.

Дин ишлари бўйича қўмита, Халқаро ислом академияси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ва бошқа бир қанча масъул ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари иштирокидаги тарғибот тадбирларига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида  фаолият юритиб келаётган 219 та туман, шаҳар бош имом-хатиблари жалб этилган.

«Маълумки, инсоният қадим-қадимдан жаҳолатга, бидъат ва хурофотга қарши маърифат билан курашишга интилиб келади. Унга қарши куч ишлатиш йўли орқали зўравонлик воситасида кураш олиб борилса, жаҳолат аввалгидан баттарроқ кучайиб кетиши мумкин.

Бугунги кунда кўз ўнгимизда дунёнинг турли нуқталарида кескин тус олаётган урушлар жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозимлигини ҳар қачонгидан кўра, муҳим эканини кўрсатмоқда.  Олиб борилган тадқиқот ишларига кўра, ҳар доимгига нисбатан ёшлардаги маънавий бўшлиқ даражаси юқори. Уларни турли тажовузлардан ҳимоя қилиш учун миллий ўзлигимиз, қадриятларимиз, бебаҳо тарихимиз билан тўлдиришимиз керак. Инсон ўзлигини англаши, дахлдорлигини билиши лозим. Ва атрофдаги воқеликларга бефарқ бўлмасдан, дунёвий ва диний билимларни чуқур ўрганиш ва билиш доимо изланишда бўлса, албатта, жаҳолатга қарши маърифат кураша олади»,—деди Ўзбекистон Республикаси дин ишлари бўйича қўмитаси раиси маслаҳатчиси Илҳом Маърупов «Xabar.uz»га берган интервьюсида.

Маънавият учрашувлари ҳозирга қадар Бухоро шаҳридаги «Жўйбори калон» аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муасссаси, Мир Араб олий мадрасаси, Ёшлар марказида ва бошқа қатор маҳаллаларда ўтказилди.

«Тезда бойиб кетаман, деб хорижга ишлаш учун кетган эдим.  Қаллобларнинг қўлига тушиб қолганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. Натижада мўмай даромад топаман, деб, осонгина жиҳод билан шуғулланаётганларнинг тузоғига илиниб қолдим.  Миллий маданият кушандаси бўлган турли ғайир ҳаракатларга қарши «Жаҳолатга қарши маърифат» шиори остидаги лойиҳалар сабаб Суриядан шариф шаҳримга қайтдим. Уч-тўрт йилдан буён тинч ва хавфсизман. Қилмишларимни кечириб, мени авф этган давлатимга зиёдалик тилайман»,— деди 37 ёшли аёл З.Қ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг