У қон тўкадиган жой эмас — Туркиядаги «Колизей»дан «Xabar.uz» репортажи (фото)
Мамлакатимизнинг бир гуруҳ журналист ва блогерлари Туркияда хизмат сафарида бўлиб, ушбу давлатнинг «Пандемия шароитида туризм» лойиҳасида иштирок этмоқда. «Xabar.uz» мухбири ана шу сафарнинг учинчи кунги таассуротлари ҳақида хабар беради.
Истанбулдан Анталияга
ОАВ вакиллари мазкур шаҳарларга бежизга таклиф қилинмади. Сабаби аён: Истанбул ва Анталияда туризм индустрияси ўта ривожланган. Туркия маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган «Пандемия шароитида туризм» лойиҳаси айнан мазкур шаҳарларда тўлиқ амалиётга татбиқ этилган. Лойиҳага кўра, мамлакатда пандемия шароитда туризм соҳасини яна хавфсиз ҳолатга қайтариш учун шу соҳадаги давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари назорати остида пандемия тарқалишининг олдини олиш ва туристик фаолиятни хавфсиз равишда амалга ошириш мақсадида Пандемия, соғлиқни сақлаш ва гигиена қўмитаси ташкил этилди. Ҳаво, ер усти ва денгиз орқали қатновлар, шунингдек, сайёҳлик объектлари, ичимликлар ва озиқ-овқат саноати бўйича комплекс йўл хариталари ишлаб чиқилди.
Мамлакатда энг машҳур тарихий қадамжолар, диққатга сазовор гўшаларнинг ҳар бирида коронавирус пандемиясидан келиб чиққан ҳолда чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Туркия маданият ва туризм вазирлиги 2020 йилнинг ёз мавсумидан амалга киритилган «Соғлом туризм сертификати» дастурини ишлаб чиққан бўлиб, у тўртта йўналишни ўз ичига олади: «Йўловчилар саломатлиги ва хавфсизлиги», «Ходимлар саломатлиги ва хавфсизлиги», «Объектлардаги эҳтиёткорлик чоралари», «Транспорт соҳасидаги эҳтиёткорлик чоралари». Босфор бўғозида «Транспорт соҳасидаги эҳтиёткорлик чоралари» — ҳаво, ер усти ва денгиз транспортларида қўлланиладиган қоида ва тадбирлар комплекси тўлиқ амал қилади.
Анталия дегани фақатгина туризм эмас...
Икки ярим миллионлик аҳолига эга гўзал Анталия фақатгина саёҳларнинг севимли маскани эмас. Бундан ўттиз йиллар олдин у мамлакатнинг оддийгина ҳудуди эди. Ўша пайтдаги давлат раҳбари Тўрғут Ўзолнинг қаътияти сабабли туризмга кенг йўл очилди.
Анталия бутун мамлакатга сабзавот маҳсулотлари етказиб беради, ҳатто бу ерда етиштирилган помидорнинг 80 фоизи хорижга экспорт қилинади.
Истанбулдаги совуқ об-ҳаводан кейин Анталияга борганимизда ғарқ ҳосилга кирган пўртаҳол (апелсин) дарахтларини кўриб ҳайратга тушдик. Ўлкада нафақат пўртаҳол, балки мандарин, зайтун, анор, банан, қулпунай, пахта етиштирилади. Боғлар ва далаларни кўриб ҳавасингиз келади, деҳқончилик маданияти ўта юқори.
Зарур инфратузилма, табиий шароит, мўътадил иқлим, йўлларнинг равонлиги, хизмат сифатининг зўрлиги туризм ривожланишининг асосий кафолатидир. Бунинг ҳаммаси Туркияда мавжуд.
Аспендос
Анталиядан 35 километлик масофада Аспендос номли тарихий шаҳар бор.
Ўша масканга боргунча йўлнинг икки тарафида пўртаҳолу мандарин, анор, зайтунзорлар, иссиқхоналарга кўзингиз тушади. Пахта етиштирилган майдонларга ишлов бериш бошланган. Атрофни қамраб олган яшилликдан куз фасли тугаб, қиш бошланаётганига ишонгингиз келмайди, аммо бу ҳақиқат.
Аспнендос антик шаҳрида бағрига 20 мингдан ортиқ томошабинни сиғдира оладиган қадимий театр бор. Кўринишидан у Италиядаги Колизей — гладиаторлар жангга чиқадиган саҳнани эслатади. Аммо у қон тўкадиган жой эмас. Ҳақиқий санъат объекти.
Юнон архитектори Зенон томонидан барпо этилган ушбу театр мажмуаси дастлаб карвонсарой вазифасини ўтаган. Ҳозир у Туркиянинг қадимий ёдгорликларидан бири. Мазкур бинодан йирик байрам ва концерт дастурлари ўтказишда фойдаланиб турилади.
Перга
Анталия ҳудудида антик маданият қолдиқларига тегишли еттита объект бор экан. Улардан бири Перга қадимий шаҳри. Ушбу антик шаҳарда ҳам театр бор. Аммо у Аспендосгидек катта эмас.
Пергада сарой, ҳаммом, бозор, жуда кўп устунлардан иборат кенг майдон, деворлар, канализация қувурлари қолдиқлари сақланиб турибди ва бу қадимий иншоотлар ҳали-ҳануз сайёҳларни ҳайратга солиб келмоқда. Айтишларича, ушбу шаҳарни ҳам римлик ва юнонлар барпо этган.
Ҳамма сайёҳлик объектларида бу ерга ташриф буюрувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчиларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўрилган.
Саёҳатимиз давом этади. Кейинги материалларимизда Анталиядаги қарийб 300 йиллик тарихга эга, ҳозир ҳам яхши сақланиб қолган уйлар ва Ўрта ер денгизи соҳилидаги портлар ҳақида ҳикоя қиламиз. Бизни кузатиб боринг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter