Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хуш омадед. Тожикистонда нималар кўрдик?

Хуш омадед. Тожикистонда нималар кўрдик?

Фото: Xabar.uz

Тожикистон фермерлари нимаси билан Ўзбекистондаги ҳамкасбларига ўхшамайди? Сўғд вилоятидаги ўзбеклар нима учун бизга раҳмат айтишди? Бўри ва итнинг зотидан чиққан бўрибосар айиқни ҳам енга оладими? Бу саволларга жавоб олишни истасангиз, мана шу кундаликни охиригача ўқишингизга тўғри келади.

Дарвоқе, кундалик уч кун давом этса керак. Тожикистонга сафаримиз айнан шунча муддатга мўлжалланган.

***

— Қўшни, ишлар яхшими. Хизматлар билан чарчамаяпсизми? — Тожикистон томонидан келган офицер Ўзбекистон чегарачилари билан қуюқ кўришди. Кейин биз томонга салгина айбдорона қаради. — Меҳмонлар, сизни кутиб оладиганлар келишди. Қани, марҳамат биз томонга...

Ярим соатгина олдин худди шу офицер бизни Тожикистон чегарасидан ўтказмаган эди. Ўтказмади эмас, Ўзбекистон томонида кутиб туришни маслаҳат берганди. Айтишича, мезбон томондан ҳозирча расмийлар келмаган, камига соат ҳам 07:00 бўлмади, чегара ҳали очилмаган, тартиб шунақа. «Биз томонга ўтган билан барибир кутиб туришингизга тўғри келади, меҳмонлар», — деди у.

Ортиқча саволларсиз ўз томонимизда қолишга рози бўлдик. Боз, чегарачиларимиз ҳам шу ерда кута туришни маслаҳат беришди.

Соат етти бўлгани ҳамоно Тожикистон томонидан расмийлар етиб келишди. Шу куни Сўғд вилоятида Ўзбекистон Республикаси томонидан беғараз қуриб берилган мактаб очилиши керак эди. Бир гуруҳ журналистлар ўша тадбирга йўл олдик.

Янги мактаб қурилган жойга етиб боргунга қадар кузатганларимиз ҳақида икки оғиз айтиб ўтсак.

***

Энг аввало одамлар, кўча, қишлоқ ва маҳаллалар ҳақида — чегарадан ўтганингни эсдан чиқарворсанг, Ўзбекистондан кетмагандексан гўё. Ўша, ўша манзара. Бекорга ўзбек ва тожикни икки тилда сўзлашувчи бир халқ, дейишмаган. Кийинишу, юриш-туришдан тортиб, уй тутишгача деярли бир хил.

Далалар чети эса текис каллакланган тут билан тўла. Шу қадар мўлки, пилла қаерда кўпроқ етиштирилишига иккиланиб ҳам қоласан — Ўзбекистондами ёки Тожикистонда.

Аммо шундай бўлса ҳам қишлоқ хўжалиги борасида битта фарқни айтиб ўтиб кетсак — Тожикистондаги дала майдонлари биздагидек бепоён эмас экан. Юртимизда пахта ва ғалла далалари шу қадар каттаки, охирини илғаш қийин. Ўзбекистонда 100-200 гектарлик майдонларни учратиш оддий ҳол. Аммо қўшниларимизда катта далани жуда кам кўрдик. Одатда деҳқончилик қиладиган ер майдонлари майдароқ бўларкан, ўн, ўн беш, ҳатто беш-олти гектарлик ерлар ҳам бор.

— Бизда катта фермерлар анча кам, икки гектар ерда ишлайдиганлар ҳам бор. Фермерлар ерига ўзи истаган нарсани экади. Фақат пахта давлат буюртмаси бўйича навбат билан етиштирилади, — дейди биз билан суҳбатда маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Дарҳақиқат, ўша 10-15 гектарлик майдонларга турфа экинлар экиб ташланган — маккажўхори, ловия, ерёнғоқ, кунжут, шоли. Яна бизда аллақачон урфдан чиққан беда ҳам кўп. Зеро унинг ҳосияти анча катта — чорвачилик ривожланади, сут-қатиқ кўпаяди, гўшт таннархи тушади ва ер анча дам олиб, кучга тўлади. Икки йилдан кейин унга нима эксанг ҳам ҳосилни йиғиштириб, чарчаб кетмасанг, мен кафил...

Ҳа, тожик оғайнилардан ўрганадиганимиз ҳали кўп, шекилли.

***

Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Спитамен ноҳиясида Ўзбекистон томонидан қуриб берилган янги мактаб очилгани ҳақида батафсил репортаж сайтимизда берилди. Бунга қўшимча сифатида шуни айтиб ўтмоқчи эдикки, маҳаллий аҳолида Ўзбекистонга бўлган ҳурмат жуда юқори.

«Сиз Ўзбекистонданми?» — энг кўп эшитган саволимиз шу бўлди. Тасдиқлаганимиз ҳамоно қайта ва қайта раҳмат айтишади. Мактаб учун албатта.

Бу миннатдорлик биз орқали бутун Ўзбекистонга қаратилгани аниқ. Омонатни етказиб қўяйлик, дедик...

***

Мактаб очилиши маросими якунлангач Душанбе сари йўл олдик. Ўзбекистонда ҳам тоғли ҳудудлар анчагина, йўл босиб ўтиладиган довонлар ҳам бор — Қамчиқ ва Тахтақорача (Китоб). Аммо Ҳисор тоғ тизмасига кирувчи Шахристон довонидан ошиб ўтгач ҳақиқий хавф қанақа бўлишини билдик. Бунақа адреналинни анча-мунча аттракциондан ҳам топиш қийин. Ойбек домла таърифи билан айтганда ҳақиқий «ваҳший тоғлар»ни шу ерда кўрасиз.

Шахристон довони денгиз сатҳидан 3378 метр баландликда жойлашган. Йўл эса гарчи ойнадек текис бўлса-да, тор ва кескин бурилишларга бой. Бу ерда бир лаҳза ҳам эътиборни йўқотиб бўлмайди. Йўл давомида жарга қулаб, консерва банкадек мажақланиб кетган бир нечта машиналарни кўрдик. Дара шу қадар чуқурки, ҳар доим ҳам пастга қулаган машиналарни чиқариб олишнинг иложи бўлмас экан. Шу ҳолича занглаб ётаверади.

Даҳшат...

***

Мана шу довондан ўтиш асносида чўпон Мирзобек акага дуч келдик. Балки у билан суҳбатимиз кундаликка кирмаган бўларди, агар бўрибосар итини кўриб қолмаганимизда.

Кесилган қулоғи демасангиз, ит эмас бу, бўри.

Итларимизни бўриларга қўшилиб кетиши учун тоғларга ташлаб кетамиз. Кейин шу итлар қайтиб келади ва ундан зот оламиз. Бўри ва итнинг қоришмаси шунақа бўлади, — дейди Мирзобек ака. Унинг учун бу оддий ҳол, чўпон таёғига суяниб, бамайлихотир гапириб беради. — Бунақа итдан бўри тугул, вақти келганда айиқ ҳам қўрқади. Ҳозир ўзимда бўридан зот олинган тўртта ит бор. Мана шу кўриб турганингиз иккита бўрини ғажиб ташлаган. Ҳув нарироқда бўлганди.

Айиқми? Бир сафар қўрага айиқ келганда тўрттала бўрибосарим чиқиб, у билан олишганди. Қочиб кетди «полвон», шу билан қайтиб қорасини кўрсатмади.

Мирзобек аканинг айтишича, бўри ва итдан туғиладиган кучукчалар она қорнидан иккитагина тушаркан. Аввалига кўкиш тус бўларкан, кейин мана шунақа сарғимтир рангга кираркан. Ҳа-я, бунақа итларни парваришлаш ҳам осон эмас. Гўшт ва қуйруқ бериб туриш керак, акс-ҳолда тиши тўкилиб кетармиш...

***

300 километр йўл босиб, Душанбега келгунга қадар иккита довон ошдик. Йўлга салкам 6 соат вақтимиз кетди. Чарчоқ кучли, аммо олинган таассуротлар ундан кучлироқ. Мана шундан озгинасини сизга ҳам илиндик.

Маъқул келса эртага яна гаплашармиз...

Зафар ҚОСИМОВ
Тошкент-Хўжанд-Душанбе

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг