Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Тошлар орасида ўсаётган гул, тошлар орасида қад ростлаган уй... (репортаж)

Тошлар орасида ўсаётган гул, тошлар орасида қад ростлаган уй... (репортаж)

Фото: «Xabar.uz»

Жиззахнинг Ғаллаорол туманидан 40 чақирим узоқликда жойлашган Қўйтош қишлоғининг тўрт томони баланд-баланд тоғлар билан ўралган. Харсанг тошлар ҳовлигача кириб келган. Мана филга ўхшайдиган тош, буниси уйга, мана буниси тандирга, унинг ёнидагиси эса нон ёпаётган аёлга... Анави тош худди беланчакка ўхшайди, мана бу ерда ёстиқ ўрнида кичкина бош сиғадиган чуқурча бор, мана бу тош эса тайёр ўриндиқ.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Қўйтош ҳақида ривоятда айтилишича бир малика бўлган экан. Унинг сеҳру жодудан хабари бўлиб, сувни дарахтларга, дарахтларни эса бошқа нарсаларага айлантириб қўяркан. У шунчалик тошбағир эканки, баъзида ўт-ўланларни сувсизликдан қовжиратса, гоҳида атрофни сув тошқинига ғарқ қиларкан. Кунлардан бир кун жодугар малика чўпонга дуч келибди, уни яхши кўриб қолибди ва «менга уйланасан» дебди. Аммо чўпон:

– Менинг ўз севган қизим бор, оддий, меҳрибон ва оқила. Мен фақат ўша қизга уйланаман, дебди.

Бу гапни эшитган малика ғазабланиб, йигитнинг қўйларини ҳам, унинг ҳар доим тандирда нон ёпиб узатадиган севган қизини ҳам – ҳамма-ҳаммасини тошга айлантириб қўйган экан. Ростдан тошлар узоқдан ўтлаб юрган сурув-сурув қўйларни эслатади.

Фото: «Xabar.uz»

Тошлар орасидаги уйлар

Бу ерда уйнинг фундаменти ҳам, ҳовлиларни бўлиб турувчи деворлари ҳам  майдаланган, сариёғдек кесилган тошларидан қурилади. Аҳолиси чорвачилик, деҳқончилик, устачилик билан шуғулланади. Тоғлар орасидан тошларни қазиб булоқлар чиқаришган, боғу роғлар яратишган, тошлар орасидан уйлар қуришган.

Фото: «Xabar.uz»

Фото: «Xabar.uz»

Уй қуришдан тортиб ичидаги пардозларигача, дераза ясашдан тортиб, пол потолоккача ясайдиган усталарнинг бари шу қишлоқда. Камдан-кам одамлар четдан иш излайди, усталар асосан бутун республика бўйлаб ризқини топишади. Айнан шу қишлоқда «Бўзчи белбоққа ёлчимабди», деган мақол қийматини йўқотганини усталар хонадонларини ўз қўллари билан қуриб, саънатини кўз-кўз қилаётганидан ҳам билиш мумкин.

Фото: «Xabar.uz»

— Қўйтош қазилма бойликларга бой. Собиқ иттифоқ даврида кон ишлаб турарди. Волфрам, молибден, висмут каби қазилма бойликлари қазиб олинар, уларни қайта ишлайдиган завод, ускуналарни тузатадиган цехлар бўлгани учун аҳоли иш билан таъминланган эди, — дейди Навоий маҳалласида яшайдиган уста Дилшод Тугалов. — Дастлаб кон ёпилганида одамлар саросимага тушиб қолишди. Тўғрида тайёр ойлик, ҳамма давлатни ишида ишлагани учун саноқли қўйи, ошиб борса икки соғин сигири бўларди. У пайтлари одамлар ҳашаматга, чиройли пардоз қилинган уй-жойларга қизиқмасди. Пастқам, оддий оҳакланган уйлар.... Ойлик олиб куни ўтса бўлдийди, ойлик билан шунақа уйлар ҳам қуриб бўлмасди-да. Бироз ўтиб одамлар ишсиз қолгач чорвачилик, тоғлардан ўзлари боғ қилиб боғдорчилик билан шуғулланишни бошлаб юборишди, бизга ўхшаганлар усталарга шогирд тушишди. Катта-катта шаҳарларда уйларни, хонадонларни таъмирдан чиқардик. Бошқаларнинг яшаш шароитини, урф-одатини кузатдик. Бизда ҳам чиройли яшашга, чиройли ҳаётга ҳавас уйғонди.

Фото: «Xabar.uz»

—Шундай чиройли уйни қуриш учун маблағ керак, вақт керак...

—Ёзи билан қаерга ишга чақирса токи мавсум тугагунча ишлайман, йиққан-терганимни қишда уйни таъмирлаш учун сарфлайман, қўй-қўзиларимни сотаман, ўзим уста бўлганим учун таъмирлаш текинга тушади. Сал нарироқда қўшниларим Сафар Эшматов, Шерали Қўшбоқовлар ҳам ўхшаган уста, уларнинг уйини кўринг, томоша қиласиз. Аслида бизнинг бу касбимизга оддий қарашади, аммо турган битгани санъат, беқиёс ҳунар...

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

— Ёрдамчисиз қийналмайсизми?

— Ўғлим ҳали кичкина, ёнимда туриб ул-бул нарсаларни узатиб туради, кейин турмуш ўртоғим қарашади... Ҳозир у ҳам ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди, ҳовлига гул экиш, гулларининг пиёзини ажратиш билан машғул.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Лолалар ҳақида эртак

—Қишлоғимизда лола экилмаган ҳовли деярли йўқ. Бизда ҳар қандай гул кўчатлари текин, яъни ким қайси хонадонга борса кўп йиллик гулларидан кўчат олиб кетаверади, шу учун қайси хонадонга кирманг хризантема, нарцисс ва лола гулини кўришингиз мумкин, — дейди хонадон бекаси, ҳамшира Сожида Тугалова. — Бизда асосан дилбанд лола ўсади. Ҳатто ажойиб ривоят ҳам бор бу ҳақда. У тошга айланган чўпон йигит ва унинг севгилисининг кўз ёшларидан пайдо бўлган дейишади. Катта авлоднинг айтишича нафақат лолалар, балки каклик, булбул, бедана каби қушлар, тулки, жайра, қуён, тоғ эчкилари каби ҳайвонлар ҳовлиларимиз яқинида жуда сероб бўлган экан. Бир пайтлар одамлар тўда-тўда бўлиб лола сайлига келиши оқибатида уларнинг бир неча турлари йўқ бўлиб кетиш арафасида. Ҳозир тоғларнинг энг баланд чўққиларидагина қолган. Биз эса ана шу гўзалликни ҳовлимизда давом эттирмоқдамиз. Қўшнилар билан худди баҳс бойлашгандек гул ўстирамиз.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

Гарчи давлат ишида ишласа-да оддий қишлоқ аёлидек Сожидахон ҳам сигир соғади, қиш учун таппи қилади, нон ёпади — буларнинг барчасини ҳовлисида гўзаллик яратишдек юмушлар билан биргаликда олиб боради.

Фото: «Xabar.uz»

Қўйтошнинг болалари

Болажонлар бу ерда интернет яхши ишламагани боис компютерга михланиб қолмаган. Эрта баҳорда ота-оналарига боғ юмушларида ёрдам беради. Эрталаб бузоқчаларни кўм-кўк адирларда боқишади, футбол ўйнашади, ипда сакрашади, ҳатто велосипед ҳам ҳайдашадики, бу ернинг уловлари тошли ва паст-баландликлардан иборат йўлларга аллақачон мослашиб олган.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»

—Сигирларни эрталаб тонги олтигача уйларимиздан узоқроқ тоққа ҳайдаб қўйиб келамиз, уларни чўпон боқмайди, ўзларини ўзлари боқишади, — дейди Зайнаб опа.  — Улар узоқлашгач болаларини қирда боқамиз. Кечқурун оналари қайтишидан бир соат олдин бузоқчаларини ҳайдаб келамиз.

Фото: «Xabar.uz»

—Сигирларнинг ўзи аниқ вақтда уйга қайтади...

—Ҳа ўзларини йўлакчалари бор. Ўша йўллардан ҳар бир сигир маълум бир вақтда ўзи уйини топиб келади. Шаҳардан қариндошларимиз келса сигирларнинг уйни топиб келишини кўриб ҳайратланишади.

Фото: «Xabar.uz»

Қўйтошда «дарвешона»

Биз борган кунимиз Навоий маҳалласидан 50 дан ошиқ хонадон йиғилиб дарвешона қилаётган экан.

—Ҳар йили март ойида «жилгўжа» тадбирини қиламиз. Яъни қишдан эсон-омон чиққанимиз учун барча хонадон топган тутганини олиб чиқади, ўртада баҳам кўради, — дейди маҳалла оқсоқоли Оқмирза Мамарасулов. — Лекин барча таомлар оқлиқ — сут оши, кесган оши, ғилминди... шунга ўхшаш таом бўлиши керак. Кейин болалар кураш тушади, аёллар лапар айтишади. Бу ерда бирорта товуғи, моли бўлмаган хонадоннинг ўзи йўқ, шу учун карантинда унчалик ҳам қийналмадик, ҳар ҳолда уйимиздан оқлик ва гўшт, тухум аримайди. Тоғу тошлар орасида бўлса ҳам яйлов бор. Тўғри иш йўқ, лекин энг бўлмаганда қўй-қўзи боқса, мол кўпайтирса бўлади. Қишлоғимизда яшаш шароитини чиройли қилиб олаётганлар ҳам, аммо худди шундай имконият ва ишчи кучи билан уйи чолдеворга айланиб орзу-ҳавассиз яшаётганлар ҳам бор. Зора, чиройли яшашга интилаётган одамларни кўриб буларда ҳам меҳнат қилишга, яратувчанликка иштиёқ уйғонса.

Фото: «Xabar.uz»

«Жилгўжадан кейин» «дарвешона» қиламиз, — сўзида давом этади оқсақол. — Ўша «жилгўжа»да  қўй олиш учун пул йиғилади. Қўйни сўйиб таом тайёрланади. Яна ҳамма чиқиб чордона қуриб ўтиришади, болалар кураш тушади, аёллар тош думалатиш урфини қилишади, барча оғирликлар тош билан думалаб кетсин деган маънода. Чиқолмаган, имконияти чекланганларга, кексаларга таом тарқатилади... Буни шукроналик тадбири десак ҳам бўлади. Кўкламга эсон-омон етганимиз, қишлоғимизга ободлик, фаровонлик тилаб кексалар дуо қилишади...

Фото: «Xabar.uz»

Қўйтош Ғаллаорол туманининг энг чекка қишлоғи. Бу ерда тоғлар орасида кўл мавжуд, туризмни ривожлантириш учун бошланган, лекин охирига етказилмаган лойиҳа бор, доривор ўт-ўланлари афсуски ҳимоя қилинмайди. Қишлоқнинг қоқ марказидаги маданият уйи, болалар боғчаси, мактаб чиройли таъмирдан чиққан. Аммо ҳали ўнқир-чўнқир йўллар, чала ташлаб кетилган қурилишлар мавжуд. Қишлоқ аҳолиси икки йил олдин «обод қишлоқ» лойиҳаси доирасида бошланган бу ишлар  тугалланишига катта умид билдираяпти.

Фото: «Xabar.uz»

Биз Қўйтошга яна борамиз, ҳали ёзилиши керак бўлган, ўрганишга арзийдиган мавзулар бу қишлоқнинг сирли, синоатли гўшаларидек чексиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг