Коронавирус муолажаси борасида умидбахш хабар

Буюк Британиянинг Synairgen компанияси коронавирус муолажаси борасида янги дори муваффақиятли синовдан ўтказилганини маълум қилди. Дастлабки синовларга кўра, янги тиббий восита вирусга чалинган беморнинг сунъий нафас олдириш ускунасига талабини камайтиради, муолажа даврини ҳам сезиларли қисқартиради.
Synairgen биотехнология ширкати ишлаб чиққан дори интерферон бета оқсилига асосланади. Муолажа жараёнида мазкур модда махсус ингалятор – небулайзер ёрдамида нафас йўли ва ўпкага юборилади. Одатда, мазкур усул нафас йўли касалликларида кенг қўлланади.
Сир эмас, Сovid-19 хасталигининг оғир кўринишида беморни сунъий нафас олдириш ускунасига улаш талаб этилади. Synairgen ширкати ишлаб чиққан дорининг дастлабки синовида беморларнинг 79 фоизи сунъий нафас олиш ускунаси ёрдамисиз оёққа турган. Интерферон бета, шунингдек, нафас қисишини ҳам камайтирган. Шифохонада даволаниш муддати эса 9 кундан 6 кунгача қисқарган.
Интерферон бета инсон танасида вирус ҳамласи мавжудлиги ҳақида хабар бериш хусусиятига эга. Таҳлилларга кўра, коронавирус иммун тизимини маҳв этиш учун организмда интерферон бета ишлаб чиқариш жараёнига тўсқинлик қилади. Янги муолажа усули эса айнан оғриқли нуқта – бевосита нафас йўлига мазкур моддани юборишга асосланади. Қайд этилишича, ўпкага етиб борган интерферон бета моддаси иммун тизимини вирусга қарши оёққа турғизади.
Компания ҳозирча тадқиқот натижаларини илмий журналда эълон қилганича йўқ. Аммо тадқиқот гуруҳи раҳбари Том Уилкинсон натижалар илмий жамоатчилик томонидан тасдиқланса, янги дори инфекцияга қарши кураш жабҳасида катта ўзгаришга олиб келишига ишонч билдирган.
Амалдаги тартибга мувофиқ фармацевтика ширкати ўз хулосаларини соғлиқни сақлаш идорасига тақдим этади. Одатда текширув-тафтиш жараёни бир неча ойга чўзилади. Аммо инглиз ҳукумати янги ишланма бўйича хулосаларни тезроқ муддатда бериши кутилмоқда. Бундан аввалроқ ремдесивир дориси истеъмолига ҳам ошиғич равишда рухсат берилгани маълум. Қолаверса, Synairgen ширкати бевосита Британия ҳукумати шафелигида тадқиқот олиб бормоқда.
Муолажа усули қўллаб-қувватланса, катта миқдорда дори ва небулайзерларни ишлаб чиқариш талаб этилади. Synairgen ширкати бу борада тезкор ҳаракат қилишга ваъда берган.
Тадқиқот натижалари тўлиқ эълон қилинмагунча, аввалдан хулоса қилмай турган маъқул дейди Шеффилд университети профессори Стив Гудэйкр. Глазго университети профессор Навид Саттарга кўра эса дастлабки натижаларнинг ўзи умидбахш хулоса чиқаришга етарли. Олим, айни чоқда, тадқиқот кўламини кенгайтириш, янги дорини кўп сонли беморларда синаш лозимлигини таъкидлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter