Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йил якуни: Энг кўп пора олган ҳоким ёрдамчиси, энг қиммат овқат, энг қиммат тадбир...

Йил якуни: Энг кўп пора олган ҳоким ёрдамчиси, энг қиммат овқат, энг қиммат тадбир...

Таҳлилларга кўра, 2022 йилнинг дастлабки ойларидаёқ ҳоким ёрдамчилари томонидан 14 та жиноят содир этилган. Мазкур жиноятларнинг асосий қисмини порахўрлик, мансабдорлик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этади.

Март ойида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси Б.Х. фуқародан 5,5 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ушбу очиқланган биринчи жиноятдан кейин Қашқадарёнинг Ғузор туманида ҳоким ёрдамчиси 300 доллар олаётган вақтда қўлга олинди. У маҳаллий фуқарога вилоят тез тиббий ёрдам марказига фельдшер бўлиб ишлашга киритишни ваъда қилганлиги айтилган. Ҳеч қанча ўтмасдан бу рекорд мисли кўтарилмаган фарқ билан янгиланди. Тошкент туманида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳоким ёрдамчисини ҳибсга олди — Тошкент туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган шахс мазкур тумандаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи синфдоши билан келишиб, Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган 4 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали бошқа бир шахснинг номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Апрель ойи бошида Чуст тумани ҳокими ёрдамчиси ер ажратиб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилиб, мазкур жиноят амалга оширилаётган вақтда қўлга олинди.

Ҳозирча йил бошидан буён энг кўп пора олган Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги ҳоким ёрдамчиси бўлиб турибди, у май ойида тадбиркордан 35 минг доллар пора олаётган вақтида ушланди.

Энг кўп ҳоким ёрдамчисини лавозимидан озод этган вилоят

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани ҳокими қарорига асосан, ҳокимнинг маҳалла фуқаролари йиғини тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича 18 нафар маслаҳатчиси ишдан олинган бўлса, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров маҳалла фуқаролар йиғинлари тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича 40 нафар ҳоким ёрдамчисини лавозимидан озод этган.

Энг қиммат давлат тадбирлари

8 март — Халқаро хотин қизлар куни байрами муносабати билан Конгресс-холда ташкил этилган тадбирга қарийб 7 миллиард сўм сарфланган.

Бу борада эстафета байроғини халқаро инвестиция форуми илиб кетди. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги давлат харидлари порталига Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказишга қанча маблағ сарфлагани ҳақидаги маълумотларни кўришингиз мумкин. Март ойида Тошкентда халқаро инвестиция форум доирасида 15 млрд сўмдан ортиқ харидлар амалга оширилган.

Олий Мажлис Сенати эса  8-9 сентябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитига келган меҳмонларни овқатлантиришга 1 млрд 56 млн сўмдан ортиқ маблағ сарфлаган. Сенатнинг саммитга келган меҳмонларни овқатлантириш харажатлари сметасига кўра, 8 сентябр кунги тушлик ва кечки овқат учун 608 млн 120 минг сўм, 9 сентябр кунги кофе брейк ва тушлик учун 448 млн 500 минг сўм сарфланган. 

Йилнинг энг қиммат овқатлари

Юқорида айтганимиздек, Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказиш учун 15 млрд сўмдан ортиқ маблағ сарфланган. Масалан, «Sky Events» МЧЖ билан 1,5 литрлик Coca-Cola ичимлигини 32 минг сўмдан, «Сочная долина» шарбатларини 48 минг сўмдан сотиб олиш бўйича шартнома тузилган.

Шартнома ўша биз билган «Sky Events» билан имзоланган, шартномада бир дона сомса 85 минг сўм, бир коса шўрва 130 минг сўм, бир порция қозон кабоб эса 250 минг сўм деб келтирилган.

Март ойида Тошкент инвестиция форуми бўлиб ўтганида, форум учун қарийб 1,5 миллион доллар сарфлангани ҳақидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Шартномаларга кўра, 700 минг доллар SKY EVENTS тадбир агентлигига кетган. Унда бир порцияси 200 минг сўмлик қулупнайлар, малиналар, 5,5 миллион сўмлик қора икра каби маҳсулотлар бор.

Сентябрь ойида Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитига келган меҳмонларга дудланган ласос балиғи бир порцияси 400 минг 52 нафар меҳмонга балиқнинг ўзига 20 млн сўм сарфланган.

Дастурхонга авокадо ва криветки салати 120 минг, мол гўшти медалони —80.000 мингдан 300 кишига, килоси 130 минглик қулупнай ва малиналар, шафтоли ва узумлар ҳам тортилган.

Йилнинг энг қиммат соати

Бундан бир неча кун олдин Қуюв механика заводи қарийб 180 миллион сўмга Швейцария соатини олишга буюртма бергани ҳақида  журналист Алишер Рўзиохунов ўз саҳифасида ёзди:

«Ҳукумат раҳбари бюджет ташкилотлари ва бюджет пулига алоқадор корпоратив идоралар янги йил тадбирларини ўтказиши тақиқланишини айтса ҳам, совға салом юборишни тақиқламаганку. Хўш, буниси бизга қоронғу, аммо Тошкентдаги Қуюв механика заводига 142 миллион сўмга 59та соат, яна 36 миллион сўмга 7 та соат нега керак бўлди?

Бу заводнинг 100 фоиз улуши Ўзтемирйўлмаштаъмир УКга қарашли бўлиб, Ўзтемирйўлмаштаъмир УК эса давлат корхонаси. Халқни пулини нима қиляпсизлар, инсоф борми ўзи сизларда? Одамлар газ ва светдан азият чекса, кўчада турнақатор навбатда туриб, тирикчилик қилаётганда қорахалқ устидан кулишми шу?»

Ўтган йили Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги томонидан Давлат харидлари порталига 30 миллион сўмга премиум-классдаги тилла қопламали 2 дона ручка сотиб олиш таклифи жойлаштирилгач, ижтимоий тармоқда эътирозлар билдирилганди.

«Қонли ой»

6 сентябрь. Жиззах вилояти Зарбдор туманида аёл 39 ёшли эри томонидан ўлдирилди, 3 фарзанд етим қолди.

2 сентябрь. Яна Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида 4 фарзанднинг онаси 40 ёшли эри томонидан уриб ўлдирилди.

12 сентябрь. Андижон вилояти Избоскан туманида 22 ёшли аёл ва унинг онаси куёви томонидан пичоқлангач вафот этди.

16 сентябрь. Фарғона вилояти Данғара туманида аёл спиртли ичимлик истеъмол қилган эри томонидан пичоқланиб вафот этди.

9 ойда Ўзбекистонда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 27 мингдан ортиғи — оилада, 3 мингдан ортиғи — кўчада, 1 мингдан ортиғи — жамоат жойида содир этилди, дея маълум қилди Оила ва хотин-қизлар қўмитаси.

Жами 32 мингдан ортиқ хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг