Коронавирус туфайли 140 миллион лола нобуд бўлди
Коронавирус пандемияси шароитида гулларга талаб камайгани боис Нидерландияда гул компаниялари 400 миллион гул, жумладан, 140 миллион дунёга машҳур голланд лоласини йўқ қилишга мажбур бўлди, дея хабар берди «New York Times» газетаси.
«Бу вирус лолалар савдоси айни авжига чиққанда бизга зиён етказди. Тўрт ҳафта ўтди, пул айланмаси ўтган йилгига қараганда 50 фоиз паст», — дейди «Royal Flora Holland» голланд флористлар конгломератининг савдо-сотиқ менежери Фреда ван Тола.
Фақат лола ишлаб чиқарувчи ва гул дўконлари эгаларигина катта молиявий йўқотишга дучор бўлмади. Мамлакат, шунингдек, йилнинг шу даврида Нидерландиянинг энг диққатга сазовор жойларидан бири — Лисседа наргис, сунбул ва лолазорларни томоша қилиш учун келадиган юзлаб сайёҳларидан жудо бўлди.
Мана, масалан, Нидерландияда «Кёкенхоф» гуллар боғи бу йил ташриф буюрувчиларга ҳатто эшигини ҳам очмади. Бундан боғ 25 миллион доллар зарар кўради.
Шунга қарамай, 25 нафар боғбон гулларни парвариш қилишни давом эттирмоқда. Хоҳловчилар боғ сайтида онлайн тартибда гулзорларнинг расмларини томоша қилишлари мумкин.
«Табиат қоидаларга қулоқ солмайди. Нидерландияда гуллаш мавсуми бошланди. Эндиликда боғ чиндан ҳам гўзаллашиб кетди. Биз буни уйда ўтиришга мажбур бўлаётганларга кўрсатиш учун қўлимиздан келганича ҳаракат қиламиз», — дейди директор Барт Симеринк.
Маълумотларга кўра, Нидерландияда 25 587 киши коронавирусга чалинган бўлиб, улардан 2737 нафари ҳаётдан кўз юмди. Шифохоналарда 8582 киши даволанмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter