Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сомон ғарами устида думалаб ётганмисиз?

Сомон ғарами устида думалаб ётганмисиз?

Одамлар кўнгилхушлик учун нималарни ўйлаб топмайди, дейсиз. Масалан, 24 август «Картошка чипслари куни»лигини биласизми? Ёки бугун «Консерва очадиган пичоқлар куни» (Can Opener Dаy), «Учган Юлдузлар куни» (Shooting Star Dаy), «Чанқоқлик куни», Халқаро «Ғалати мусиқа куни» (International Strange Music Dаy) эканлигидан хабарингиз борми? Бугун шунингдек, айрим халқлар томонидан «Пичан (сомон) ғарамида думалаб ётиш куни» ҳам нишонланади.

Биз ўзбеклар учун одатий бўлмаган, шунингдек, қулоғимизга ғалати ва кулгили эшитиладиган «Пичан (сомон) ғарамида думалаб ётиш куни» Америкада XVI асрда пайдо бўлгани айтилади. Ўшанда қишлоқ аҳли ўрилган пичанларни тўплаб ғарам қилади. Оқшом чўккач етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган қишлоқ аҳли ғарам устида ётиб, қуёш ботишини томоша қилишган.

Америкада пайдо бўлган байрам кейинчалик Европага тарқалган. Айни дамда «Пичан (сомон) ғарамида думалаб ётиш куни» Германия, Австрия, Швейцария, шунингдек АҚШнинг айрим штатларида нишонланади. Тўғри, бу норасмий байрам, шу куни одамлар табиат қўйнида қишлоқ хўжалиги ва ҳосил билан боғлиқ турли тадбирларни уюштирадилар (жумладан, пичан ва сомон ғарамлари устида сакрайдилар).

Бизда бу каби байрам қадимда 21-22 сентябрда «Меҳржон байрами» сифатида нишонланар эди (21 мартда Наврўз баҳор байрами бўлса, Меҳржон ҳосил байрами эди).

Энди «Пичан (сомон) ғарамида думалаб ётиш куни»га қайтадиган бўлсак, тараққиёт бўлгани боис ҳозирги шаҳар ёшлари тугул баъзи қишлоқ ёшлари ҳам пичан, сомон нималигини билмаса керак. Ғарам ҳақида эса тасаввурга эга бўлмасалар ҳам керак.

Тўғри, шахсан ўзим кам пичан ўрганман (ўроқни кўп ишлатганман-у, аммо чалғидан кам фойдаланганман). Бироқ, сомон учун колхоз даласига чиққанман. Шу сабабли сомон ҳидини ҳам, пичан ҳидини ҳам соғинч билан эслайман. Ғарам ҳидини унутиб бўлмайди. Пичан ҳиди саломатлик ва иммунитетни мустаҳкамлайди, деган гапларда жон бор. 

Менинг фикри ожизимча, бизнинг қишлоқдаги пичан ғарамида тиканаклар кўп бўлгани, шунингдек илон чиқиб қолиши эҳтимоли туфайли, думалаб ётиш мумкин эмас эди. Аммо сомон ғарамида истаганча думалаш мумкин бўларди. Комбайн буғдойни ажратиб олгандан сўнг сомонни далага ғарам қилиб ташлаб кетарди. Биз ёшлар сомонни йирик ва майдага ажратардик. Йирик сомонни далада қолдириб, чорвага озуқа сифатида майдасини олиб кетардик. Йирик сомон колхоз чорваси учун пресс қилинарди.Шунингдек йирик сомон лой қоришда ишлатиларди. Яқинда қишлоққа бориб келдим, майда сомонга қизиқиш камайиб кетибди. Аслида айнан майда сомон чорва учун тўйимли озуқа сифатида кўриларди.

Сомонга чиқиш завқли эди. Кўпинча дўстлар ҳашар сифатида сомон тўплашга борардик. Биз учун сомон тўплашга чиқиш байрам эмас, шунчаки меҳнат эди. Ҳозир интернетда «Пичан (сомон) ғарамида думалаб ётиш куни» борлигини ўқиб, ёшлигим, болалигим ёдга тушиб кетди.

Табиатан таъсирчанман. Болалигимда хоҳ тун, хоҳ кундузи бўлсин, осмонга тикилиб ётишни яхши кўрардим. Ёзги таътилда қишлоғимиз даласида жазирама қуёш остида сомон устида ётиб осмонга тикилганларим эсимда. Булутларнинг ҳаракатланишини томоша қилиш нақадар мароқли. Ҳаёт бир дақиқага тўхтайди: фақат сиз ва гўзал осмон бор, оппоқ булутлар сузиб турли шакллар ҳосил қилади. Болаликдаги бу ажойиб туйғуларни тез-тез эслайман.

Бир куни кечқурун қариндошимиз Ўткир акамнинг «Зил» машинасида қишлоққа кираверишдаги Алишер Навоий номи билан аталадиган тепаликдаги далага келиб сомон тўплаганимиз ёдимда. Ўшанда бир машина сомон тўплаб бўлгач, раҳматли адам ва Ўткир акам қишлоққа кетишган. Мен эса улар келгунча йирик сомонлар ғарами орасидан майда сомонларни ажратишим керак эди. Ўшанда кенг далада якка ўзим қолиб кетганимдан роса қўрққан эдим. Орадан бир соат ўтгандир, икки соат ўтгандир, билмайман, аммо мен учун бу вақт йилларга татиган эди. Ўшанда илондан қўрққанманми, жинларданми ё бўрилардан, ҳозир эсимда йўқ. Аммо ухлаб қолишдан қўрқиб, тилимда Аллоҳ номини айтиб мунтазам ҳаракатда бўлганим ёдимда. Сомон ғарами устида думалаш хаёлимга ҳам келмаган.

Таъкидланганидек, бизда «Пичан (сомон) ғарамида думалаб ётиш куни» нишонланмайди. Бироқ, бугун сиз қишлоқда ўтган қувноқ болалик даврингизни эслаб қўйсангиз, ҳеч нарса қилмайди. 24 август куни болаликка қайтишнинг нимаси ёмон?

Биз ўзбеклар кўпинча булбул, беданаларнинг хонишларидан мазза қиламиз. Аммо қишлоқ оқшомида «чигирткаларнинг чириллашидан мазза қилдим», деган инсонни кўрмадим, адабиётда ҳам шу каби жумлани ўқимадим. Нима учундир болалигимдан менга чигирткаларнинг оқшомдаги чириллашлари булбул овозидек ёқади.

Шарофиддин Тўлаганов

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг