Дилором Омонуллаева 66 ёшида вафот этди

Ўзбек санъатида катта йўқотиш. Бугун устоз ижодкор, таниқли композитор, Ўзбекистон санъат арбоби Дилором Омонуллаева 66 ёшида бу оламни тарк этди.
Дилором Омонуллаева 1959 йил 1 октябр санасида Тошкентда мусиқачилар оиласида туғилган. Дилоромнинг қалбига она аллалари билан бирга мусиқий мўъжизалар кириб келди. Қобилиятли қизча Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида фортепиано синфи бўйича ўқий бошлади. 12 ёшида эса профессор Борис Зейдман синфида композициядан ҳам қўшимча сабоқ олди.
Илк асарлари орасида торли оркестр, урма чолғулар ва фортепиано учун беш сюитаси миллий симфоник оркестри томонидан ижро этилди ва муваффақият қозонди.
Дилором Омонуллаева 1978 йили мактабни муваффақиятли битириб, Тошкент Давлат консерваториясининг композиторлик факултетида профессор Борис Зейдман синфида ўқишни давом эттирди, композитор Румил Вилданов синфида ўқишни имтиёзли диплом билан битирди.
Дилором Омонуллаева 1984–1986 йилларда йўлланма билан Гулистон санъат билим юртида мусиқа фанларидан дарс беришни бошлади. 1986–1990 йилларда консерваторияда профессор Тўлқин Қурбонов синфида асисстентурани битирди. 1993 йилдан Успенский номидаги махсус мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади.
Дилором Омонуллаева замонавий эстрада йўналишида У.Азим, Э.Обидов, Н.Нарзуллаев. З.Мўминова, Ҳ.Худойбердиева ва бошқаларнинг шеърларига мусиқа басталади, турли мавзуларда 100 дан ортиқ қўшиқлар яратди: «Сиз ёққансиз менга ҳамиша», «Ёмғир ёғди», «Саратон», «Сен қайдасан», «Икки дарахт», «Азизим», «Йиғлама», «Ёлғон дунё» ва бошқалар. 1997 йили Усмон Азим шеърига «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали мадҳиясини яратди.
Дилором Омонуллаева «Дўстлик» ордени билан тақдирланган, «Офарин» мукофоти соҳиби, «Ўзбекистон — Ватаним маним» ва бошқа танловлар совриндори.
«Xabar.uz» устоз бастакорнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter