Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғалати парадокс: нега 50 фоиз 15 фоиздан яхшироқ ёки кичик шаҳарларда коронавирус қандай тарқаши ҳақида

Ғалати парадокс: нега 50 фоиз 15 фоиздан яхшироқ ёки кичик шаҳарларда коронавирус қандай тарқаши ҳақида

Фото: «Imago-images.de»

Коронавирус кириб бормаган мамлакат қолмади ҳисоб. Германия ҳам истисно эмас (пандемия энг авжига чиққан беш давлатнинг бири), Нидерландия билан чегарада жойлашган немис шаҳарчаси — Гангельтда эса коронавирусни юқтирганлар сони шиддат билан ўсиб боряпти.

Масофа сақланмаса, уйда ўтирилмаса, гигиенага риоя этилмаса нима бўлади? Хуллас, коронавирус шароитида айнан нима қилмаслик кераклигига шу шаҳарчанинг аччиқ тажрибаси яхши мисол бўлади, дейишмоқда олимлар.

Нега айнан Гангельт вирусологлар эътиборида? Гап шундаки, коронавирус Германияда энди-энди тарқай бошлаган пайтида, буни кўриб-билиб туриб, гангельтликлар февраль карнавалини ўтказишган, шаҳарчага жуда кўп сайёҳлар келганди.

Карнавал тугаб, ҳамма уй-уйига тарқагач, маҳаллий аҳоли ёппасига коронавирус билан касаллана бошлади. Камига сайёҳлар ҳам ўз шаҳарларига вирусни олиб кетишди. Атиги 10 минг киши яшовчи Гангельт учун аҳолининг 15 фоизи касалликка йўлиқиши фожиадан бошқа нарсамас — маҳаллий касалхона кичкина, шифокорлар кам, дори-дармон эса ҳаммага етмайди.

Вирусологлар Хитой шаҳарлари мисолида компьютер моделини ясашди. Дастур Гангельтда эпидемия ортга қайтиши учун аҳолининг камида 50 фоизига вирус юқиши кераклигини кўрсатди... Бу яқин ойларда эпидемия пасайишини кутишдан фойда йўқ дегани.

Шу ҳафта мутахассислар 1000 нафар гангельтликдан COVID-19 бўйича тест олишди ва ҳар еттинчи инсонда вирусга қарши иммунитет борлигини аниқлашди. Янги турдаги коронавирусга иммунитети бор инсонларнинг айримларида касалликнинг ҳеч қандай аломатлари сезилмаган.

Парадокс шундаки, немис шаҳарчаси аҳолисининг 15 фоизи коронавирус билан оғригани яхшиликка эмас. Эпидемия босилиши учун шаҳарчанинг 50-75 фоиз аҳолисига вирус юқиши шарт. Шундай экан Гангельтда эпидемия чекиниши учун ҳали эрта, деб хулоса чиқаришди олимлар.

Коронавируснинг инкубацион даври бирмунча давомли экани боис, кўплаб мамлакатлар ва шаҳарларда эпидемия чекинишини ҳали бир неча ой кутишимизга тўғри келади — олимларнинг хулосаси шу.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг