Фитратнинг шубҳалари

1928 йилда Умар Ҳайём таваллудига 880 йил тўлиши айни бизнинг ҳудудда мустамлакачиларнинг динга, диндорларга қарши ташвиқот кучайтирилган даврига тўғри келган. Ана шундай мафкуравий босимлар натижасида, табиийки, Ҳайём динга қарши курашувчи тимсол эди гўё. Хўш, аслида-чи?..
Фитрат жадид зиёлиси ва нафақат шарқ, балки Европа илму фанидан хабардор шахс сифатида буни яхши билар, аммо Ҳайёмнинг илмий, ижодий фаолиятини тадқиқ қилиш асносида қаҳрамонимизни даҳрий бўлган деб ҳам, диндор сўфий деб ҳам айтолмасди. Бироқ у Ҳайём ҳаётини ўзидаги бор манбаларни чуқур тадқиқ қилган ҳолда ўрганиб чиқади:
«Ҳайёмга нисбатан берилғон рубоийларнинг ҳаммасини кўриб чиққан кишилар унинг ҳақида турли қарорлар берадилар. Шароб, май мажлисларини, ичкиликни махтаб бу қадар рубоийлар ёзғанини кўрганлар унинг оддий бир сархуш (пияниста) деб қарор чиқарадилар.
Баъзи одамлар Ҳайёмнинг сўфийлардан эканига ишониб, унинг шеърларидаги «май», «базм», «қадаҳ» каби сўзларни сўфийлик истилоҳлари билан изоҳ қилмоқчи бўладилар.
Ҳайёмнинг учинчи хил мухлислари борки, уни ўзининг муҳитидан яшаган жамиятнинг ҳар турли таъсирларидан юқори турган бир доҳий деб биладилар. Уни милодий XI асрдаги Шарқ жамиятларининг кишиси эмас, XX асрдаги Оврўпа жамиятларининг одами каби қабул қиладилар. Бизнинг фикримизча, Ҳайём ҳақида берилган шу уч турли қимматда ҳам бир турли ифрот-тафрит (ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш) борлиғи аниқдир».
Шундан сўнг Фитрат Ҳайёмнинг эътиқоди, маслагини қуйидагича ифодалашга уринади:
«Ҳайём сарой табиби бўлған, замонининг одил ҳайъатшуноси, файласуфи, риёзийси бўлған. Тақвимни энг тўғри ислоҳ қилган, илми ҳайъатға жуда катта нуфуз ва фаолият билан иштирок этган. Ҳукмдорларнинг иш соатларини белгиловчи мунажжим саналған. Бундай бир одамнинг доимий мастлик билан (пиянисталик билан) машғул бўлуб қолиши ҳақиқатдан, албатта, узоқдир.
Ҳайёмни сўфий гумон қилиб, унинг майни «Худонинг ишқи» деб изоҳ қилиши эса, биринчи фикрдан ҳам узоқроқ, янглишроқдир. Ҳайёмнинг рубоийлари орасида шундайлари борки, тасаввуф асосларини улар билан келиштиришнинг имкони йўқ. Бундан бошқа Ҳайём билан, бизга кўра кўбрак таниш бўлған эски ва ишончли манбаълар унинг тасаввуф маслагида бўлмағанини очиқ суратда кўрсатмакдадирлар...
Ҳайёмни мутасввиф деганлар унинг баъзи бир фикрларининг тасавввуф қарашлариға мос келганидан шубҳага тушганлар. Унинг баъзи нуқталарда сўфийлар билан бирлашгани, бошқа-бошқа уяларга бормоқ учун ҳавода учиб юрган икки қушнинг йўл орасида бирлашиб, яна айрилишларига ўхшайдир. Ҳақиқатда эса, Ҳайёмнинг бориб тўхтаған нуқта сўфийларнинг бориб тўхтаған нуқталариға бутунлай қаршудир.
Учинчи даъво, яъни Хайёмни ичида яшағани жамиятнинг ҳар турли таъсиридан озод, ўз жамиятидан таъсирланишдан жудаям юқорида турган бир мустасно одам қилиб кўрсатиш ҳам тўғри эмас. Жамиятдан, муҳитдан бир турли таъсирланмаған, мансуб бўлган синфнинг талабларидан бир қисмиға жавоб беришни ўз устига олмаган бир адибнинг, бир адабиётнинг бўлуви мумкин эмас. Бизнинг фикримизча ҳам, Ҳайём доҳийдир, аммо санъат доҳийсидир».
Фитрат фикрига шуни қўшимча қилиш мумкинки, Ҳайём ҳажга бориб исломнинг бешинчи шартини бажарган эътиқодли исломий шахс, вафотидан олдинроқ Самарқанд ва Бухорога келиб имом Бухорий ва бошқа қадамжоларни зиёрат қилган мусулмон бандаси эканини айтмоқ керак. Хўш, унда Ҳайёмга нисбат бериладиган баъзи даҳриёна рубойлар-чи?
Фитрат бу рубоийларга шубҳа билан қарайди:
«Рубойида кўбрак шоирнинг тахаллуси кирмай қоладир. Мана шунинг учун Ҳайём рубойилариға бир кўб ёт рубойилар ҳам қўшилиб қолғон. Унда-бунда Ҳайёмга нисбатан берилғон рубойиларнинг сонини 5 мингтагача чиқариш мумкин.
Шарқда тош босмада босилғон баъзи «Умар Ҳайём» нусхаларида мингдан ортиқ рубойи бор. Ҳолбуки, буларнинг ҳаммасини Умар Ҳайём рубойилари деб қабул қилиш мумкин бўлмайди. Мусташриқлар дунёси Умар Ҳайёмнинг асл рубойиларини ёт рубойилардан ажратиш учун турли йўллар билан тиришиб анча мувффақият қозонди. Бугун асл Умар Ҳайём рубойилари 250–300дан ортуқ бўлмаса керак, деган фикрни кўпчилик қабул этмакдадир. Лекин 250–300 саналган бу асл рубойиларни аниқлаб, «мана» деб кўрсатиш йўлида кўрилган чораларнинг ҳеч биртаси қаноатланарлиқ эмасдир».
Тўғри, 1928-1929 йиллардаги вазиятда, яъни шўро ҳукумати томонидан динга, диндорларга қарши кураш кетаётган, худосизлар жамияти ташкил этилган, атеистик журналлар, газеталар чоп этилиб, бундай ғоялар кенг тарғиб қилинган пайтда Фитрат Умар Хайёмни диндор, исломий шахс бўлган, дея баралла ёзолмасди. Аммо унинг юқоридаги тарзда шубҳа билан қараши ҳам ўз даврида катта жасорат эди.
Маълумки, шарқда бир тахаллус билан бир нечта шоир ижод қилган. Масалан, Хуросоннинг Сабзавор, Қум, Кошон, Карбало шаҳарлари ва бошқа жойлик Мулло Навоий Хуросоний, Бобосултон Навоий, Мулло Шамсуддин Муҳаммад Навоий, Мирмуҳаммад Шариф Навоий, Пирзода Навбаҳорий Навоий, Мирзо Муҳаммад Тақий Навоийлар Навоий тахаллуси билан ижод этишгандир.
Ёки Жомий тахаллуси билан XII асрда яшаган Аҳмади Жомий, Нишопурда яшаган Хўжа Қутбиддин Аҳё Жомий, Ҳиротда истиқомат қилган Мавлоно Муҳаммад Жомий, Ҳиндистонда умргузаронлик қилган Жалолиддин Жомий, XVII асрда Бухорода шуҳрат қозонган Жомий Ҳисорий, қоратегинлик Камолиддин Жомий Соқий ҳамда Жомий Соқий, Жомий Лоҳурий, Жомий Ардабилий, Жомий Гилоний ҳамда Абдураҳмон Жомийлар номи тарихдан маълум.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак ва Фитрат ёзган Ҳайёмнинг саройда мунажжим, астроном, математик, файласуф, табиб бўлган алломанинг, бунинг устига ҳажга борган эътиқодли инсоннинг даҳриёна рубоийлар ёзмагани ойдинлашади. Бундай рубоийларни балки Ҳайём тахаллусидаги бошқа бир шахс (балки шахслар) ёзгандир, деган тахмин ўртага чиқади.
Ахир Фитрат 1929 йилдаёқ «асл Ҳайём рубойиларига бошқа рубойилари аралашиб қолганини» тахмин қилганди-ку?! Қолаверса, Қутбиддин Маъсуд Шерозий томонидан ёзилган «Туҳфат уш-шомия», Низомий Арузийнинг «Чаҳор мақола», Шайх Нажмиддин Розийнинг «Мирсод ул-ибод», Авфийнинг «Лубоб ул-албоб» асарларида Умар Хайём шоир сифатида эмас, табиб, астроном ва бошқа соҳаларда фаолият кўрсатган олим сифатида таъкидланади.
Низомий Арузий «Чаҳор мақола» асарида «Мен Балхда бир куни Ғуломон кўчасида амир зиёратида улуғ ҳаким Умар Ҳайём суҳбатига мушарраф бўлгандим, қувноқ суҳбат асносида устод дедилар: «Ўлганимдан кейин мени дарахтлар ва гуллар ўсган жойга кўмишади, навбаҳор кунлари ёқимли шабада мевали дарахтлар гулини, атигулларнинг баргини қабрим устига сепиб туради» (яъни, унга нисбат бериб айтилган рубоийдагидек,
«Шундай ичайинки, ўлсам ул шароб
Ҳиди мозоримдан чиқсин бурқираб.
Хумори ўртаса қабрим бошидан
Иси элитсину айласин хароб
каби ёки:
Мен ўлсам, май бирла ювишни кўзланг,
Йўқловда жом бирла шаробдан сўзланг.
Қиёмат кунида топмоқ бўлсангиз,
Майхона тупроғин тубидан изланг»
каби шаккокона, даҳриёна васият қилмаган, суҳбатига бундай демаган – У.Б).
«Йигирма тўрт йил ўтгандан кейин мен Нишопурга бориб қолдим. Хайёмнинг вафотини эшитгач, бу буюк инсоннинг хокини зиёрат қилиш ниятида унинг қабрини кўрсатишларини сўрадим. Мени Хайрия қабристонига олиб келдилар, кўз олдимда боғ девори ёнида қийғос гуллаган ўрик ва нок дарахтлари тагида гул япроқларига кўмилган қабр намоён бўлди, гуллар шунчалик кўп эдики, қабр зўрға кўринарди. Мен Балхда айтилган гапларни эсладим ва кўзимдан дув ёш келди. Бу кўҳна дунёнинг сарҳадларини кезиб, унга ўхшаш табаррук инсонни учратмадим».
Яъни, Хайём билан суҳбатдош бўлган Арузий уни шоир эмас, ҳаким деб билган ва ҳурмат қилган.
Хуллас, замондошлари ва илк ўрта асрларда уни шоир деб билишмаган.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter