Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда 4 мингга яқин бола коронавирусга чалинган — ССВ

Ўзбекистонда 4 мингга яқин бола коронавирусга чалинган — ССВ

Фото: ССВ

Айни кунларда мактабларда янги ўқув йилини бошлаш масаласи энг муҳим вазифалардан бири бўлиб турибди. Мактаблар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, синфларда ижтимоий масофани сақлаш, қўл ювишга етарли шароит яратиш, ниқоб тақишни назорат қилиш, респиратор касалликлар аломати борларни эрталабки фильтр жараёнида алоҳида текширувдан ўтказиш, дарс мобайнида аниқланган беморларни изоляция қилиш, ҳожатхоналарни санитария талабларига мослаштириш, ошхоналарда гигиена талабларини таъминлаш, сурункали касаллиги бор ва ногиронлиги бор болаларга алоҳида ёндашув сингари муҳим жиҳатларга эътибор бериш, айниқса, аҳамиятлидир.

ССВ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда мамлакатимизда «COVID-19»га чалинган жами 41 994 нафар бемордан қарийб тўрт минг нафарига яқинини болалар ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичнинг аксарият қисми мамлакатимизда карантин эълон қилинган ҳамда халқ таълими муассасалари фаолият юритмаган даврга тўғри келади.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мавжуд вазиятда, энг аввало, мактабларнинг зарур талабларга жавоб бериши ўта муҳим эканлигини таъкидламоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, бу вазиятда қуйидаги омилларни ҳисобга олиш ва уларни ўқув йили бошлангунга қадар бартараф этиш зарур:

  • таълим муассасаларининг баъзилари ичимлик суви билан таъминланмаганлиги;
  • мактаб ошхоналари ҳамда ҳожатхоналарининг санитария-гигиена талабларига тўлиқ жавоб бермаслиги;
  • мактаб хамда мактабгача таълим ташкилотларида хизмат қиладиган ходимларнинг ва ота-оналарнинг хизматдан ташқари вақтларида турли жамоат жойлари (бозор, магазин, автобус, қариндошлар, қўшнилар)да бўлишлари;
  • ушбу ёшдаги болаларни кун давомида мактаб ҳудудида ижтимоий масофани сақлай олишини таъминлаш; 
  • болаларда коронавирус кўп ҳолатларда енгил ёки клиник белгиларсиз (симптомларсиз) кечса ҳам, улар ушбу вируснинг асосий тарқатувчиларидан бири бўлишлари ва улар ўз оилаларидаги катталарга, айниқса, хавф остидаги гуруҳлардаги қариндошларига юқтириши ва аҳоли ўртасида касалликни купайишига олиб келиши мумкинлигини эътиборга олиш керак.

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов халқимиз келажаги бўлмиш ёш авлоднинг соғлиғи ҳақида қайғуриш тиббиёт тизими вакилларининг асосий вазифаларидан бири эканини эслатди.

«Коронавирус болаларда енгил ўтиши бу эҳтиёткорликни унутиш дегани эмас. Чунки бир қатор мамлакатлардаги ҳолат бунинг аксини кўрсатмоқда. Ҳар биримизнинг фарзандларимиз, набираларимиз бор. Болалар соғлиғи ҳақида гап кетганда, уларнинг ўрнига ўз боламизни қўйиб кўрайлик. Шунинг учун мактабларга бириктирилган 10 минг нафарга яқин тиббиёт ходимларидан, педагоглардан, маҳаллий ҳокимият вакилларидан вазиятга ота ёки она кўзи билан қарашларини сўрардим», — деб таъкидлади вазир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг