«Коронавирусга қарши энг ишончли вакцина». Унинг муаллифлари ўзбекларга бегона эмас...

Эр-хотин Угур Шаҳин ва Ўзлем Тюрежининг улкан илмий ютуғи туркий дунёда ҳам айрича фахр билан кутиб олинди.
Европа мамлакатлари аҳолиси коронавирусга қарши қайси вакцина билан эмланиши маълум бўлди. Эътиборга молик жиҳати, Ғарб мамлакатларида ишончли деб баҳоланаётган вакцина туркий миллат вакиллари томонидан яратилди.
BNT162b2 деган муваққат ном билан аталган вакцина Германиянинг BioNTech биотехнология компанияси томонидан, Американинг Pfizer концерни билан ҳамкорликда яратилди. Одатда, юқумли касалликларга қарши вакцина яратиш жараёни бир неча йилларга чўзилади. Аммо вазият тақозосига кўра олмон ширкати коронавирусга қарши тиббий воситани рекорд даражада қисқа муддатда тайёрлашга муваффақ бўлди. Янги вакцинани яратиш лойиҳаси рамзий тарзда «Ёруғлик тезлиги» деб номлангани ҳам бежиз эмас.
Айни пайтда янги вакцинанинг ишончлилик даражаси 90 фоиздан ошиқ деб баҳоланмоқда. Бу дунё бўйлаб тадқиқ этилаётгн вакциналар орасида энг юқори кўрсаткичдир. Евроиттифоқ ҳозирданоқ вакцинадан 100 млн доза сотиб олиш ҳақида битим имзолади. Келгусида харид ҳажми кескин ошиши кутилмоқда. Талабгорлар орасида АҚШ, Япония ҳамда Канада ҳам бор.
Ҳозирча ковиднинг олдини олишда энг ишончли восита дея баҳоланаётган BNT162b2 вакцинаси ижодкорлари асли туркиялик олмон олимлари – эр-хотин Угур Шаҳин ва Ўзлем Тюрежидир.
Угур Шаҳин Туркияда туғилган. Тўрт ёшида отаси билан Германиянинг Кёльн шаҳрига кўчиб келишган. Отаси Ford автомобиль заводида фаолият юритган. Тиббиёт йўналишида таҳсил олган Шаҳин ўз соҳасининг пешқадам вакили даражасига кўтарилди.
«Талабалик пайти соат 16 га қадар дарсда бўлар эдик. Машғулотлардан кейин дўстларим уй-уйига кетар, мен эса лабораторияда кечки соат 10, гоҳида тонгги 4 га қадар тадқиқот олиб борар эдим», – дейди У.Шаҳин.
Айни пайтда у асос солган BioNTech биотехнология компанияси 60 дан зиёд патентга эга. Профессор Шаҳиннинг ўзи эса Германиянинг энг бой кишилари рўйхатидан жой олган.
Профессор Шаҳин Германиядаги Саар университетида дарс берган чоғи бўлажак рафиқаси, тиббиёт факультети талабаси Ўзлем Тюрежи билан танишган. Ўзлемнинг ҳам тақдири турмуш ўртоғиники билан муштарак: асли истанбуллик бўлган шифокор Германияга кўчиб келди; йиллар ўтиб иқтидорли қиз ота изидан бориб етук олимага айланди.
Угур Шаҳин ва Ўзлем Тюрежи 2001 йили Майнц шаҳрида хусусий биотехнология ширкатига асос солдилар. Вақт ўтиб, турк меҳнат муҳожирларининг фарзандлари ташкил этган ширкат нафақат Европа, балки дунё бўйича ҳам илғор натижаларга эришди. Эндиликда BioNTech компаниясида 60 дан ошиқ давлат вакили бўлган 1300 ходим фаолият юритмоқда. 55 ёшли Угур Шаҳин бошқарув раиси, 53 ёшли Ўзлем Тюрежи эса тиббий тадқиқотлар бўйича директор лавозимида фаолият юритмоқда. Эр-хотин Майнц университетида дарс беришда ҳам давом этмоқда.
Германияда турк миллатига мансуб қарийб 5 миллионга яқин киши истиқомат қилади. Ўтган асрнинг 60-йилларида туркиялик ишчиларнинг Германияга йирик кўчиши рўй берди. Айни пайтда турк миллатига мансуб ватандошлар Германия сиёсий бошқаруви, шунингдек, иқтисодиёт, илм-фан, маданият, санъат ва спорт каби жабҳаларда фаолият юритмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter