Чопон кийган Даниел, юлдузларни жамлаган Самарқанд
Самарқандга охирги марта 2 йил олдин боргандим. Шаҳарнинг бой тарихи, қадимий обидаларини кўрган инсон худдики вақт ортга қайтиб ўтмишга тушиб қолгандек бўлади. Йилдан йилга шаҳарни кўриш учун келаётган хорижликлар сони ҳам ортиб бормоқда. Эндиликда юртдошларимиз ва сайёҳлар учун яна бир ажойиб маскан пайдо бўлган – Самарқандда ташкил этилган «Боқий шаҳар» мажмуаси ҳақиқатан меҳмон кутадиган жой бўлибди.
«Боқий шаҳар»да Ўзбекистон замини ва халқларининг тарихи ва анъаналари билан танишиш мумкин бўлган ҳақиқий қадимий шаҳар қад ростлаган. Тор кўчаларда рассомлар, ҳунармандлар ва дурадгорларнинг дўконлари жойлашган ва бу ерда сиз гўзал шарқона эртак муҳитига шўнғийсиз. Фируза гумбазлар, сарой деворларидаги мозаикалар ва осмон қадар миноралар.
2 октябр куни ушбу мажмуада «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда 400 га яқин киноижодкорлар, актёр ва актрисалар, режиссёр ва кинооператорлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунос олимлар қатнашди.
Тантанали маросимга дунё таниган юлдузларнинг ташрифи унинг моҳиятини янада оширди. Ўсмирлик вақтимда кинода кўриб, ҳаётда ҳам учратаман деб ўйламаган юлдузларим билан юзма-юз бўлдим. Айниқса бир актёрнинг фильмдаги абжирлиги, топқирлиги, машинани моҳирона бошқариши, Марсел полицияси доим уни радарлар билан таъқиб қилишини яхши эсласангиз керак. Гап ким ҳақида кетаётганини топдингиз, албатта! Сами Насери – франциялик машҳур актёр, дунёга «Такси» фильми билан танилган юлдуз.
Шаҳар сув бўйида бўлганлиги сабабли тунги вақтда анча салқин тушиб қолди. Меҳмонлар совқотмасликлари учун ўзбекча миллий чопонлар тарқатилди. Бу ўзбекона либосдан «Етти», «Американча гўзаллик» фильмлари билан танилган америкалик Кевин Спейси ҳам бебаҳра қолмади.
Таъкидлаш лозим, мен ҳам журналист сифатида иштирок этган 5 кунлик кинофестиваль анча кўтаринки руҳда ўткди. Маросим якунида Марказий Осиё фильмлари танлови ғолиблари эълон қилинди. Унга кўра Тожикистоннинг «Фортуна» фильми Фестиваль дирекциясининг махсус совринига, қозоғистонлик режиссёр Максим Акбаровнинг «Саҳро» кинокартинаси энг яхши дебют номинацияларига лойиқ кўрилди.
Энг яхши актёр Дастан Айбек «Шувоқ ҳиди», энг яхши актриса Талаайкан Абазова «Эсимда», энг яхши режиссёр эса Дархон Тулегенов («Ака-укалар» фильми) деб топилди. Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти Адилхан Эржановнинг «Адемоканинг сабоғи» фильмига насиб этди. Энг яхши фильм номинациясига ўзбекистонлик режиссёр Шокир Холиқовнинг «Якшанба» фильми лойиқ кўрилди.
Жавоҳир Алиқулов
Тошкент - Самарқанд
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter