Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Янги қарор: дори воситаларини нархлаш, «махфий мижоз»...

Янги қарор: дори воситаларини нархлаш, «махфий мижоз»...

Фото: «Яндекс»

Республикада маҳаллий ва хорижий дори воситаларига референт нарх белгилашни босқичма-босқич жорий этилиши тўғрисида янги қарор имзоланди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, ҳозирги кунда республикада 8,885 дори воситаси рўйхатга олинган бўлиб, шундан 6,437 таси (73 фоизи) хорижий ва 2446 таси (26 фоизи) маҳаллий дори воситасидир.

Амалиётда шунга гувоҳ бўлмоқдамизки, республикада бир номдаги дори воситаси нархида 10 фоиздан 50 фоизгача фарқ мавжуд.

Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатдики, дори воситалари нархи нисбатан юқори бўлган ва бир-бирининг ўрнини босувчи дори воситалари нархларида тафовут мавжуд бўлган ривожланган мамлакатлар давлат бюджети ва нодавлат жамғармалари харажатларини камайтириш учун референт нархлар белгилаш тизимидан фойдаланишади.

Мазкур тизим дори воситаларига референт нархни белгилашни назарда тутади ва унга асосан дори воситалари мамлакатга олиб кирилганда белгиланган нархлардан юқори бўлмаган нархларда мамлакатга олиб кирилади ва (ёки) реализация қилинади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти «Республика фармацевтика тармоғидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорни имзолади.

Қарорга биноан, 2020 йил 1 мартдан бошлаб республикада маҳаллий ва хорижий дори воситаларига референт нархни белгилаш тизими босқичма-босқич жорий этилади. Унга кўра, дори шакли, қадоқдаги дорилар сони, дозаси, концентрацияси, ҳажми ва қадоқлаш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда дори воситаларига энг юқори нархлар белгиланади ва дори воситаларини Ўзбекистонга импорт қилиш ва маҳаллий корхоналар томонидан реализация қилиш белгиланган нархлардан юқори бўлмаган тартибда амалга оширилади.

Шунингдек, 2020 йил 1 июлдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар, республиканинг барча тиббиёт ташкилотларида дори воситаларининг халқаро патентланмаган номини рецепт ёзишда қўллаш тартиби жорий этилади.

2020 йил 1 июлдан бошлаб «Махфий мижоз» институти жорий этиладиган бўлиб, у тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналари томонидан қонун талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш, ваколатли органлар ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида маълумот тўплаш ва мониторинг ўтказиш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ва бошқаларни кўзда тутади.

Таъкидлаш жоизки, AҚШда рақобат турларидан бири сифатида ХХ асрнинг бошларида пайдо бўлган «махфий мижоз» атамаси ходимларни барча хизмат кўрсатиш стандартларига риоя қилишга ва хизмат сифатини яхшилашга ундайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг