Тарихда илк бор Самарқанддан Урумчига тўғридан-тўғри авиарейс йўлга қўйилди
Air Marakanda компанияси China Southern Airlines авиакомпанияси билан ҳамкорликни бошлади. Шу муносабат билан тарихда илк бора Урумчи шаҳрига рейс ишга туширилди. Эътиборли томони, Air Marakanda Хитойдан Самарқандга парвозларни амалга оширган биринчи авиакомпанияга айланди.
Урумчига парвознинг тантанали очилиш маросими Самарқанд халқаро аэропорти терминалида ташкил этилиб, биринчи рейс йўловчилари учун мавзувий фотолар бурчаги, ширинликлар билан чой маросими, шунингдек, машҳур Самарқанд тут қоғозига Хитой тилида каллиграфия ёзувлари битилган кўргазмалар майдони ташкил этилди.
Очилиш маросимида Air Marakanda ва China Southern Airlines авиакомпаниялари раҳбарияти, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Рустам Қобилов иштирок этди.
Анъанага кўра, самолёт Самарқанд аэропорти аэродромида сув аркаси билан кутиб олинди ва Хитойдан келган биринчи йўловчилар ўзбек миллий чолғулари - карнай ва сурнай садолари остида кириб келдилар.
Тадбир доирасида Air Marakanda Бош директори Антон Ходжаян, Air Marakanda Бош директорининг коммерция бўйича ўринбосари Артём Пак, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Рустам Қобилов ва China Southern Airlines авиакомпаниясининг Тошкентдаги ваколатхонаси Бош директори Шен Йи иштирокида матбуот анжумани ҳам ўтказилди. Матбуот анжуманида сўзга чиққанлар Самарқанд ва Урумчи ўртасида йўлга қўйилган ҳаво қатновнинг улкан салоҳиятини таъкидлаб, икки давлат ўртасида туризм ва савдо соҳасини ривожлантиришнинг кейинги истиқболларини муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, иштирокчилар яқин келажакда Хитойдан Самарқандга янги йўналишларни очиш режалари билан бўлишдилар.
Хитойдан Самарқандга тўғридан-тўғри рейсларнинг очилиши кўп асрлар олдин асос солинган Буюк Ипак йўлининг мантиқий давоми бўлиб хизмат қилди.
Энди Хитойнинг шимоли-ғарбий қисмидаги Шинжон-Уйғур автоном туманининг сиёсий, иқтисодий ва маданий марказига Самарқанддан ҳар душанба соат 01:30 да учиб борса бўлади. Урумчи халқаро аэропортидан Самарқандга қайтиш рейси якшанба куни соат 23:20 га режалаштирилган. Парвозларнинг барчаси замонавий Boeing 737-800 самолётларида икки тоифали-жойлаштириш – бизнес ва эконом-классларда амалга оширилади.
Қўшимча маълумот:
Урумчи шаҳри денгиздан узоқда жойлашган дунёнинг йирик шаҳарларидан биридир. Шаҳар аэропортининг йўналиш тармоғи 69 та маҳаллий йўналишлардан иборат бўлиб, йўловчиларга Урумчи аэропортидан ХХРнинг энг йирик бизнес, саноат ва сайёҳлик шаҳарларига ташриф буюриш имконини беради.
China Southern Airlines — Хитойнинг энг йирик авиаташувчиси ҳисобланиб, авиакомпания флоти самолётлар сони бўйича Осиёда 1-ўринни эгаллайди. China Southern Airlines 850 дан ортиқ йўловчи ва юк ташиш самолётлари, шу жумладан Boeing В787, В777, В747 ва Б737, шунингдек Airbus А330, А321, А320, А319 ва ARJ21 самолётларини бошқаради. China Southern дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатлар ва ҳудудларига 224 йўналиш бўйича 3 000 кунлик рейсларни амалга оширади.
AIR MARAKANDA - давлат-хусусий шериклик асосида Ўзбекистон Республикаси авиация соҳасидаги биринчи лойиҳа доирасида Самарқанд халқаро аэропортининг ер устида хизмат кўрсатиш ва янги терминалини бошқариш бўйича оператор-компаниядир. Самарқанд аэропортининг янги халқаро терминали икки йил давомида World Airport Awards (SKYTRAX) халқаро аэропортлар рейтингида Марказий Осиё минтақасидаги етакчи ўнталикка кирди.
AIR MARAKANDA матбуот хизмати
Тел.: +998 90 030 3883
Email: pr@airmarakanda.com
Веб-сайт: www.airmarakanda.com
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter