Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хорижда туриб, тақиқланган маърузаларни тарқатган шахс икки йилга қамалди

Хорижда туриб, тақиқланган маърузаларни тарқатган шахс икки йилга қамалди

Фото: Xabar.uz

Россия Федерацияси Москва шаҳрида меҳнат муҳожири сифатида жўнаб кетган Бухоро вилояти, Вобкент тумани, Астарбоб қишлоғи фуқароси Воҳиджон Абдуллаев таъқиқланган маърузаларни тинглаб, уларни тарқатиб келгани учун икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Жиноят ишлари бўйича Вобкент тумани суди раиси маълум қилди.

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Воҳиджон Абдуллоев 2019 йилда Тошкент шаҳридаги «Шамс ва қамар» диний китоблар дўконида сотувчи вазифасида ишлаганини билдирган. 2019 йилнинг куз фаслида мавсумий ишлаб даромад орттириш мақсадида Бухоро халқаро аэропортидан самолётда Россия Федерацияси Москва шаҳри «Внуково» халқаро аэропортига учиб кетган. Москва области Норофоминск шаҳарчасида қурилиш объектларида ёлланма ишчи сифатида ишлаш бошлаган.

Бегона юртда яқинларидан узоқ бўлган Воҳиджон Абдуллаев интернетга мукка кетган ва  жаҳон ахборот тармоғига уланган. Ўзига мутлақо нотаниш бўлган мессенжер эгалари билан доими й ёзишмалар олиб  борган. Сўнгра Норофоминскаги «Ашан»  дўконидан бир нечта «Теле2» мобил компаниясига тегишли бўлган рақамлар сотиб олиб, «Салаф», «vohid9492», «vohid4642» номли профилларни яратган ва улар орқали ҳар хил диний гуруҳ, каналларга уланган. Диний мазмундаги видеоларни томоша қилиб келган. У, хусусан, Абу Мовия, Абдували қори, Содиқ Самарқандий, Тоҳир Йўлдошнинг қатор маърузаларини тинглаб, яқин қариндош ва танишларига жўнатиб турган.

Ҳолат юзасидан ўрганувларга кўра, Воҳиджон Абдуллаев 62 та таъқиқланган кўринишдаги турли материалларни ўз саҳифаларига жойлаштириб келган.

Уйланганига эндигина икки ой бўлган Воҳиджон Абдуллаев қилмишидан пушаймонлигини, турмуш ўртоғи уй бекаси, ҳеч қаерда ишламаслигини, тузалиш йўлига киришини айтиб, узр сўраган.

Воҳиджон Абдуллоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 2441-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисмининг «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилган ва унга шу модда билан ЖКнинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.

 

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг