Учбурчак хатлардаги ҳаёт
Марказий давлат архивида Иккинчи жаҳон уруши жангоҳларида ёзилган жангчилар мактублари ҳам сақланади. Учбурчак мактублар — ҳаёт, соғинч, умид, орзу, илинж. Бир томонига манзил, бир томонига кўнгил кечинмалари ёзилган. Кимлар учундир бу мактублар сўнги дийдорлашув, эҳтимол ягона умид бўлгандир.
Бу мактубларни ҳамюртларимиз, жангчилар қандай ҳолатда, вазиятда ёзишган экан. Балки окоп ичида, бир муддатлик ўқлар овози тинганда ёзгандир, балки илк ғалаба қувончини баҳам кўриш мақсадида жанг майдонининг ўзида ёзгандир, балки ўнг қўлидан ажралган жангчи кейинги хатларини чап қўлида ёзиб жўнатгандир. Биз уларнинг қаерда қандай ҳолатда ёзилганини тасаввур қилишгада қийналамиз. Чунки уруш ўз номи билан уруш.
Бу мактублар аскарнинг ўқлар ёнидан визиллаб учиб ўтиб турган, ҳозиргина гаплашиб турган хизматдоши қонга беланган, чанг, тўзон қоришган, қон ҳиди анқиб турган жанг майдонидан дарак берган. Лекин шундай бўлишига қарамай жангчилар, аскарлар яқинлари билан хабарлашиш, дийдорлашиш учун мактуб битишга имкон топишган. Балки сўнги далдани мана шу мактублардан топгандир, излагандир.
Ҳамюртимиз жангчи Мамат Авазовнинг мактубидаги ушбу изҳорлардан ғалабага ишонч ва даъват балқиб турибди. «... Қадрли онажон ва синглим Фотима! Мен ғалаба учун ўз ҳиссамни қўшаётган эканман, бундан бахтлиман, ишонаманки, сизлар ҳам ғалаба учун курашаяпсизлар. Агар биз биргаликда ҳаракат қилсак, дийдор кунларини яқинлаштирамиз. Бизнинг учрашувимизга оз фурсат қолди. Сентябрь, 1944 йил».
Ўша пайтлари ҳамма бирдек тезроқ уруш тугашини астойдил истаган, ният қилган. Ғалабага бўлган ишонч жангчиларни ҳам, фронт ортидагиларни ҳам бир зум бўлса-да тарк этмаган. Мактубларни ўқир эканмиз, ўғлонларимизнинг лафзи бутунлигини ҳис қиласиз. Мана уруш авж олган 1943 йилнинг августида ёзилган Нўғмон Ғуломовнинг мактубидан парча: «Қадрли отажоним, онажоним, севикли рафиқам. Сизларга алангали салом. Отажон, мен тез-тез хайрлашган кунимизни эслаб тураман. Ёдингиздами отажон, менга ўзбек аскарларининг мактублари чоп этилган газетани қўлимга тутқазаркансиз: «Болажоним сенга топшириғим, ўз ишингни виждонан бажар» дегандингиз. Ўшанда мен охирги томчи қоним қолгунча Ватаним, халқим учун курашишга ваъда бергандим. Ўз сўзимнинг устимдан чиқдим... Қадрли отажон, азиз онажон, севимли рафиқам! Менга ишонинглар жонимни қурбон қилиб бўлсада, Ватан учун жанг қиламан. Душман устидан ғалаба қозониб қайтгунимча сизлар билан хайрлашаман».
«Хайрли кун онажон. Узоқ вақт хат ёзолмаганим учун кечиринг, суратингизни ёнимда асраб юрибман. Биз қуршовда қолган эдик. Бошимдан яраланганимда хотирамни қўйган эканман. Ҳозир госпиталдаман, икки ой бўлди. Ўзимга келиб қолдим, лекин барибир мени уйга юборишмоқчи. Менимча ғалаба кунлари яқин. Дўстларим душманнинг додини бермоқда, уларни қувиб чиқаришмоқда. Ўзбекистонда кўришгунча онажон, Зинага ва бошқа дўстларимга салом айтинг. Ўғлингиз Геннадий Шиянин. 1945 йил 8 январь».
Ўзбек аскарларининг бундай мактублари фронт ортидаги уларнинг оила-аъзоларига, меҳнаткашлар кучига куч, шижоатига шижоат қўшганини ушбу сатрлар тасдиқлайди:
«4 май, 1943 йил. Қадрли ҳамюртлар, жондан азиз яқинларимиз! Бу мактубни сизларга ўзбек аскарлари йўлламоқда. Биз ўз бурчимизни ўтаган ҳолда сўзимизнинг устидан чиқмоқдамиз. Афсонавий қаҳрамонларимиз Рустам, Равшанбек, Авазхон, Алпомиш бизга доимо куч бағишлаб турибди. Қаҳрамонлар Қўчқор Турдиев, Камол Пўлатов, Рўзмат Усмонов, Сирожиддин Валиев, Зебо Ғаниеваларнинг довюраклиги бизга ўрнак бўлмоқда. Сиз халқингиз ўғлонлари билан фахрлансангиз арзийди». Мактубларни ўқишда давом этарканман, жангоҳларда қанчадан-қанча ўғлонларимиз Ватан дийдорини соғиниб маҳтал бўлганини ҳис қиламан.
Бундай мактублар фронт газета ва журналларида ҳам пешма пеш чоп этиб борилган. Қўш чизиқли дафтар варағига ёзилган Ишим Боқиевнинг мактубида шундай дейилади: «...Дўстона халқлар фарзандлари билан елкама-елка ҳамдардмиз. Шу ҳақда юборган мақоламни босиб чиқарганингиз учун рахмат. Расмга тушиб биттасини сизларга юбордим. Агар газетада босиб чиқарсангиз менга катта ёрдам қилган бўласиз. Икки укам фронтда, уларни кўрмаганимга икки йил бўлди. Улар газетани ўқиб, расмимни кўриб хурсанд бўлишарди. Уйда ота-онам, болаларим ҳам кўриб қувонишарди... 1943 йил Севск шаҳрида ҳужумга ўтиб, 400 километрдан ортиқ йўл босдик. Украинани озод қилдик. Полшанинг Нарев дарёсидан жанг бошладик. Шарқий Пруссияда фашистларнинг йўлини тўсиб, денгиз томон қувяпмиз. Мен Сурхондарё област Шеробод районининг Оққўрғон қишлоғидан «Озод Батрак» колхозидан келганман...»
Жасур артеллериячи Маҳмуджон Туробов ғалаба қувончини дастлаб онаси билан бўлишади: «Онажон ишончингизни оқладим, Ғалаба байроғини кўтариб Европа давлатларидан марш билан ўтаётирман».
Йил бошида Хабаровскда ўзбекистонлик ҳарбийнинг хатлари топилгани ҳақидаги хабар кўпчиликни беэътибор қолдирмади. Ўзбекистонлик жангчи 1943 йилда бедарак йўқолган. Хатлар Ракитный қишлоғида топилган. Ўзбекистонлик ҳарбий Игорь Асташин онасига хат ёзган. Балки аскарнинг бу сўнгги хатлари бўлгандир... Архивларни ўрганиш жараёнида Асташин 1943 йилда 20 ёшда бўлганлиги аниқланди. Хатлар Узоқ шарқ илмий кутубхонасига қайта тиклаш учун юборилган. Эгаларига етиб келмаган бундай хатлар яна қаерлардадир сарғайиб ётгандир.
Учбурчак, сарғайган мактублар, уларни қўлга олганингизда уруш ҳидини туясиз. Аммо жангоҳлардан дарак олиб келган бу мактублар оддий битик эмас, тарихий жуда ноёб ҳужжатлар. Жангчиларнинг ўй-хаёллари, қалбидан кечган туйғулари, соғинчлари уларда муҳрланган. Кичкинагина учбурчак бир варақли муктубда ҳаёт излари бор. Бугунги кунга шукроналикни, аждодлар хотираси мангулигини ҳар дақиқада эслатиб турувчи қалб ҳайқириғи, дил нидоси бор...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter