Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мессини ЖЧ финалида “тақдир ҳазили” кутмоқда

Мессини ЖЧ финалида “тақдир ҳазили” кутмоқда

Фото: AFP

Футбол мухлислари 19 июль куни бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати (ЖЧ) финал учрашувини интиқлик билан кутмоқда. Сўнгги ҳал қилувчи баҳсда Испания ва Аргентина терма жамоалари жаҳон чемпиони деган ном учун омонсиз курашга киришади.

Ушбу учрашувда дунё футболи қироли, 39 ёшли Лионел Месси ҳамда Испаниянинг порлаётган юлдузи, 19 ёшли Ламин Ямал илк бор бир-бирига қарши майдонга чиқади.

Жаҳон матбуоти бу икки футболчининг танишуви қарийб 20 йил аввал рўй бергани, ўшанда 19 ёшли Месси 5 ойлик чақалоқ Ямални ўз қўли билан чўмилтиргани ҳодисасини ёдга олмоқда.

2007 йилда “Барселона” шарафини ҳимоя қилаётган ёш Месси ЮНИСЕФ ташкилотининг хайрия тадбири доирасида фотосессия тадбирида қатнашади. Клуб футболчилари чақалоқлар билан биргаликда суратга олинади ва шу асосда тақвим чоп этилади.

Ламин Ямалнинг оиласи лотореяда фотосессияда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Энг қизиғи, қуръа ташлаш натижасида чақалоқ Ламин Ямал билан аргентиналик юлдуз Лионел Месси суратга тушиши маълум бўлади. Месси хайрия тадбири доирасида чақалоқни чўмилтирган ва кўтарган ҳолда суратга тушади. 

Месси ва Ямалнинг йигирма йил олдинги илк “танишув”и. Фото: AP

Тақдирнинг ҳазилини қарангки, орадан 20 йил ўтиб, Месси ўз қўли билан чўмилтирган ва эркалаб суратга тушган Ламин Ямал ҳал қилувчи баҳсга унга қарши тўп суради.

Месси ва Ямал номи ёнма-ён тилга олинаётгани тасодиф эмас. Зеро, ҳар икки футболчи “Барселона” деб аталган “истеъдодлар ишлаб чиқариш корхонаси”нинг маҳсулоти саналади.  

Месси 2000 йилда 13 ёшида “Барса” академиясига келган ва 17 ёшида жамоанинг асосий таркибида дебют қилган бўлса, Ямал 7 ёшидаёқ мазкур даргоҳга келган ва 15 ёшида дунёга машҳур жамоанинг асосий сафида майдонга тушган эди. 

Яна бир рамзий шуки, Ямал ҳам Месси қарийб йигирма йил давомида  эгалик қилган 10-рақамни мерос қилиб олди. 

Ярим финалда Испания терма жамоаси Франция устидан ишончли ғалаба қозонган ҳолда, ҳақли равишда финал ҳуқуқини қўлга киритди. Аввал хабар берганимиздек, Луис де ла Фуэнте шогирдлари мазкур ўйинда Дидье Дешам жамоасига чинакам футбол сабоғини бериб қўйди.

Аргентина термаси эса Англияга қарши интригаларга бой ўйинда сўнгги 10 дақиқада урилган икки гол эвазига ғалаба қозонди.

ЖЧ кунларида 39 ёшга тўлган Месси учун бу учинчи ва эҳтимол сўнгги финалдир. Айнан ЖЧ кунларида 19 ёшни қаршилаган Ямаль учун эса бу биринчи финал саналади. 

Журналистларнинг 20 йилги олдинги сурат ҳақидаги саволига жавоб бераркан, Ямал “Мен анча катта бўлиб қолдим, Лео ҳам” деган ва ушбу баҳсни анчадан буён кутаётганини қайд этган.

Дарвоқе, АҚШ, Канада ва Мексикада ўтаётган ва якунига етаётган ЖЧ даврида Ламин Ямалнинг 3 ёшли укаси Кейн ҳам ижтимоий тармоқлар юлдузига айланди. Трибунада бақир-чақир қилганча акасини қўллаб қувватлаётган болакайнинг фото ва видеолари гоҳида майдонда тер тўкаётган айрим футболчиларникидан ҳам кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Шунга кўра, Euronews Кейн Ямалнинг стадионларда пайдо бўлишини ЖЧнинг эътиборга молик ҳодисалари сирасига киритган.

Маълумот ўрнида: Ламин Ямал 2007 йилда Испанияда Марокаш ва Экваториал Гвинея вакиллари хонадонида туғилган. У ҳам Месси каби барвақт машҳурликка эришди.

“Интер” бош мураббийи Симоне Индзаги Ямални “ҳар 50 йилда бир туғиладиган бетакрор истеъдод” деб атаган эди.   

2025 йил охирида FourFourTwo талқинига кўра, Ямал дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган.

Жорий йил май ойида эса “Барселона” жамоаси ҳужумчиси Ламин Ямал Фаластин байроғини кўтаргани сабаб Исроил расмийларининг босимига учради. Фаластиннинг мазлум халқига хайрихоҳ бўлган миллионлаб одамлар Ямалнинг бу ҳаракатини олқишлади. Исроил мулозимлари эса кутилганидек бундан дарғазаб бўлди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг