Тошкентда 5 ноябрга ўтар кечаси ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда
Ҳозирда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.
Хусусан, 5 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда. Прогнозларга кўра, кечки, тунги ва эрталабки соатларда ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича “ўртача”, айрим муддатларда "сезгир гуруҳлар учун носоғлом", миллий ҳаво сифати индекси бўйича эса асосан “яшил”, қисқа муддат “сариқ” даражада бўлиши мумкин.
Глобал об-ҳаво прогноз моделларига кўра, 5-ноябрга ўтар кечаси 2–6 мм миқдорида ёғингарчилик кутилмоқда. Кутилаётган ёғингарчилик ҳаводаги PM2.5 ва PM10 заррачалари миқдорининг камайишига ёрдам бериб, ҳаво сифатини яхшилаши мумкин.
Атмосфера ҳавосида намликнинг ортиши айрим автоматик мониторинг станцияларида PM2.5 ва PM10 заррачалари миқдорининг ҳақиқий қийматидан юқори кўрсатилишига сабаб бўлиши мумкин.
5 ноябрга ўтар кечаси (ёки 5 ноябрь куни эрталаб) ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича “ўртача”, миллий ҳаво сифати индекси бўйича асосан “яшил” даражада бўлиши мумкин.
Маълумот учун, Экология қўмитаси, ҳудудий бош бошқармалар Экополиция ходимлари томонидан ҳаво сифатини яхшилашга қаратилган рейд тадбирлари 24/7 режимда давом эттирилмоқда. Хусусан, Тошкентдаги қурилиш майдонларидан бирида жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди ва кўрсатмалар берилди. Шунингдек, экологик талабларга риоя қилмаган иссиқхоналар фаолияти тўхтатилмоқда.
Умуман олганда, бугунга қадар жами 722 та объект, жумладан, 602 та иссиқхона, 56 та саноат ва ишлаб чиқариш корхонаси, 26 та қурилиш ҳамда 38 та бошқа объектлар ўрганилди. Аниқланган қонунбузилишлар бўйича 516 та ҳолатда жами 286 млн сўм маъмурий жарима қўлланилди. Шунингдек, 3 та объект, жумладан, 2 та иссиқхона ва 1 та қурилиш объектининг фаолияти тўхтатилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter