Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Биз ўн йил қийналиб яшаймиз, кейин ҳамма нарсамиз бўлади» — машҳур шоирнинг рафиқаси билан суҳбат

«Биз ўн йил қийналиб яшаймиз, кейин ҳамма нарсамиз бўлади» — машҳур шоирнинг рафиқаси билан суҳбат

Ўзбекистон халқ шоири, «Дарс», «Бахшиёна», «Узун тун», «Оқибат», «Кўзгу», «Кундузсиз кечалар», «Жоду», «Алпомишнинг қайтиши», «Бир қадам йўл», «Куз» каби кўплаб асарлар муаллифи Усмон Азимнинг севимли рафиқаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон, «Дўстлик» ордени соҳибаси Раъно Азимова билан суҳбатимиз унинг ораста, сокин, муҳаббат ва ижод нафаси уфуриб турган хонадонида бўлди.

– Раъно опа, аёл учун уни сўзсиз тушунадиган, ҳурматига муҳаббат билан жавоб берадиган, самимий меҳри билан сийлайдиган, бунинг устига Аллоҳ назари тушган, эл эҳтиромидаги инсон билан яшаш беадоқ завқ, фахр ва шукроналик бағишласа керак. Бу ҳам Яратганнинг туҳфаси ва тақдири азал. Тўғрими?

– Тўғри, биримиз воҳа, биримиз водий фарзандимиз. Мен Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида туғилиб ўсганман. Бу киши Сурхондарёнинг гўзал ва мафтункор табиатли Бойсунида камолга етганлар. Тақдир бўлмаса биз учрашармидик, танишармидик, бир-биримизга кўнгил қўярмидик. Айтганингиздай, бу ҳам бизга Яратганнинг чиройли туҳфаси.

1968 йилда мен Тошкент давлат университетининг журналистика факультетининг рус гуруҳига ўқишга кирганман. Биринчи йили бир-биримизни танимаганмиз. У пайтлари талабаларни сентябрь ойидан то янги йилгача, деярли 4 ойлаб пахтага олиб кетишарди. Усмон ака билан пахта йиғим-терими палласида, пахта далаларида танишганмиз. Ўша пайтлари бу киши 3-курсда, мен 2-курсда ўқирдик, ёшликнинг жуда ажойиб, бетакрор паллалари эди. Иккаламиз ҳам адабиёт, шеърият ихлосманди эдик. Адабиёт бизни яқинлаштирди, қалбимизни танитди. Бир-биримизни бир сўз билан тушунадиган дўст, ҳамфикр бўлдик, суҳбатларимиз адабиёт, шеърият ҳақида бўлар эди. Тўғриси, иккаламиз мамлакатимизнинг икки бурчидан эканимиз, оилада ёлғиз фарзанд бўлганим учун турмуш қуришимиз мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман, шу сабабли таклифларини рад қилганман. Чунки ёлғиз онам­ни ташлаб кетолмасдим. Аммо бу киши бир сўзли, қиламан деган ишини қиладиган, бошлаган ишини, албатта, охирига етказадиган инсон. Улар университетни тугатаётганларида ҳарбий кафедрадан курсидаги йигитларни 2 йилга Германияга ҳарбий хизматга жўнатадиган бўлишган. Ўшанда менинг олдимга келиб, «Раъно, менга турмушга чиқинг. Биз ўн йил қийналиб яшаймиз, аммо ундан кейин ҳамма нарсамиз бўлади», деганлар. Дарҳақиқат, ўн йилгача турли қийинчиликларни бошдан кечирган бўлсак ҳам, қизиғи, худди айтган муддатларида ҳамма нарсага эга бўлганмиз: уй, машина, ҳаттоки, Грузияга бориб, биринчи ўринни олиб, Маяковкий номидаги давлат мукофотини ва катта маб­лағни қўлга киритиб, бутуниттифоқ лауреати бўлиб келганлар. Шу маб­лағ ҳам бизнинг анча иқтисодий муаммоларимизни ҳал қилишимизга кўмак бўлган.

– Устоз ҳақиқатан ёшликларида келажак режаларини қатъий белгилаб олган, уларнинг рўёби учун астойдил ҳаракат қиладиган бир сўзли йигит эканлар-да. Лекин оилада онангиз билан ёлғиз яшаганингизни айтдингиз. Ягона фарзандини сурхондарёлик йигитга узатишлари осон бўлмагандир?

– Бу саволингизга жавоб беришдан олдин сизни оилавий муҳитим билан таништиришим лозим. Ота-онам жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган, ҳаётда фаол инсонлар бўлишган. Отам Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эдилар, урушдан қайтгач, Тўрақўрғон тумани иқтисодиёт бўлими бошлиғи бўлиб ишлаганлар. Онам уруш пайти 24 ёшларида колхоз раиси бўлганлар, эркаклар урушга кетган пайтда зўр ғайрат билан колхозни кўтарганлари, режаларни орттириб бажарганлари беиз қолмаган – кейинчалик район комсомол комитети раҳбари, Фарғона вилоят обком комсомолнинг иккинчи секретари, комсомол МКда инструктор лавозимларида ишлаганлар. Жуда фидойи, зиёли кишилар бўлишган. Мен ана шундай билимли, зиёли одамларнинг фарзанди бўлиб, шундай руҳда камол топдим. Онамни юртимизнинг энг қолоқ ҳудудларининг иқтисодини кўтариш учун раҳбарлик лавозимига ишга юборишарди. Олдинига ачам, яъни момом, улар дунёдан ўтгач, татар аёли уйимизда яшаб, менга қараганлар, рўзғор ишларини ҳам шу аёлдан ўрганганман.

Тўғрисини айт­ганда, мен қийинчилик кўрмасдан улғайганман. Рус боғчасига борганман ва рус мактабида ўқиганман. Ана шундай шароитда ўсган қизга Усмон ака совчи қўйдилар. У кишининг оналари, тоғалари Сурхондарёдан Наманганга совчи бўлиб келишган. Онам тўйга розилик берган-у, ёлғиз фарзанди бўлганим учун бир шарт қўйганлар – тўй Наманганда бўлади. Бир пайтлар урф бўлган «комсомол тўйи» Тўрақўрғонда илк бор бизнинг хонадонимизда бўлган, келин-куёвнинг машиналарини безатиб, стол-стулларда даврани кенг олиб, тўй қилишган.

– Ёш шоир Усмон Азим қандай хислатларга эга эдики, у билан ўз келажагингизни бахтли кўра олдингиз?

– Жуда билимли, жиддий, тўғрисўз, ҳалол, ҳаракатчан, қатъиятли йигит эдилар. Менга энг ёққан хислати – келажак мақсадлари аниқлиги, қиламан деган ишини қила олиши эди. Бундай инсонлар аро йўлда қолмайди, ҳамиша ҳар қандай муаммога чора топади. Бунинг устига адабиётга, ҳаётга қарашимизда жуда яқинлик бор эди.

– Бўлғуси турмуш ўртоғингизнинг оиласи ҳақида бирон маълумотга эгамидингиз?

– Муҳаббатнинг дўстликдан бош­ланганининг афзал томони шуки, икки дўстнинг орасида сир бўлмайди, бир-биридан ҳеч нарсани яширмайди, борини борича айтади. Биз ҳам шундай эдик. Усмон ака беш нафар фарзанднинг кенжаси бўлганлар. Раҳматли қайнотам – мулла Азим ҳам диний, ҳам дун­ё­вий билимга эга бўлиб, банкда ишлаган эканлар. Уруш йиллари ёшлари улуғ бўлгани учун урушга олиб кетишмаган-у, аммо совуқ ўлкаларга меҳнат фронтига юборишган. Булар оилада уч қиз ва икки ўғил бўлиб, Усмон ака энг кичиги бўлганлар.

Усмон ака уч ёшларида отасидан етим қолганини афсус ва армон билан айтадилар. Бир бурда нон топиш амри маҳол бўлган пайтлари беш нафар фарзандни боқиш, камолга етказиш, шу билан бирга укаларига ҳам қараш масъулияти уй бекаси бўлган онаизорнинг зиммасига тушган. Қисқаси, болалар не қийинчилик бўлса тотиб кўришган. 7-синфда ўқиётган Усмон акани мактаб-интернатга беришга мажбур бўлишган. Ўша пайтлари Эркин Аъзам билан дўстлашган ва бунинг ўзи бир тарих. Ота-боболаримиз бойлик нени дедирмас, очлик нени едирмас, деб билиб айтишган. Аммо қайнонам жуда ақлли, фаросатли, ўқимасдан уққан, тадбирли аёллардан бўлган эканларки, болаларини оёққа турғизганлар. Шу билан бирга, замон қанчалик оғир бўлмасин, уларни олий маълумотли қилганлар. Ўғиллари Самарқандда, қизлари Термизда, Усмон ака Тошкентда ўқиганлар. Катта қайн­опам раҳматли София опа оқила аёл эдилар. Чучук опа ҳокимиятда ишлаганлар, мактаб директори бўлиб фаолият юритганлар, ҳозир 84 ёшда кексалик гаштини сур­аяптилар. Акалари Ҳаким ака агроном бўлиб ишлаганлар. Саида опам ҳам бир олам, бир жаҳон аёл эдилар. Уларга бағишлаб ёзган «Бойчечак» номли шеър­лари бор: «Бойчечагим бойланди, қозон тўла айрондир» сатрлари билан бошланадиган шеър. Усмон ака ҳам мактаб-интернатни тугатгач, Самарқанд давлат университетининг филология факультетига ўқишга топшириб, кириш имтиҳонларидан ўтолмагач, кейинги йили ўқиш учун Тошкентга келган эканлар.

– Шоирнинг ёшлик йиллари ҳақида яна нималарни биласиз?

– Булар жуда юпун кийинган, балки қорни тўйиб таом емагандир, аммо жуда тиришқоқ, зеҳни ўткир, синф­нинг, ҳатто мактабнинг энг аълочи ўқувчиси бўлган эканлар. Математика ва физикани жуда яхши ўзлаштиргани учун ўқитувчилари келажакда зўр математик бўлишини башорат қилишган. Аммо бу киши ич-ичидан адабиётга меҳр қўйганлар. 9-синф­­да ўқиётган паллаларида туман газетасида илк шеъри чоп этилган экан. Кейинчалик Тошкентда талабалик бизни учраштирди. Мени ҳалигача ҳайратлантирадигани – бу кишининг зеҳни жуда кучлилиги. Ёшлигида барча шеърларини ёддан ўқирдилар. Бунинг устига билимлари жуда кучли: ҳар бир соҳани яхши биладилар, десам муболаға бўлмайди.

– Зеҳни ўткирлиги ҳаётдаги муваффақиятларининг гарови бўлган, дейиш мумкинми?

– Маълум маънода бўлган бўлиши мумкин. Аммо ҳар бир муваффақиятнинг тагида катта меҳнат ётади. Инсон билими, зеҳнини фойдали ишга йўналтирмаса, қобилиятини ривож­лантирмаса, истеъдодини юксалтирмаса ҳамма нарса бир-бир сўниб бораверади. Бу кишида ижодкорга Аллоҳ томонидан берилган қобилият билан бирга ўз-ўзига талабчанлик жуда кучли. Шоир учун на вақтнинг, на замоннинг фарқи бор: изланиш, ўрганиш, ижоддан бир зум тўхтамайдилар. Муҳими, мажбурият юзасидан эмас, роҳатланиб, завқланиб ижод қиладилар.

– Раъно опа, яна ўша олис ёшлик йилларига қайтсак. Даврлар силсиласининг энг оғир йилларида ёш оиланинг, оилабошининг Сурхон воҳасидан мамлакат марказига келиб яшаши, ижод қилиши ҳақида тўхталсангиз.

– Тўйимиздан бир ярим ойча вақт ўтгач, бу киши Германияга ҳарбий хизматга жўнаб кетдилар, мен охирги курсда ўқиганим учун ўқишимни давом эттирдим. Орадан вақт ўтиб ўғилли бўлганлиги ҳақидаги хушхабарни почта хизмати орқали етказдик. Ўшанда бутун ҳарбий қисмига зиёфат берган эканлар. Ҳарбий отпуск олиб, ўғлини кўргани келганлар. У пайтда мен ўқишни тугатиб, «Наманганская правда» газетасида ишлардим. Ҳарбий хизматни тугатгач, бу киши Тошкентга келиб, республика радиосида эшиттиришлар тайёрлаб, қалам ҳақи олардилар. Усмон акани Тошкентда доимий яшаш жойлари, яъни «прописка»лари бўлмагани учун маълум пайт ишга олишмаган.

Ишга кирганларидан кейин Тошкентда яшаш шароити ҳаминқадар ижара уйда яшай бошладик. Биз шу ижара уйда ҳам жуда бахтли эдик. У ерда ҳамиша Рауф Парфи, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Собит Мадалиев, Нодир Норматов, Миразиз Аъзам каби ўнлаб ёш ижодкор дўстларимиз жам бўлишар, суҳбатлар, баҳри-байтлар, баҳслар, шеърият кечалари тонг­­га уланарди. Ҳаётимиз жуда файзли ва қизиқарли эди. Ўша кунларни жуда соғинаман. Одамларни на молу давлат, на мансаб қизиқтирарди. Ҳамма қорни тўйса бас, бунинг устига меҳмон кутишдек дабдабалар ҳам бўлмасди, оддийгина кундалик дастурхонимиз ёзиларди. Лекин деярли ҳар куни меҳмон бўлар, улар илҳом ишқида келишар, бир-бирига янги ижод намуналарини ўқиб беришар, буларникидан ҳам баҳраманд бўлиш учун ошиқишарди. Меҳр-оқибат кучли, одамларнинг ҳам бағри кенг эди.

– Турмуш ўртоғингиз иқтисодий муаммоларни енгиш, шоир сифатида элга танилиш учун қай даражада саъй-ҳаракатлар қилганлар, унга кимлар елкадош бўлган?

– Булар армиядан келгач, Шуҳрат домланинг эьтиборига тушганлар, у киши қўллаб-қувватлаб, ёш ижодкорга «Оқ йўл» тилаган устозлардан бири. Биз аввалига қалам ҳақи билан яшаганмиз, кейинчалик ўғлим мактабга борадиган пайтда Юнусободнинг 14-даҳасида уй билан таъминланган ёш ижодкорлар қаторида биз ҳам бўлганмиз. Икки хонали уйимиз биз учун нақ жаннат каби эди: ана шунда мен ҳақиқий бахтнинг таъмини тотганман. Ҳаётимизнинг энг унутилмас, роҳатбахш паллалари эди бу.

– Усмон Азим ўзбек адабиётининг улуғ намояндаларидан ҳисобланади. Сиз умр йўлдоши сифатида у кишининг қиёфасига қандай чизгилар бера оласиз?

– У киши жуда олижаноб, ростгўй, ҳалол инсон. Ўзлари ҳам шундай кишиларни яхши кўрадилар. Бахиллик, ичиқоралик каби иллатларга эга одамларни ёқтирмайдилар. Яна энг яхши фазилатларидан бири – кек сақламайдилар. Ҳатто, аразлашган дўстларини «У сен ҳақингда роса яхши фикрлар айтди» деб, яраштириб ҳам қўядилар. Яхши асар жону дили бўлгани каби яхши, истеъдодли ижодкорларни ҳурмат қиладилар, яхши кўрадилар. Қўл учида ёзилган асарларга ижод маҳсули деб қарамайдилар. Ҳамиша ўз устида ишлашни канда қилмайди. Бугунги мавқеига етиши, халқ эътиборига тушишлари меҳнаткашликлари туфайли, деб айта оламан.

– Ижодкор оиладаги камчиликлар, болаларнинг ўқиши, касал-соғи, муаммолари, уй ишларига ҳам қарашармидилар?

– Мен бу масалаларни ўз зиммамга олганман. У кишининг кучли истеъдоди бор – айтар сўзи бор. Мен буни теран англайман. Шунинг учун ҳамиша бу кишининг ижод қилишлари учун шароит яратиб беришга интилганман. Болаларим кичиклигидан отаси ижод қилаётганда жимлик сақлашга ўргатганман ва уларда қоғозга ҳурмат уйғотганман. Бир парча қоғозни ҳам йиртиш, ташлаб юбориш мумкин эмас, чунки у даданг учун муҳим бўлиши мумкин, дея уқтирганман.

– Усмон Азимнинг оилада сизга, яъни рафиқасига муносабати кандай? У кишининг меҳрини нималарда ҳис қиласиз?

– Оила – муқаддас даргоҳ. Унда барча оилалардаги каби турли тушунмовчиликлар ҳам бўлиши мумкин, албатта. Аммо у киши ҳар доим ҳурматимни жойига қўядилар. Ҳар бир ҳаракатларида, ҳатто сўзлаш оҳангларида ҳам меҳрини, яхши кўришини ҳис қилиб тураман. Шеърлари орасида менга бағишланганлари бор. Рес­публика матбуотида эълон қилинган биринчи шеър­лари ҳам менга бағиш­лаб ёзилган. Бу шеър ҳарбий хизматда эканликларида «Шарқ юлдузи» журналида босилган «Мен сени ҳеч кимга бермайман» шеъридир. Бундай шеърлари талайгина. У киши ҳар бир фикр­имни эътиборга оладилар. Доимо мени «Илоҳим умринг узоқ бўлсин, доим ёнимда бўлгин!» деб дуо қилиб юрадилар. Аёл кишига бундан бош­­қа нима керак?!

– Халқнинг ардоқли ижодкори фарзандларига, уларнинг камолотига қандай қараганлар?

– Жуда эътиборлилар, деб айтишим мумкин. Бир мисол: ҳали репититордан сабоқ олиш урф бўлмаган пайтларда, яъни болаларимиз кичкиналигидаёқ уйимизга муаллима келиб, уларга инглиз тилидан дарс берарди. Бугун фарзандларимизнинг ҳар бир ютуғи бизни қувонтиради. Улуғбек иқтисодчи (изоҳ: интервью олинганда Улуғбек ҳаёт эди, у 2023 йил 1 февралида вафот этди – xabar.uz), Назокат ижодкор, Шодия тарихчи. Ҳар бири ўз соҳасининг билимдони. Фарзандларимиз қандай ютуққа эришган бўлса ўз билимлари, меҳнатлари билан эришишади, биз фалончининг фарзандимиз, дейишмайди.

– Раъно опа, сиз нафақат рафиқа, она, шу билан бирга моҳир таржимон сифатида ҳам китобхонлар ҳурматини қозонгансиз. Турмуш ўртоғингизнинг асарларини ҳам таржима қилганмисиз?

– Мен халқимизнинг ардоқли ёзувчи ва шоирларининг бир қанча асарларини рус китобхонларига ўз тилида ўқишлари учун таржима қилиб, тақдим этишга озми-кўпми ҳиссамни қўшишга ҳаракат қилаяпман. Таржималарим орасидан Шукур Холмирзаев, Анвар Обиджон, Хайриддин Султонов, Эркин Аъзам каби халқимизнинг севимли ижодкорларининг асарлари ўрин олган. Уларнинг асарлари менинг таржимамда собиқ иттифоқ журналларида, нашриётларида чоп этилган. Бундан ташқари, Амир Темур ҳаёти ҳақидаги китобларни, диний адабиётларни – Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқнинг китобларини таржима қилганман. Шулар қаторида Усмон аканинг ҳам бир қатор эсселари, драматик асарлари, ҳикоялари ва шеърлари ҳам бор.

– Шоир нималарга қизиқадилар, хоббилари нима? Баъзида уй юмушларига ёрдамлашиш лозим бўлганида улардан қандай кўмак олишингиз мумкин?

– Футболни жуда яхши кўрадилар. Футболга тааллуқли барча маълумот бу кишининг олтин сандиғида, яъни хотирасида бор. Ҳатто бир гал шарҳловчилик ҳам қилганлар. Дунёнинг машҳур спортчиларини бирма-бир санаб бера оладилар. Бир гал Туркия саё­ҳатига борганимизда бўйи узун бир спортчини кўриб қолиб, «Сиз машҳур баскетболчи Владимир Сальниковмисиз?» деб сўрадилар. Иккаласи оға-ини каби гаплашиб, спортчилар ҳаёти ва фаолияти ҳақида суҳбатлашиб кетсалар, денг. У киши «Сен спортчимисан ёки тренермисан?» деган ҳайратланиб.

– Устоз раҳбарлик лавозимида, масъул вазифаларда, яъни Республика Президент Девонида Давлат маслаҳатчиси вазифасида ҳам ишлаганлар. Ўша вақтлари уларнинг одамларга, оиласига муносабати ўзгарганми?

– Йўқ, асло ўзгармаган. Ўша-ўша ҳазилкаш, самимий ва қатъиятли инсонлигича қолганлар. Чунки бу киши собит характерга эга инсон, ҳамиша қатъиятли ва меҳнаткаш. Ҳар доим ўзига топширилган ҳар бир ишни чин дилдан бажаришга одатланганлар. У ерда ҳам шундай бўлган. Шунинг учун қисқа муддат ичида оддий ходимдан давлат маслаҳатчиси даражасига кўтаришган.

– Инсонни ортда қолган йиллар камолот чўққисига етказади, баъзида ўзгартиради ҳам. Кимдир кенгфеъл, фақат эзгуликка ошно, вақтини савобли ишларга сарфлагувчи, кимдир… Устоз айни улуғлик мақомида, ижодий камолот палласидалар. Бу ёшда улар қай томонга ўзгарганлар, қандай машғулотлар у кишига кўпроқ завқ бағишлайди?

– Илгари жуда дангалчи эдилар, ҳозир аксинча. Савияси паст асар, истеъдодсиз ижодкорнинг асарини юзма-юз ҳам, йиғилишларда ҳам кескин танқид қилар эдилар. Ҳозир ҳам бундай асарни ҳазм қила олмайдилар, аммо кўнглига тегмасдан тушунтириш йўлини топадилар. Одамлар қалбига озор бермасликка, уларни аяшга ҳаракат қиладилар.

Усмон ака ҳар доимгидай шу кунларда ҳам ижодга шўнғиганлар, китоб ўқишдан бош кўтармаяптилар. У киши саёҳатни яхши кўрадилар. Кўп­лаб мамлакатларда бўлганлар. Хитой, Грузия, Арманистон, Германия, араб мамлакатларига ижодий сафарларга борганлар. Иккаламиз бирга Озарбайжонга, Туркияга борганмиз. Насиб қилса, яқинда яна сафарга чиқиш иштиёқидамиз.

– Шоирнинг илк ўқувчиси ким, яъни ижод маҳсулини кимга ўқитишни одат қилганлар?

– Яхши шеьр ёки бошқа асар ёзсалар, ўзларига маъқул бўлса дарҳол чақириб, ўқийдилар. Болаларимиз келиб қолишса уларга, шогирдларига ўқиб берадилар.

– Усмон Азим ижодида қайси йиллар туб бурилиш палласи бўлган, деб ҳисоблайсиз?

– У киши ижод майдонига кириб келибдиларки, бир хил шиддат ва шижоат билан ижод қилиб келаяптилар. Шу билан бирга ҳамиша, ҳар бир асари китобхонларнинг энг севимли асари бўлиб келаётир. Шоирнинг бугунги кунда прозага ўтиши, драматургияга қўл уриши, киносценарийнавис сифатида фаолият олиб бориши, барча йўналишда мукаммал асар ярата олиши – бу унинг нақадар мукаммаллик, етук­лик даражасини кўрсатади.

– Шоир, драматург, киносценарийнавис ва носир Усмон Азимнинг келгуси режалари ҳақида нима дея оласиз? Айни етуклик палласидаги устознинг қалбига армон туйғуси бегона бўлса керак-а?

– Усмон ака ҳали-ҳануз бир зум ҳам ижоддан тўхтамаганлар, бошлаб қўйган асарларини тугатиш, янгиларини бошлаш илинжида тиниб-тинчимайдилар. Мен эса уларга ижод қилишлари учун имконият яратиб беришни ўз вазифам деб биламан. Кўриб, гувоҳи бўлганингиздек, хонадонимизда пашша учса билинадиган даражада сокинлик ҳукм суради. Бу шароитни у кишининг ижод қилишлари учун яратганмиз. Мен аёли сифатида уларнинг ош-овқати, кийим-боши, уйнинг саранжом-саришталигини таъминлайман. Чунки, англайманки, бу кишидай истеъдод эгаси юз йилда бир марта дунё­га келадими-йўқми, номаълум. Шоир жуда истеъдодли, билимли инсон, унинг қалбидаги дуру гавҳарларини одамларга, китобхонларга қанчалик кўп ва хўп етказишга ҳисса қўшиш менинг келажак авлод олдидаги бурчим, деб биламан.

Армони бор, деб ўйламайман, чунки Аллоҳга шукр, чиройли яшаяпмиз, фарзандларимиз ҳам ақлли, эсли-ҳушли, ҳаётда ўз ўринларини топишди. Адабиётда ҳам нимагадир эришдим, деб хурсанд бўлиб гапирганларини, шукрона айтганларини кўп эшитаман.  

– Халқ эътибори ва эътирофидаги, эҳтиромидаги инсон билан умргузаронлик қилар экансиз, ортда қолган умр йўлларингизга боқиб, кўнглингиздан нималар кечади?

– Мен ўзимни энг бахтли инсон бўлсам керак, деб ўйлайман. Ота-онам мен учун барча шароитни яратишган. Турмуш ўртоғим ҳам ҳамиша мени қадр­лайдилар, ишларимдан фахрланиб юрадилар.

– Аёлга бахтли бўлиши учун нималар керак?

– Аёл бахтли бўлиши учун, аввало, сабрли бўлиши, ўз устида доимий ишлаши, ўзини яхши кўриши керак. Ўзини яхши кўрмаган аёл бош­қани ҳам яхши кўра олмайди, қадрига етмайди. Ўзини яхши кўрган, қадрлаган одам, аввало, хонадонини покиза, ўзини озода сақлайди, ҳам қалбан, ҳам жисман чиройли бўлишга ҳаракат қилади, пок бўлиши, оилага ёлғон аралаштирмаслиги, илм олишдан, изланишдан, ривожланишдан тўхтамаслиги, бир жойда қотиб қолмаслиги керак.

– Раъно опа, аввало самимий суҳбатингиз, шоир, шеъру шуур ҳақидаги холис фикрларингиз учун ташаккур. Сиз билан суҳбатлашар эканман, дилимдан шундай фикрлар ўтди: аслида сиз каби гўзал хулқли, оқила ва олима аёли бор шоир бахтлидир.

Саодат Матёқуб қизи суҳбатлашди.
(«Adolat» газетасидан)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг